Фото: Marie Claire
Май—июнь серсув, қип-қизил тотли қулупнай пишиб етилган вақт. Унинг қанчалик мазали эканлигини ўзингиз яхши биласиз. Биз мутахассислар ва диетологлар билан бирга унинг бошқа фойдали хусусиятларига тўхталмоқчимиз, деб ёзади Marie Claire нашри.
Қулупнай хотирани яхшилайди
Сўнгги тадқиқотларга кўра, қулупнай истеъмол қилиш миянинг қариш жараёнини секинлаштиради, яъни унинг функсионал муддатини узайтиради, бу бизга узоқ вақт давомида ақл-идрок ва кучли хотирани сақлашга имкон беради. Қизиғи шуки, ҳар куни қулупнай истеъмол қилиш қисқа муддатли хотирани яхшилашини исботловчи тадқиқот ҳам мавжуд. Сўнгги воқеаларни эслаб қолиш қобилиятининг ёмонлашиши Альцгеймер касаллигининг бошланиши билан боғлиқлигини ҳисобга олганда жуда муҳимдир.
Қулупнай кўриш қобилиятини оширади
Қулупнай нафақат хотира, балки кўриш қобилияти учун ҳам фойдалидир. Кўпгина тадқиқотлар шуни тасдиқлайдики, қулупнайни ҳар куни истеъмол қилиш кўз пардаси касалликлари, катаракта, кўзларнинг қуруқлашиши, прогрессив кўрлик ва бошқа муаммоларнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Резаворларнинг ноёб биокимёвий таркиби нафақат кўришнинг бузилишига олиб келадиган кўплаб касалликларнинг пайдо бўлишининг олдини олади, балки мавжуд касалликларни ҳам прогрессив даволашга ёрдам беради.
Қулупнай антиоксидантларга бой
Антиоксидантлар организмни эрта қаришдан ва жиддий касалликлардан ҳимоя қилади. Олимларнинг таъкидлашича, қулупнай таркибида кўп миқдорда фенолик бирикмалар — антиоксидант хусусиятларга эга бўлган биофлавоноидлар мавжуд. Қулупнайни ҳар куни истеъмол қилиш организмнинг турли ташқи зарарли таъсирига қарши туриш қобилиятини ошириши исботланган. Битта муҳим нюанс — меванинг ранги қанчалик тўқ қизил бўлса, шунчалик антиоксидантларга бойдир.
Қулупнай эллагик кислота манбайи ҳисобланади
Эллагик кислота — ҳужайра циклининг регулятори бўлиб, у кўпинча мева, ёнғоқ ва резаворлар экстрактларида учрайди. Ушбу модда саратон ҳужайралари мутациясини тўхтата олгани туфайли анча машҳур. Эллагик кислота миқдори бўйича барча маҳсулотлар орасида қулупнай учинчи ўринни эгаллайди. Шунингдек, бу модда яллиғланишга қарши таъсирга эга, иммунитетни мустаҳкамлайди.
Фото: Marie Claire
Қулупнайда C витамини миқдори кўп
C витамини ёки аскорбин кислотанинг асосий манбалари лимон ва апельсин эканлиги маълум. Айни пайтда қулупнай ҳам бу моддага бой мевадир. Бир ҳовуч қулупнайда битта апельсиндан кўра кўпроқ C витамини мавжуд. Шуни ёдда тутиш керакки, фақат иссиқхонада эмас, балки қуёш нури остида ўстирилган, етилиб пишган қулупнайда шундай таркиб бўлади. Энг қизиғи, бу витамин музлатилган қулупнайда янги узилганида бўлгани каби деярли бир хил миқдорда сақланиб қолади. Аммо мураббо ва консерваланган қулупнайда юқори ҳарорат сабаб витамин йўқолади.
Қулупнай саратон касаллигининг олдини олади
Бугунги кунда саратон ва унинг олдини олиш усулларини ўрганиш учун ҳар йили юзлаб тадқиқотлар олиб борилади. Улардан баъзилари маълум озиқ-овқатларни мунтазам истеъмол қилиш саратон ривожланиш эҳтимолини камайтиришга ёрдам беришини кўрсатади. Бу рўйхатга қулупнай меваси киритилган. C витамини, эллагик кислота, антосиянин, каэмпферол ва бошқа фойдали моддаларнинг юқори концентрацияси туфайли ушбу “berry” саратоннинг айрим шаклларини ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Қулупнайнинг бу хусусиятини тасдиқловчи сўнгги тадқиқотлар орасида Огайо университети саратон тадқиқот марказининг хулосаси бор.
Фото: Marie Claire
Қулупнай қоматга ижобий таъсир қилади
Биринчидан, ширин қулупнай паст калорияли ҳисобланади. 100 граммда атиги 33 килокалория бор. Иккинчидан, у паст глисемик индексга эга, яъни у ёғларнинг организмда тўпланиб қолишини олдини олади. Учинчидан, унинг таркибида ёғни эритувчи моддалар мавжуд. Баъзи маълумотларга кўра, танланган диетанинг самарадорлиги унга кунлик қулупнай истеъмолини киритганларда 24 фоизга ошади. Қулупнай таркибида кўп бўлган антосиянин бу вазифани бажаради.
Қулупнай қонда қанд миқдорини нормаллаштиради
Қулупнай қандли диабетга чалинганлар ейиши мумкин бўлган ширин мевалардан биридир. Ҳар томонлама ноёб таркиби, шунингдек, юқори даражадаги фитонутриэнтлар туфайли у қондаги қанд миқдорининг кескин ошишига ҳисса қўшмайди. Бундан ташқари, унинг сўрилишини секинлаштиради. Шу сабабли диабет ривожланиш хавфи юқори бўлган одамлар учун ҳам тавсия этилади.
Қулупнай юракка фойда
Ушбу меванинг кўплаб юрак-қон томир касалликларининг пайдо бўлиш ва ривожланиш хавфини камайтириши исботланган. Юқорида баён этилганидек, қулупнай турли хил витаминлар ва антиоксидантларга бой. Пишган резаворларда магний ва калий ҳам учрайди. Иккаласи қон босимини нормаллаштиришда, шунингдек, суюқликнинг турғунлигидан ҳосил бўладиган шишнинг олдини олади.
Аллергияга мойил инсонларга қулупнай тавсия этилади
Ажабланарлиси шуки, бундай баҳсли мева ҳар хил турдаги аллергия билан оғриган одамлар учун тавсия этилганидир. Йиллар мобайнида шу каби муаммоларга дуч келганлар етилиб пишган, хушбўй, хуштаъм мевадан узоқроқ туриши керакми? Йўқ, ноёб биокимёвий таркиби туфайли қулупнай яллиғланишни ва аллергия билан боғлиқ айрим биокимёвий реакцияларни бостиради.
Бундан ташқари, қулупнай бўлғуси оналарга ҳам тавсия этилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агар аёл ҳомиладорлик пайтида қулупнай истеъмол қилса, болада қулупнайга нисбатан аллергия ривожланиш хавфи минимал бўлади. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
“Ўзгидромет” дам олиш кунлари қандай об-ҳаво бўлишини маълум қилди
Комил Алламжоновга суиқасдда гумонланиб 5 киши қамоққа олинди