— Бу кампир, — кўзлари бақрайиб қотиб қолган, кўрган кишининг юраги увушадиган қонталаш каллага ишора қилди Барон, — маний гапимний икки қилгон. Ман кечиришни билмагон. Мана кўрдингийз, ака Халийл.
— Тушунарли.
— Яхший, — деди Барон. Сўнг шотирларига қараб бамайлихотир буюрди: — Маний иккита булдогийм кечадан берий оч ётибдий, калла гўштиний соғийнгон. Берийнглар, мазза қилишсийн.
Халил бойвачча Барон кўрсатган бу томошанинг маънисини илғади: “Агар энди мен билан алоқани узадиган бўлсанг, сенинг ҳам бошингга кампирнинг куни тушади”, демоқчи жоҳил лўли.
Аслидаям шундай эди. Барон: “Кўриб қўй, керак бўлса ўзимнинг одамларимниям аяб ўтирмайман. Сен ким бўпсан?” демоқчи бўлганди. Бошқа томондан, лўлилар орасида бир оз обрўси тушгандай туйилган — Хосият биби унинг кўз остига олиб юрган қизи — Лолани ўлдираман, деб пўписа қилганди. Барон лўлибошининг калласи танидан жудо қилинганидан биров хабар топмаслигини яхши биларди, чунки лўли зоти қавмининг ичидаги гапни четга гулламайди. “Сайрайман”, дегани ҳам энди ўзидан қўрқади.
— Бундай “театр”ни менга кўрсатиш шартмасди. Сенинг кимлигингни шундоғам яхши биламан. Билмаганимда олдингга келмаган, сен билан ошначилик қилмаган бўлардим, — деди Халил бойвачча ўзига келиб олганидан кейин, норозилигини англатиб қўйиш мақсадида.
— Ако Халийл, бунисий ерунда, бошқалариний сиз кўрмагон.
— Умуман, мен бундай ишларнинг анча-мунчасини қилиб ташлаган бўлсам ҳам, йигитларимга менга кўрсатманглар, дейман. Кўнглим айнийди.
— Сиз нозик, ако Халийл, оз-оз кўрийш кера-ак. Кўз ўрганадий… Майлий, буний қўйинг, ийшдан гаплашайлик. Ўтказийш сийзнинг бўйнингийзга, келишдикмий?
— Фойда-чи?
— Етмиш бейшка йигирма бейш.
— О-о, лўли зотини ҳисоб-китобга қаттиқ, деб бекорга айтишмаган экан. Бўмайди, оғайни. Қўшасиз.
Бароннинг қоши чимирилди, бир оз бойваччага тикилиб турди-да:
— Ўттийз қиламан, — деди.
— Бўмайди, — деди бойвачча яна бошини чайқаб, — элликка эллик.
— Нафсний кам қилийнг, бой, ийшний кўпий бийз томон. Ўттийз бейш, бошқа бўмайдий.
Халил бойвачча яна тортишса, Бароннинг кўпроққа ҳам рози бўлишини биларди, аммо бундай қилмади. Икки қоп “мол”нинг фойдаси қанча бўлишини у яхши биларди. Тағин ҳар қопи саксон килограммдан.
— Кўндирдинг, оғайни, — бойвачча қўлини Барон томон узатди.
— Энди ўзингийзга келдингийз, ако Халил. Эртадан одамларингийз ийшга киришсийн.
Бароннинг охирги гапи Халил бойваччага ёқмади. “Падарингга лаънат тиланчи, ҳали сен менга буйруқ берадиган бўлдингми? Шошма, шунақанги куй чалайки, рақсга тушганингни билмай қол”, дея хаёлидан ўтказди бойвачча ўрнидан секин қўзғаларкан.
— Энди бизга жавоб, — деди у босиқлик билан.
Ишни кўнглидагидай битирган Барон ҳам, аҳмоқ бой эртароқ кетсайди, деб турганди. Чунки Хосият бибининг боши кесиб келтирилгани билан Лола топилгани йўқ, шуни ўйлаб у ич-этини ерди.
