Revolut Ҳиндистон бозорига киришни бошлади

Британиянинг Revolut финтех-гиганти Ҳиндистонда ўз хизматларини кенг кўламда ишга туширишдан олдин назорат остидаги бета-дастур доирасида фойдаланувчиларга тақдим этишни бошлади. Компания жорий йил бошида рўйхатдан ўтишни очган эди ва ҳозирда кутиш рўйхатидаги бир неча минг фойдаланувчи иловадан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Revolut вакилининг маълум қилишича, ҳозирда Google Play Сторе ва Apple App Store дўконларида илованинг Ҳиндистон бозори учун маҳаллийлаштирилган бета-версияси мавжуд. Ушбу босқичдан мақсад — платформани кенг оммага очишдан олдин маҳсулотнинг ишлаши бўйича фикр-мулоҳазалар йиғиш ва мижозлар тажрибасини яхшилашдир. Ҳозирда 450 мингга яқин одам кутиш рўйхатида турибди.
Бета-дастур иштирокчилари УПИ тўловлари, электрон ҳамёнлар, маҳаллий ва кўп валютали дебет карталари ҳамда виртуал карталардан фойдаланишлари мумкин. Бироқ, банк лицензияси талаб қилингани сабабли, оилавий ёки қўшма ҳисоб рақамлари Ҳиндистон бозорида тақдим этилмайди. Компания яқин келажакда барча фойдаланувчилар учун очиқ рўйхатдан ўтишни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Revolut 2021-йилдан буён Ҳиндистон бозорига кириш устида ишламоқда. 2022-йилда компания Арвог Форех корхонасини сотиб олиб, ўзининг тартибга солиш салоҳиятини мустаҳкамлади ва Ҳиндистон Резерв банкидан ППИ лицензиясини қўлга киритди. Бу лицензия компанияга рақамли ҳамёнлар ва УПИ тармоғи билан интеграциялашган хизматларни таклиф қилиш имконини беради.
Компания 2030-йилга бориб Ҳиндистонда 20 миллион фойдаланувчини жалб қилишни ва камида 7 миллиард долларлик транзакцияларни амалга оширишни мақсад қилган. Revolut асосан 25 ёшдан 45 ёшгача бўлган, рақамли технологиялардан фаол фойдаланувчи қатламни ўз мижозига айлантирмоқчи.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!