08:56 / 22.04.2017
12 640

Сизни йиғлатадиган аччиқ ҳақиқат ёки Бухорийни тилингизга олманг, ҲАҚҚИНГИЗ ЙЎҚ!

Сизни йиғлатадиган аччиқ ҳақиқат ёки Бухорийни тилингизга олманг, ҲАҚҚИНГИЗ ЙЎҚ!
Мен ўзим ўқиб уч ерида йиғлаб юбордим… Ё ростдан таъсирли ё умр адоғида кўнгли бўш бўлиб қоляпман. Карим Бахриев

Аждодларимиз билан оғзимизни тўлдириб мақтанаверибмиз-у, уларга муносиб авлод бўлиш эса хаёлимизга ҳам келмабди. Нақадар худбинмиз.

УЗУК ВОҚEАСИ

Қуйида бир неча кишилардан эшитилган воқеъалар тўпламини ҳавола қилмоқчиман. Аввалини ўзимдан бошлай қолай…
Истанбулдан бошқа шаҳарга қатновчи автобусга чиқдим. У тарафларни яхши билмаганим учун шаҳардан чиққанимиздан кейин ҳайдовчидан яна бир марта сўраб олдим. Тушунтириб бўлгандан кейин мендан «қаерликсиз?» деб сўради. «Ўзбекистонликман» дедим. Ҳайдовчи катта тезликда кетаётган автобусни бирданига тўхтатиб ўрнидан турди. Нима бўлаётганини англамай қолдим. Ҳаёлимга ҳар нарса келди. «Ўзбекистонликман дедим, нафрати бормикин?…» деб ўйлаб турганимда ҳайдовчи иккала қўлини дуога очиб «дуо қил, дуо қил…» деди. «Нега, нега мен дуо қилай?» дедим ҳайрон бўлиб. «Дуо қил. Дуо қил қардошим, зотан сен Бухорий авлодисан» деди. «Дуо қилиш бизларга қолдими?» дердим ичимда. Унинг ихлос билан боқиб турган кўзидан шашқатор ёш оқарди…
———
«Мамалакатимиз футболчиларининг мухлислари қаторида Мисрдаги ўйингоҳга кирдик. Ўйинчиларимизга далда бўлиш учун «Ўзбекистон, Ўзбекистон!» деб ҳайқира бошладик. Бир пайт стадионнинг бошқа тарафидан «Бухорий, Бухорий!» деб мисрликларнинг биздан-да қаттиқроқ овозда жўр бўлиб қичқиришаётганини эшитиб қолдик. Бизнинг овозларимиз Имом Бухорий мухлисларининг овозлари остида сустлашиб кетди…
———
Бундан анча йил аввал бир танишим қўнғироқ қилди. «Мусофир меҳмонларим бир эди, Бухорога боришмоқчи, илтимос, сиз билан бориб келсак.»… Меҳмонлар олим одамлар бўлиб, ҳадис илмида изланишлар олиб боришаркан. Уйи Макка шаҳрида, шундоққина ҳарамнинг яқинида экан. Бухорои-Шарифга кираверишда Ситораи Моҳи Ҳоссага олиб бордим. Саройга кирганимизда меҳмон «Бу ер қаер?» деб сўради. «Амир Олимхоннинг саройи» дедим. Бизни бошқа ерга олиб боринг» деди. Кирмасдан кетдик. Мир Араб мадрасасига бордик. Мадраса ҳовлисига кирганимизда Қуръони Каримдан дарс берилаётгани жаранглаб эшитилиб турганди. Устоз бир оятдан ўқир, талабалар уни қайтаришарди. Ёнимизда турган меҳмон бирдан катта-катта қадамлар ташлаб мадраса ҳовлисининг ичида икки қўлини юқорига кўтариб йиғлай бошлади. Йиғисининг орасида «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, шундоқ жойлар ҳам бор экан-а, Аллоҳу Акбар» дерди… Саройга олиб борганимдан хижолат бўлдим…
———