Халил бойваччани кузатиб қайтгач Барон йигитларини йиғди.
— Лола қани? — деди Хосият бибининг бошини кесган йигитдан.
— Маҳалладагиларнинг гапига қараганда, автобуслар турган томонга кетган, шундан кейин уни ҳеч ким кўрмаган. Кампир (Хосият бибини улар шундай аташарди) унинг орқасидан бормаган. Телефонини текшириб кўрдик, охирги марта сизга телефон қилган экан, — булбулигўёдай сайради йигит.
— “Қулоқ” қайси гўрда юрган экан? — ўшқирди Барон.
— Уни кампир сув олиб келишга жўнатган.
— Онангни!.. Маҳаллага бориб “қулоқ”ни топиб кел.
— У шу ерда, — деди йигит, бу сафар Бароннинг кўнглидагини топганига хурсанд бўлиб.
— Ҳамманг йўқол, “қулоқ”ни олиб келинглар! — Барон столни муштлади. Кейин ўзини юмшоқ диванга ташлади. Муштини пешонасига тираб ўйга толди. Шу фурсатда этаги ер супурган Лоланинг мафтункор жилмайиши, оҳудай ҳуркак нигоҳлари кўз олдидан ўтди… Барон чидолмай ўрнидан сапчиб турди. Шу пайт, кўзлари ўйноқлаган “қулоқ” — лўли хотин эшикдан илондай биланглаб кириб келди. Бароннинг қўллари мушт бўлиб тугилди.
— Гапир! — деди таҳдидли овозда, бўйи пастгина, қоп-қора, ориқлигидан кўйлаклари эгнида шалвираб турган лўли хотинга.
— Хўжайин, — деди айғоқчи овози титраб, — ғафлатда қолибман. Хосият биби мени чалғитди. Қаёққа кетганини билолмай қолдим. Лекин у тирик, шаҳарда, муҳлат беринг, топиб келаман…
— Бор чиқ, кет! — ғазаби тошган Барон Қулоққа ўшқирди ва столдаги ароқ шишадан қадаҳни қулқуллатиб тўлдириб, бир зум пешонасини тириштириб турди-да, бир кўтаришда бўшатди. “Йў-ў-ўқ, топаман, ернинг тагидан бўлсаям топаман. Ҳамма ишни йиғиштириб қўяман. Лола… У менга керак”, дея ўзига-ўзи овоз чиқариб гапирди ва қўлидаги стаканни ерга бир зарб билан уриб чил-чил қилди. У шахд билан ташқарига чиққанида шотирлари тўпланишиб, сигарета чекиб туришарди. Бароннинг эшикни тарақлатиб чиққанидан сергак тортишди.
— Ҳамманг бу ёққа кел! — буюрди Барон ва ортига қайтиб, юмшоқ ўриндиққа чордона қуриб ўтириб олди.
Шотирлар битта-битта кириб, унинг рўпарасида доира ҳосил қилиб туришди. Барон йигитларига синчиклаб қараб чиқди. Ҳали ҳам ўзига ёрдамчи олмай, ҳамма ишни уддалаётгани хаёлига келди. “Нега жонимга жабр қиламан? — ўйлади у. — Биттасини ёнимга олсам, зарур ишлар билан шунинг ўзи шуғулланса бўлмайдими? Буларнинг орасидан қайси бири шунга ярайди? Турқидан буларнинг бари бузоқдан фарқи йўқ. Майли, бирортасини синаб кўраман”.
— Менинг неччи ёшга кирганимни ким билади? — савол қотди у йигитларига.
Йигитлар дабдурустдан берилган бу саволдан каловланиб, бир-бирига қарашди. Аксига олиб, Бароннинг ёшини ҳеч ким билмас экан.
