13:27 / 18.11.2016
13 943

Инсон умрининг моҳияти ҳақидаги асар

Инсон умрининг моҳияти ҳақидаги асар

Инсон умрининг моҳияти нимада ва бу дунёга келиб-кетишимиздан қандай маъно бор? Буюк рус адиби Лев Толстойнинг “Иқрорнома” асарида айни шу саволга жавоб изланади. Шунингдек, “Иқрорнома” бахт ва бахтсизлик чегарасини аниқ белгилаб берган асар сифатида ҳам қадрли.

Муаллиф мазкур асарини 51 ёшида ёза бошлаган, аммо ундаги фикрлар 20 ёшиданоқ миясида ғужғон ўйнаган. Бу инсон қисмати, унинг ҳаёт фалсафаси ҳақидаги теран фикрларнинг узоқ йиллик мазмуни. Мана, улардан айримлари.

Агар дунёдаги ҳамма одамлар қандайдир назарияларга амал қилиб, дунё яратилганидан бери шуни зарур деб ҳисоблаб келган эканлар, мен биламанки, бу керак эмас, бу ёмон иш. Шунинг учун нима яхшию нима зарур эканини одамларнинг гап-сўзларию қилиқлари эмас, тараққиёт эмас, балки мен юрагимнинг амрига кўра белгилайман.

***

Ҳар гал қалбимдаги энг яхши майлларимни, яъни маънавий жиҳатдан яхши бўлмоқчи эканимни намойиш қилсам, мени мазах қилишар ва нафрат билдиришарди; ёмон эҳтиросларга бериладиган бўлсам, ҳар гал мени мақташар ва рағбатлантирар эдилар.

***

Одамзод дарди бедаво бир дардга чалинадиган бўлса, одатда шундай бўлади. Аввалига хасталикнинг арзимас белгилари намоён бўлади. Бемор уларга эътибор бермайди. Кейин бу белгилар такрор-такрор учрайверади ва бора-бора бўлинмайдиган, битта яхлит дардга айланади. Дард кучайгандан-кучаяди ва бемор бирор тадорикни кўриб улгурмай англайдики, у оддий хасталик деб қабул қилган нарса унинг учун дунёдаги энг муҳим нарса экан.

***

Агар мен бир ўрмонда истиқомат қилсаму шу ўрмондан чиқиб кетадиган йўл йўқ эканини билсам, яшайверишим мумкин эди. Бироқ мен ўрмонда адашиб қолган бир кимса эдим. У адашганини билиб, янада таҳликага тушади, ҳар томонга бош уриб, йўлни топиб олгиси келади, ҳар бир қадами уни янада чалғитаётганини яхши билади, бироқ шунга қарамай, ўзини ҳар ёнга уришдан тўхтата олмайди.

***

Ҳамма нарса ривожланади, таркибий қисмларга ажралади, мураккаблашиш ва мукаммаллашиш сари боради. Бу ҳаракатни белгилаб турувчи қонунлар бор. Сен – бутуннинг бир қисмисан. Имкони борича бутунни билсанг, ривожланиш қонунини билсанг, шу билан сен шу бутунликдаги ўз ўрнингни ҳам билган бўласан.

***

Фалсафа нафақат бу саволга жавоб бермайди, балки ўзи ҳам қўшилишиб сўрайди. Агар у чинакамига фалсафа бўладиган бўлса, унинг бутун иши шундан иборат бўлмоғи керакки, у шу масалани аниқ-тиниқ қўймоғи керак. Агар у ўз вазифасига қаттиқ риоя қиладиган бўлса, “мен нимаман ва бутун дунё нима?” деган саволга “ҳамма нарса ва ҳеч нарса” деб, “дунё нечун мавжуд ва мен нимага яшаяпман?” деган саволга “билмайман” деб жавоб беришдан ўзга иложи бўлмас эди.

***

Агар менинг тафаккурим бўлмаса, мен учун ҳаёт ҳам бўлмас эди. Аммо тафаккурнинг ўзи, ақлнинг ўзи ҳаётнинг ижодкори бўлса, у қандай қилиб, нечук ҳаётни инкор этади. Ёки бошқа томондан олиб кўрайлик: агар ҳаёт бўлмаса эди, менинг тафаккурим, ақлим ҳам бўлмас эди. Бинобарин, ақл — ҳаётнинг фарзанди экан-да! Ҳаёт — ҳамма нарса. Ақл ҳаётнинг самараси ва шу ақл ҳаётнинг ўзини инкор этади.

***

Агар у бирон нарсани билмаса, билмаган нарсасини бемаъни, ахмоқона нарса деб атайди.

***

Иймон ҳаётнинг қудратидир. Инсон яшар экан, у бирор нарсага ишонади, иймон келтиради. Агар у “нима учундир яшамоқ керак” деб бирон нарсага ишонмаса, иймон келтирмаса, унда у яшамас эди. Агар у чекланган нарсани кўрмаса ва унинг хаёлий бир нарса эканини англамаса, у ана шу чекланган нарсага ишонарди; агар у чекланган нарсанинг хаёлий эканини англаса, унда у чексиз нарсага ишонмоғи керак. Иймонсиз яшаб бўлмайди.

***

Англадимки, агар мен ҳаётни ва унинг маъносини англамоқчи бўлсам, мен текинхўрга хос ҳаёт кечирмоғим керак эмас, балки чинакам ҳаёт қўйнида яшамоғим зарур, ҳақиқий инсоният бу ҳаётга қандай маъно бераётган бўлса, шу маънони қабул қилиб, шу ҳаётга сингиб кетмоғим ва уни текшириб кўрмоғим шарт.

***

Одамлар чинакамига ишонган нимаики бўлса, у ҳақиқат бўлмоғи керак; у ҳар хил йўсинда ифодаланмоғи мумкин, бироқ у ёлғон бўлмоғи мумкин эмас, шунинг учун ҳам мабодо у менга ёлғон бўлиб туюлса, бунинг маъноси шундан иборатки, уни мен англамабман.

***

Дарҳақиқат, қуш шундай ҳаёт кечирадики, у учмоғи, овқат жамғармоғи, ин қурмоғи керак. Қуш шундай қилаётганини кўрсам қушдан хурсанд бўламан. Эчки, қуён, бўри шундай ҳаёт кечиришадики, улар қоринларини тўйғазиши, оилаларини боқишлари керак. Уларнинг шундай қилаётганларини кўрсам, мен қатъиян ишонаманки, улар бахтиёр ва уларнинг ҳаёти оқилона. Хўш, инсон нима қилмоғи керак? У ҳам худди жониворлар қилган ишларни қилиб ҳаёт кечирмоғи керак, фақат фарқ шундаки, бу ишларни инсон ёлғиз ўзи қилса, у муқаррар тарзда ҳалок бўлади, у фақат ўзи учун эмас, ҳамма учун қилмоғи зарур. У ҳамма учун бу ишларни қилаётганини кўрсам, мен қатъиян ишонаманки, у бахтиёр ва унинг ҳаёти оқилона.

Замира РЎЗИЕВА тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Инсон умрининг моҳияти ҳақидаги асар