Айдахо университети олимлари организмнинг қариш жараёнини табиий йўл билан секинлаштириш мумкинлигини исботлашди. Уларнинг сўзларига кўра, фақат учта зираворни мунтазам истеъмол қилиш инсон ҳужайраларини ёш ва фаол ҳолда ушлаб туради.
Nutrients журналида чоп этилган тадқиқот натижаларига кўра, бу “сеҳрли учлик” — долчин, чиннигул ва қалампирдир. Олимлар ушбу зираворлар юрак фаолиятини мустаҳкамлаш, яллиғланишни камайтириш ва ҳужайраларни зарарланишдан ҳимоя қилиш қобилиятига эга эканини аниқлашди.
Мутахассисларнинг фикрича, бу таъсирнинг асосий сабаби зираворлар таркибидаги полифенол моддаларида. Улар кучли антиоксидант сифатида ишлаб, ҳужайраларни оксидловчи стрессдан ҳимоя қилади, яллиғланиш жараёнларини пасайтиради ва қаришга олиб келувчи озиқ моддалар мувозанатини барқарорлаштиради.
Айниқса, долчин ва чиннигул нафақат хушбўйлиги, балки соғлиқ учун беқиёс фойдаси билан ажралиб туради. Улар юрак-қон томир тизимини соғломлаштиради, қондаги шакар даражасини барқарорлаштиради ва метаболизмни фаоллаштиради. Қалампир эса қон айланишни кучайтириб, яллиғланишга қарши табиий муҳофаза ҳосил қилади.
Тадқиқотда 212 нафар катта ёшли иштирокчи иштирок этди. Улардан 27 турдаги зираворни истеъмол қилиш частотаси ҳақида сўровнома олинган. Натижада, иштирокчилар ойига ўртача 680 мг полифенолни фақат зираворлар орқали қабул қилгани маълум бўлди. Бу умумий антиоксидант миқдорининг тахминан 12 фоизини ташкил этган.
Энг катта фойда айнан долчин, чиннигул ва қалампирдаги фаол бирикмалар ҳисобига кузатилган. Улар бошқа зираворларга қараганда ҳужайраларни тезроқ тиклайди ва қаришга қарши таъсирни кучайтиради.
Олимлар энди диетологлар ҳам ушбу маълумотларни инобатга олиши кераклигини таъкидламоқда. Чунки зираворлар инсон рационидаги антиоксидант манбасининг муҳим қисми бўлиши мумкин. Улар овқатнинг калориясини оширмаган ҳолда унинг биологик қийматини кўпайтириб, соғлом ҳаёт тарзи учун табиий қўшимча вазифасини бажаради.
Шундай қилиб, оддий таомларга қўшиладиган долчин, чиннигул ва қалампир нафақат маза, балки ёшликни узайтиришнинг табиий калитига айланиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!