Эрталаб уйқудан барвақт уйғониш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Айниқса, одам уйқуга кеч ётганда, буни уддалаш мушкул. Ўзи нима учун эрта туриш керак? Бу шунчалик муҳимми? Одамлар ўз ишлари, кун тартибларига кўра эрталаб қачон уйқудан туришни ўзлари ҳал қилса бўлмайдими? Бўлади. Аслида ҳам кўпчилик шундай қилади. Лекин эрта туриш зарур бўла туриб, буни эплай олмайдиганлар ҳам бор. Кеч туриши оқибатида ишга, ўқишга кеч қолиб, раҳбариятдан дакки эшитиб юрадиганлар қанча орамизда?! Биз бу ерда айни шу мавзу атрофида фикр юритмоқчимиз. Эрта туришнинг қандай ҳикмати ва фойдалари бор ва бунга қандай эришиш мумкин каби саволларга ушбу мақолада жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Эрта туришнинг фойдалари
Эрта туришнинг фойдалари кўп. Масалан, сиз ҳар куни эрталаб соат 7:00 да уйқудан турасиз. Тасаввур қилинг, сиз шуни бир соат олдинга сурдингиз. Энди еттида эмас, олтида туряпсиз. Ҳар куни уйқуда ўтадиган умрингизнинг бир соати реал жонли ҳаётингизга қўшилади. Бир соат ичида одам кўп иш бажара олади. Масалан, 60 дақиқада 100 саҳифагача китоб ўқиш мумкин. Ҳар куни эрталаб бир соатдан мутолаа қилинса, уч кунда катта бир китобни ўқиб битириш мумкин. Барвақт туриш ҳисобига қўлга киритилган вақт ҳисоб-китоб қилинганда эса, ойда ўттиз соат, бир йилда 360 соат фойдали вақтга эга бўласиз. Бу дегани, нақд 15 кунни тежаб қоласиз. Ўҳҳў, бу кунлардан самарали фойдалансангиз борми… 15 кунни худди кўз-юмиб очгунча муддатда ўтиб кетадиган уйқу билан барбод қилган яхшими ёки унумлироқ бирор машғулот билан банд бўлиб, умрингизни яна ярим ойга узайтирганингиз маъқулми? Албатта, ақлли киши иккинчисини танлайди.
Руҳшунослар инсонларни биоритмларига кўра «тўрғай» (эрталаб бемалол вақтли уйғониб, ишга киришиб кета оладиган, лекин фаоллиги тушгача давом этиб, кейин аста-секин сўниб борадиган одамлар тоифаси) ва «бойқуш»ларга (эрталаб уйғона олмайдиган, тушгача ишга кириша олмай, фақат тушдан сўнггина иш бошлаб, то кейинги куннинг саҳаригача фаол ҳаракатда бўладиган инсонлар) ажратсаларда, бу аслида шартли таснифлашдир. Лекин, бу таснифда ҳам жон бор. Ҳар икки тоифага мансуб одамлар атрофимизда кўп.
