Кўпчилик йиллар давомида инглиз тилини ўрганса-да, сўзлашишда қийналиш ҳолатига дуч келади. “Тушунаман, лекин гапира олмайман” деган вазият деярли ҳаммага таниш. Баъзан муаммо билим етишмаслигида эмас, балки ўрганиш жараёнидаги одатларда бўлади. Қуйида тилни ривожлантиришга тўсқинлик қиладиган беш зарарли одат ҳақида сўз боради.
1. Фақат пассив тарзда ўрганиш
Фақат сериал кўриш ёки китоб ўқиш билан тил ривожланмайди. Билим фаол ҳолатга ўтмаса, у фақат хотирада қолади. Ҳайдовчилик қоидаларини ўқиб, ҳеч қачон машинани бошқармаган каби.
Ечим: инглиз тилида аудио ёзинг, қисқа матнлар тузинг, видеоларни ўз сўзларингиз билан қайта гапиринг.
2. Хатодан қўрқиб гапирмаслик
Кўпчилик хато қилишдан қўрқади ва сукут сақлайди. Лекин гапирмасанг, нутқ ривожланмайди.
Ечим: хатоларни табиий деб қабул қилинг, интернет орқали мулоқот қилинг, Shadowing усули билан фильмлар диалогини такрорланг.
3. Мунтазамлик йўқлиги
Оралиқ билан ўқиш билимни мустаҳкамламайди. Бир неча кунлик танаффус ҳар гал “қайтадан бошлаш”ни талаб қилади.
Ечим: ҳар куни камида 15 дақиқа шуғулланинг, интервалли такрорлаш усулидан фойдаланинг.
4. Кўп манбаларга чалғиш
Бир вақтда ўнлаб иловалар ва дарсликлар билан ишлаш фойдасиз. Эътибор бир нуқтада жамланмаса, натижа бўлмайди.
Ечим: битта асосий ресурсни танланг, бошқаларни фақат ёрдамчи сифатида қўлланг.
5. Заиф томонларни четлаб ўтиш
Фақат енгил мавзулар билан ишлаш сизни ўрта даражада ушлаб туради. Қийин грамматика ёки талаффузни четлаб ўтсангиз, тўсиқ сақланаверади.
Ечим: тестлар орқали заиф томонларни аниқланг, айнан ўша соҳалар устида ишланг.
Инглиз тилини самарали ўрганиш учун фаол гапириш, мунтазам машқ қилиш ва хатолардан қўрқмаслик — энг муҳим омиллардир. Энг асосийси — барқарорлик ва сабр.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!