Имом Бухорий масжидларига зиёратга бордик. Четдан келган меҳмонлар бор экан. Ўша ердаги кишилардан Имом Бухорий Хазратларининг асл қабрларини сўрашди. Кўриниб турган қабр рамзий эканлигини, асл қабрлари унинг остидалигини, хозир таъмир ишлари кетаётгани учун уни очиш мумкинмаслигини айтишди. Меҳмонлар қайта-қайта илтимос қилди, рухсат ололмади. Уни кўриб турганим учун раҳмим келиб ёрдам бергим келди. Бир танишимга қўнғироқ қилдим. Ҳолатни тушунтирдим. «Вазиятни ўрганиб, бир оздан кейин жавобини айтиб юбораман» деди. Ҳақиқатда талаб қаттиқ эканини айтиб, кечаси соат ўн иккидан кейин келишларини, ўшандагина очдириб бераолишини айтди. Меҳмонлар рози бўлди. Буларни кутиб калит эгалари ҳам кетмайдиган бўлди. Мен ҳам қолдим. Келишилган вақтда масжидда кўришдик. Эшикни очиб беришди. Биз ҳам улар билан пастга тушдик. Меҳмон қабр олдида «Дунё ишлари деб, сизни зиёрат қилиш учун нақадар кеч қолдим» деб эзилиб йиғларди. Пастга тушишга эринган шерикларимизнинг эса, «парвоси палак»лигича турарди…
———
Бир неча киши Мисрга бордик. Дўконга кирдик. Бир узук ёқиб қолиб нархини сўрадик. «1400 жунайҳ» деди. Бир оз нархини тушириб беришини илтимос қилдик, «Қаерликсизлар?» деди. «Ўзбекистонлик, Мовароуннарданмиз, Бухорий юртидан» дедик. «Бухорий юртидан экансиз, сизларга 20 фоиз чегирма қилиб берамиз» деди. Бизга ёқиб кетди. «Яна қандай олимлар бўлган?» деб сўради. «Имом Термизий» дедик. «МашаАллоҳ, у киши ҳам сизларданми?» деди бири ишонқирамай. «Ҳа, биздан кўплаб алломалар чиқишган» дедик. «Яна ким?» «Имом Замахшарий» дедик. Сотувчи «МашаАллооооҳ» деди-да, қўллари билан кўзларини ёпди. Панжалари орасидан ёш оқа бошлади. Кейинроқ билдик, у киши Имом Замахшарийнинг ашаддий мухлислари экан. Бир оз суҳбатлашгандан кейин «Сизлардан фойда олмайман. 620 жунайҳга тушган, шуни берсангиз бўлди» деди. Шу пайт орамиздагилардан фақат ўзбеккагина хос бўлган «гап» чиқди: «Шундан икки дона беринг»…

Мен уялиб кетдим. «Майли, бераман» деди. Узукни бераётганда ёнда турган кишилардан бирлари «намоз ўқишармикин?» деб қолди. Сотувчи қўлини узатаётганча тўхталиб қолди. «Ҳа, намоз ўқийсизларми?» деди. Савол билан жавоб орасида узилиш пайдо бўлди. Чунки, жавоб айтарли йўқ эди… Бир оз сукутдан кейин «Жумъа намозига чиқиб турамиз» деди кимдир. «Бошқа намозларничи?» деди ҳайрон бўлиб. Зўрғагина «йўқ» дея олдик. Сотувчининг қўли муааллақ туриб қолди. Бироз сукут қилди-да, ачиниш билан «Майли, мен мусулмонман, айтган нархимга бераман, аммо сизлар қайтиб Имом Бухорийни тилингизга олманг, ҲАҚҚИНГИЗ ЙЎҚ!» деди…

Манба: www.dia.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сизни йиғлатадиган аччиқ ҳақиқат ёки Бухорийни тилингизга олманг, ҲАҚҚИНГИЗ ЙЎҚ!