Хўш, «бойқуш»ни «тўрғай»га айлантирса бўладими? Йўғе, иккаласи икки хил дунёку, дейишингиз мумкин
Ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда ашаддий «бойқуш» ҳам азонлаб уйғонишга мослаша олар экан, деган хулосага келдим. Тажрибам қуйидагича эди:
Ҳар куни эрталаб соат 9 10да уйғониб, ярим кечаси 1 2 га қадар, баъзан саҳар 3 4 гача ўтирар эдим. Энг маҳсулдор вақтларим ҳам тушликдан кейинги пайтга тўғри келарди. Бундай одат иши кўп бўлмаган кишилар учун яхшидир, лекин вақт тайзиқи остида турганлар учун жуда унумсиз ва ёмон одат эканлигини ва азонлаб туриш билан шахсий муваффақият орасида кучли боғлиқлик борлигини англаб етганимдан сўнг, барвақт туришга аҳд қилдим. Уйқудан олдин қўнғироқни соат тонгги 5.00 га қўйдим. Ва эртаси куни тушликдан сал олдин уйғондим…
Ва бу ҳол анча вақт давом этди. Эрталаблари қўнғироқ чалиниши билан калламга келган биринчи фикр, шу қўнғироқнинг бонги ўчсаю, яна озгина ухлаб олсам, деган ўй бўларди. Ва ярим-автоматик равишда қўнғироқни ўчириб, яна ширин уйқуга кетардим. «Тақдир эмас экан» деб, эски одатимни давом эттириб юрган пайтимда бир куни Стив Павлинанинг «Қандай эрта туриш мумкин?» деган мақоласига дуч келиб қолдим. Ва шундан сўнг мен учун янги ҳаёт бошланди…
Мақоланинг қисқача мазмуни қуйидагича:
Уйқу бўйича иккита ёндашув бор. Кўп инсонлар вақтли турмоқчи бўлса, вақтли ухлашга ҳаракат қилади. Уйқуси келмаса ҳам шунинг ҳаракатида бўлади. Иккинчи нуқтаи назар шуки, инсоннинг организми қачон ва қанча ухлаш кераклигини ўзи билади. Ушбу ёндашувга кўра, уйқу келгандагина ухлаш керак ва бунда уйқуга тўйганингиздан сўнг қўнғироқсиз ҳам ўзингиз уйғона оласиз. Стив Павлина бу икки ёндашувни бирлаштирган ҳолда шундай дейди: уйқингиз келса, дарҳол ухланг, лекин ҳар куни эрталаб аниқ бир вақтда туринг. Кечаси кеч уйқуга ётган бўлишингизга қарамай, эрталаб белгилаган вақтингизда туришга ҳаракат қилинг. Айтайлик, тунги ўн икки-бирларгача ухлай олмадингиз. Қўнғироқни эса тонгги соат бешга қўйгансиз. Нима қилиб бўлсада, ўша белгиланган вақтда туришга ҳаракат қилинг. Эртасига кундузи чарчасангиз ҳам сабр қилиб кунингизни ўтказинг. Бир-икки кун шундай давом этса, қарабсизки, бундан буён кечқурун соат 21 22 ларда автоматик тарзда “нокаут” бўласиз — ўчасиз. Чунки вужудингизнинг ўзи унга қанча уйқу кераклигини билади ва сизни вақти бўлганда «ўчириб қўяди». Агар ҳар куни соат эрталаб 5да тураман деб ўзингизга ваъда берсангиз ва шунга ҳеч қандай муросасиз амал қилиб келсангиз, танангиз ярим кечгача ўтира олмай, сизни барвақт уйқу элтади. Чунки у эрталаб соат бешда туриш кераклигини билади ва ухлаб дам олмаса, эртаси ўзига қийин бўлишини яхши фаҳмлайди. Шундай давом этсангиз, 3 4 кундан кейин кеч ётиш одатингиз ўрнига эрта ётиб, эрта туриш кўникмаси ҳосил бўлади. 30 кун давомида шу одатга адашмай риоя қилинг. Сўнг у сиз билан бутун умрга қолади, қон-қонингизга сингиб кетади.
Барвақт туришда бир нечта муҳим нуқтага эътибор бериш керак. Агар уйқу дорига ўрганиб қолган бўлсангиз, аввало, ундан воз кечиш лозим. Чунки у инсоннинг табиий ва меъёрий уйқусига салбий таъсир қилади. Кечқурун қаҳва ичишга ўрганган бўлсангиз, белгиланган вақтда уйқунгиз келмаса ҳам, ўз ўрнингизга ётишга одатланинг. Иложи борича соат кечки олти-еттидан сўнг тўйиб овқатланманг. Еганингиз барибир ҳазм бўлмайди, ошқозонингизда парчаланмайди. Овқатингиз озуқадан кўра заҳарга айланади. Яхши ухлай олмайсиз, токсикоз натижасида эса эрталаб нохуш туйғулар билан уйғонасиз ва бу ҳолат кунлик кайфиятингизга салбий таъсир қилади.
Агар қўнғироқ бонг уриши билан ўрнингиздан тура олмасангиз, бу шахсий интизомингиз сустлигидан далолат беради. Интизом мускулга ўхшайди. Мускулни қанчалик кўп ишлатсангиз, у шунчалик кучли бўлади. Кучли интизом ва ирода эса вақт талаб этади. Биринчи марта қийин бўлади, иккинчиси ҳам. Лекин мунтазам давом этсангиз, борган сари енгиллашаверади.