— Яхши, — деди Барон кулимсираб, — биронтанг хўжайининг билан қизиқмас экансан. Ўзим айтай: қирқ иккига. Лекин бўйдоқман. Демак, уйланишим керак. Меросхўр, сенларга сардор туғиб берадиган қиз керак менга. Худди шундайи бор. Лекин унинг ҳозир қаердалигини ҳеч ким билмайди. Хуллас, лўлиларнинг маликасини топиш керак.
Барон бу билан ўзининг лўли қавмига қироллигини биринчи марта уқтириб қўйди. Шундоғам унинг гапини инкор этадиган жўмард бу тўдада йўқ эди. Лекин айнан “қирол” сўзи биронта лўлининг миясига келмаганди.
— Ҳозироқ шаҳарга чиқиб қидиринглар, Лолани ернинг тагидан бўлсаям топинглар, — гапида давом этди Барон. — Эртага маҳалладаги бирорта лўли ишга чиқмайди, етти ёшдан етмиш ёшгача Лолани излайди. Қаерда бўлмасин маликани топасанлар. Агар ким менинг гапимни икки қилиб, айтганимни бажармаса, тириклайин терисини шиламан. Энди йўқол ҳамманг… Ҳа, Ҳасан, — дея эшик томонга йўналган паканароқ, кўз қарашлари жуда ўткир, йигирма олти ёшлардаги йигитни тўхтатди Барон, — сен шу ерда қол.
Ҳасанни у “хизмат”га олганига кўп бўлгани йўқ. Унинг маҳалласи, қариндош-уруғи бошқа вилоятдан. Ҳасан лўлиларнинг Барондай зўравони борлигини ёшлигидаёқ эшитган, у билан учрашиб гаплашишга, иложи бўлса қўлида хизмат қилишга тайёр эди. Бир йил бурун уни қидириб келиб топди. Дилида борини тўкиб-солди. Шунда бўлажак хожаси Ҳасанни меҳр билан бағрига олди. Мана, энди у Бароннинг ишончли шотирларидан.
— Нима деб ўйлайсан, эрталабгача тополамизми Лолани?
— Тополмаймиз, малика ўзига жой топиб, ҳозир ухлаётган бўлса керак. Йигитлар овора бўлишади, — ҳозиржавоблик қилди Ҳасан.
— Буни ўзим ҳам биламан. Лекин билиб қўйинглар, Лола топилмаса кунингни кўрсатаман ҳаммангнинг.
— Йигитлар эртагаям ишлаши керак. Ҳозир чарчатиб қўйсак, эртанги иш оқсаб қолади.
Барон шотиридан айни шу гапни кутганди. “Менга қарши гапирсин, дилимдагини топсин”, дея атай уни тўхтатиб, гапга солганди. “Эҳтимол, шундан ёрдамчи чиқар, яна бир-икки синаб кўрай, айтганим бўлса, қандини урсин”, хаёлидан ўтказди Барон ва йигитларни изига қайтаришни буюрди. Ҳасан югурганча ташқарига чиқиб кетди. Бу Бароннинг илк маротаба қароридан қайтиши эди.
Эртасига маҳалланинг бирорта лўлиси тирикчиликка чиқмади. Ҳамма Лолани қидиришга тушди. Хосият бибини ҳеч ким эсгаям олмади. Гўё бу шаддод аёл аслида бўлмагандай, ундан ҳеч ким жабр кўрмагандай эди. Айниқса, лўлибошининг эри терисига сиғмас, кўчама-кўча Лолани излаб изғир, бир ўйнаб-кулгиси, қаҳвахонага кириб тўйгунича ичгиси келарди. Аммо Бароннинг қаҳридан қўрқиб, бундай қилолмаслигини ўзи ҳам яхши фаҳмларди. Барон лўлилардан бирортасининг ичиб ўтирганини кўриб қолса, Хосият бибининг қисмати бошига тушиши аниқ эди.
Нуриддин ИСМОИЛОВ
(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трампнинг режалари Украина учун қўрқинчли тус олмоқда...