Наманганда фожиа: 23 ёшли йигит сойда чўкиб кетди

Наманган вилояти Поп тумани ҳудудида жойлашган дам олиш масканида фожиали ҳодиса юз берди. 23 ёшли йигит “Чодаксой” сойида чўмилиш вақтида сувга чўкиб кетган.
Дастлабки маълумотларга кўра, йигит қариндошлари билан бирга дам олиш учун мазкур ҳудудга келган. Улар ҳордиқ чиқараётган пайтда йигит сойга тушган, бироқ эҳтиётсизлик сабаб сувдан қайта чиқа олмаган.
Гувоҳларнинг айтишича, ҳодиса жуда қисқа вақт ичида содир бўлган ва атрофдагилар дарҳол ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилган. Шундан сўнг воқеа жойига қутқарув хизматлари жалб этилган.
Ҳозирда мутахассислар томонидан йигитни топиш бўйича қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари ҳам бошланган.
Мутасаддилар фуқаролардан, айниқса ёз мавсумида, номаълум ва назоратсиз сув ҳавзаларида чўмилишда эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилишни, хавфсизлик қоидаларини бузмасликни сўрамоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!