
Юрак касалликлари бугунги кунда бутун дунё бўйлаб ўлимнинг етакчи сабаби бўлиб қолмоқда. Аммо сўнгги ярим аср ичида бу борада сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилди. Яқинда АҚШда ўтказилган илмий тадқиқотга кўра, 25 ёшдан катта аҳолининг юрак хуружидан ўлиш ҳолатлари 90% га камайган. Бу эса замонавий тиббиётнинг юрак хасталикларини аниқлаш, даволаш ва олдини олишдаги ютуқларини кўрсатади.
Юрак хуружидан тирик қолиш осонлашди, аммо соғлом яшаш эса ҳануз муаммо
Станфорд университети олимлари олиб борган мазкур тадқиқотда айтилишича, 1970 йилларда юрак хуружи юрак билан боғлиқ ўлимларнинг ярмидан кўпини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 29% атрофида. Бу натижа юрак инфарктини даволашда замонавий технологиялар, тез тиббий ёрдам ва профилактиканинг ролини кўрсатади.
Аммо бу ижобий янгиликнинг салбий томони ҳам мавжуд. Тадқиқотга кўра, юрак етишмовчилиги, юрак ритмидаги бузилишлар (масалан, аритмия) ва юқори қон босими билан боғлиқ юрак касалликларидан ўлим ҳолатлари кескин ошган — умумий ҳисобда 81% га. Аритмия ҳолатлари бўйича ўлимлар эса 450% га кўтарилган.
Юрак хуружидан омон қолган одамлар ҳам кўпинча ҳаёт сифатининг пасайиши, доимий дори қабул қилиш, нафас қисиши ва бошқа асоратлар билан юзлашмоқда.
“Яшаш бир масала, соғлом яшаш эса бошқа масала,” — дейди юрак саломатлиги бўйича мутахассис доктор Эндрю Фриман.
Касалликлар ортишига нима сабаб?
Тадқиқотчилар юрак касалликлари билан боғлиқ ўлимларнинг баъзиларининг ортишини бир неча омиллар билан изоҳлайди:
▪️Семириш: 1970 йилда семириш даражаси 15% бўлган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 40% га етган.
▪️Қандли диабет,
▪️Қон босими: Юқори қон босими 1978 йилдаги 30% дан, ҳозир 50% гача ошган.
▪️Жисмоний ҳаракатсизлик, нотўғри овқатланиш, стресс.
Ушбу омиллар Ўзбекистонда ҳам долзарб. Сўнгги йилларда юртимизда ҳам семириш, диабет, гипертония ҳолатлари ортиб бормоқда. Овқатланишдаги мувозанатсизлик, жисмоний фаолиятнинг етишмаслиги ва стресс юрак саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Олдини олиш — болаликдан бошланиши керак
Станфорд университети профессори Лата Паланиаппан шундай дейди:
“Юрак касалликлари йўқ бўлиб кетгани йўқ. Биз энди одамларни юрак соғлиғини сақлаб, узоқ ва сифатли ҳаёт кечиришга йўналтиришимиз керак. Бунинг учун профилактика болаликдан бошланиши зарур.”
Бу фикр, айниқса, Ўзбекистон шароитида долзарб аҳамиятга эга. Соғлом овқатланиш маданияти, мактаб ёшидан жисмоний фаоллик, тиббий кўриклар юрак касалликларининг олдини олишда муҳим воситалардир. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар