Япония ҳукумати крипто ЭТФ ва иенага боғланган стейблкоинларни қўллаб-қувватламоқда

Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партияси (ЛДП) аъзолари мамлакатнинг криптовалюта солиқ тизимини ислоҳ қилиш ҳамда иена валютасига боғланган стейблкоинларни ривожлантириш ташаббуси билан чиқди. Нада Невс хабарига кўра, блокчейн технологияларини ривожлантириш бўйича парламент ассоциацияси молия вазири Сатсуки Катаямага махсус тавсиянома тақдим этган. Ҳужжатда стейблкоинлар, биржа инвестиция фондлари (ЭТФ), марказий банк рақамли валюталари (КБДК) ва блокчейн иловаларини жорий этиш масалалари ўрин олган. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
Тавсияномада чакана крипто деривативлари савдоси учун левераж лимитини икки баравар ошириш ва рақамли активларга боғланган ЭТФ фондлари учун ҳуқуқий асос яратиш таклиф қилинган. Молия вазири Катаяма ушбу таклифларга жавобан, Япония глобал ўзгаришлардан ортда қолмаслиги кераклигини таъкидлаб, АҚШдаги крипто қонунчилиги ва тизимларини мисол қилиб келтирди. ЛДП аъзоси Жуничи Канда эса Осиё бўйлаб он-чаин молия тизимини кенгайтириш, жумладан, иена стейблкоинларини оммалаштириш зарурлигини қайд этди.
Ушбу ташаббус Япония ҳукумати крипто активларни тўлов воситаси эмас, балки молиявий восита сифатида таснифлашга рухсат берганидан икки ой ўтиб эълон қилинди. Мамлакатнинг Молиявий хизматлар агентлиги (ФСА) ҳам крипто ЭТФ фондларига рухсат бериш учун тартибга солиш тизимига ўзгартиришлар киритишни режалаштирмоқда. Ҳозирда глобал стейблкоин бозори 320 миллиард долларни ташкил этиб, унда асосан УСДга боғланган токенлар ҳукмронлик қилмоқда.
Халқаро ҳисоб-китоблар банки (БИС) маълумотларига кўра, иена стейблкоинларининг бозор капиталлашуви долларга боғланган тангаларнинг 0,01 фоизидан ҳам камроқни ташкил этади. Шу билан бирга, АҚШда тартибга солувчилар босими остида қолган Полймаркет прогнозлар платформаси 2030-йилга қадар Япония бозорига кириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бироқ, мамлакатдаги қимор ўйинларига оид қатъий қонунлар ушбу компания учун жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!