Агар қўнғироқ овозини эшитиб ҳам ўрнингиздан туришга иродангиз етмаса, телефонингизни ёқимсиз ва баланд товушли қўнғироққа мослаб, уни қўлингиз етмайдиган олис ёки баланд жойга қўйинг. Эрталаб унинг овозидан қутилиш учун ўрнингиздан туришга ва юриб бориб қўнғироқни ўчиришга мажбур бўласиз. Натижада мия мушаклари фаоллашиб, ўзингизга келасиз ва барвақт туришингиз лозимлиги ҳақидаги зарурат ёдингизга тушади.
Нега эрта туриш керак?
Саҳар туришни ният қилишдан олдин юқоридаги саволга жавоб топишингиз керак. Сиз нима учун эрта турмоқчисиз? Кимдир ибодат қилиш учун, кимдир ишга кеч қолмаслик учун, яна кимдир эрталаб дарс тайёрлаш ёки бадантарбия билан шуғулланиш учун барвақт туришга интилади. Айниқса, олий ўқув юртига киришга тайёрланаётган абитуриентлар учун эрта туриш жуда муҳимдир. Ҳеч қандай иши бўлмаган одам учун ҳам эрта туриш зарар қилмайди. Ҳаким зотлар, эрта туриш инсоннинг ризқини кўпайтиради, деганлар. Дарҳақиқат, эрта турган одамнинг вақтида барака бўлади. Кайфиятнинг кўтаринки, руҳан тетик бўлишнинг сири ҳам уйқудан эрта уйғонишда. Шунинг учун эрта туришнинг зарурати ва фойдалари ҳақида олдиндан аниқ тўхтамга эга бўлиш керак. Чунки эрталаб туриб, нима билан шуғулланишни билмайдиган, аниқ режаси йўқ инсонда яна уйқуга кетиб қолиш эҳтимоли юқори бўлади.
Ўзингиз ўйлаб кўринг, одатдаги кунингиздан ҳатто 30 дақиқа вақтли турсангиз ҳам бу ҳар куни бадантарбия билан шуғулланишингиз ёки бир ойда 3 4 та китоб ўқишингиз учун кифоя қиладиган қўшимча ва қимматли вақт бўлади. Одамлар вақт етишмаслигидан нольийдиган бугунги тиғиз дунёда ҳам режадаги ишларга улгуришнинг энг самарали йўли бу эрта туришдир. Энди тасаввур қилинг, 30 дақиқа эмас, 2 3 соат вақтлироқ туришга одатландингиз. Масалан, уйқудан 7:00да эмас, 04:00 да турасиз. Бу бир йилда 1116 соат бўлиб, 10 йилда деярли бутун бир йиллик умр сизнинг ихтиёрингизга берилади. Эрталаб туришда нафақат жисмоний, балки руҳий фойдалар ҳам жуда кўп. Эрта турган одамда ҳаётга муҳаббат, ўзига ишониш каби муҳим туйғулар кучли бўлади. Қолаверса, узоқ умр кўрувчиларнинг аксарияти эрта туришга одатланган одамлар бўлгани ҳам илмий ҳақиқатдир.
Эрта туриш оқибатида уйқунинг камайишидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Мутахассислар катта одамлар учун бир кунда 5 6 соат ухлаш кифоя қилишини таъкидлашади. Демак, кеч соат 24:00да ухлаган одам эрталаб 5:00да уйғонса, кам ухлаганидан нольимаса ҳам бўлади. Албатта, уйқуни 6 7 соатга узайтирган афзал. Бу миқдорда ухлаш, айрим мутахассислар ваҳима қилганидек, организм учун зарарли даражадаги кам уйқу эмас, балки меъёр эканлиги ишончли илмий тажрибалар орқали исботланган. Аксинча, кўп хасталикларнинг меъёрдан ортиқ ухлаш ва кун чиққунча ётоқда ётишдан келиб чиқиши ҳам фанда бор гап.
Шундай экан, сиз ҳам барвақт туришга одатланинг. Агар буни эплай олмаётган бўлсангиз, биз юқорида тилга олган усулларни қўллаб кўринг. Барвақт туришнинг фойдаларини кўргач, қилган ишингизга ачинмайсиз. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Республикада бўлиши номақбул деб топилган шахсларнинг рўйхати шакллантирилади