— Войдод, уйим ёнаяпти, ёрдам беринглар!
Аёл кишининг тонгдаги бу ҳайқириғи бутун маҳаллани оёққа турғазди. Сочлари бир аҳволда ҳайқирган аёл, кўчага отилиб чиқди. Иккита қўшни эркак аёлнинг олдига чопиб чиқишди.
— Нима гап тинчликми, Мавлуда опа?
Мавлуда уйига ишора қилиб, баттар қичқира бошлади.
— Болам, болам қолиб кетди! Қутқаринг!
Қўшни эркак уйга чопиб кириб ўн ёшлар атрофидаги болани кўтариб чиқди. “Тез ёрдам” машинаси ва ёнғин хавфсизлиги ходимлари етиб келишди. Мавлуда опага биринчи ёрдамни кўрсатишди. Ёнғин хавфсизлиги ходимлари уй ичини кўздан кечириб, офат нимадан келиб чиққанини англаб етишди. Мавлуда жиддий сўроқ қилиниб, далолатнома тузилди.
Маълум бўлишича, электр энергиясига камроқ тўлаш мақсадида уйга ўғринча электр сими ўтказиб олинган эди. Ёз ойларида Мавлуданинг турмуш ўртоғи Даврон девор ичига махсус печь қурмоқчи эканини айтди. Бу гапни эшитган аёлнинг фиғони фалакка чиқди.
— Эсингиз жойидами? Шунча пул сарфлаб печь қурасизми? Ундан кўра бошқа нарсага сарфлаймиз. Ана, Содиқ ака ўғринча электр сим ўтказиб, иситкич ёқиб ўтирибди. Биз ҳам шундай қиламиз, озгина сим олиб келсангиз бўлди.
— Жиннимисан, эртага биров келиб кўриб қолса, катта жарима тўлайсан. Бошингга бало қилиб ўтирмагин яна, — деди Даврон хотинига тушунтиришга уриниб.
Мавлуда пулни тежаб қолиш мақсадида эрини шу ишга кўндирди. Ўғринча электр сим ўтказилди. Ўзларича қишга тайёргарлик кўриб қўйишди.
Кузнинг бошларида Давронни акаси Россияга ишлаш учун чақирди. Даврон хотинига эҳтиёт бўлишни тайинлаб кетди. Мавлуда қурилажак печнинг пулига чиройли этик сотиб олди. Ўғлига куртка олиб берди. Ўзича қўлбола иситгич ҳам тайёрлатиб олди. Қиш ғамини шундай режали уддалаганидан хурсанд эди. Мавлуда бозорга чиқиб кетган куни онаси келди. Набираси билан гаплашиб ўтирган бувининг кўзи гилам остидан ўтган симга тушди. Бориб гиламни кўтарган бувининг жаҳлдан юзи бўғриқиб кетди.
— Ким қилди буни? — деб набирасидан сўради.
— Аям қилдилар. Томдан сим улашди. Қишда иситгич ёқарканмиз.
— Хавфли-ку бу!
Эшик очилиб, қўлида иккита сумка билан Мавлуда кириб келди.
— Ие, ассалому алайкум, ойи, яхши келдингизми? —сўрашди Мавлуда онаси билан.
Она қизи билан хушламайгина сўрашиб, гилам остига имо қилди.
Мавлуда онаси кўрсатган жойга бепапво қараб қўйди.
— Калланг жойидами сени? Бу хавфли-ку! Биласанми, маҳалламиздаги Хосиятнинг болалари шунақа ўғринча электр сими туфайли вафот этишганди.
— Ойи, нафасингизни иссиқ қилинг! Доим ёмонлик ҳақида ўйлайсиз. Бу ер хавфсиз. Қиш келяпти, чироқ борида иситгич ёқамиз, шуям ҳарна, ҳисоблагичга ёзмай тўловни камроқ тўлаймиз.
— Миянгдан чиқариб ташла бундай ўйларни. Болангни ўйласанг-чи!.
— Э, бўлди, ойи. Ишимга аралашманг! Ўзингиз “шу қизим қийналиб қолади, кел болам, опангга олган кўмирингдан берайлик” демайсиз, жон койитмайсиз. Энди бу ерга келиб, уни қилма, буни қилма, дейсиз. Мана, куни кеча укам икки тонна кўмир туширди, илиндингизми?
Қизининг таъна-ю маломатларидан онанинг дили оғриди. Шунча пайтдан буён битта-ю битта қизининг юрагида, шунча аламли иддаолари борлигини билмаган экан, у бир сўз демай уйдан чиқиб кетди…
Қишнинг қировли кунлари келиб, ҳаво совуқлашди. Кун оралатиб қор ҳам ташлаб қўяди. Мавлуда ўғринча “иши”дан мағрурланиб, қўлбола иситгичини ёқиб ўтирибди. Ўғли ҳам ловуллаб қизиб турган иситгич олдига бориб, қорбўрон ўйнаб музлаган қўлларини иситиб олади.
Қиш тунларининг бирида Мавлудани бадани совқотгандай бўлиб уйғониб кетди. Қараса иситгич ўчиб қолибди. Чироқ ёниқ. Мавлуда ўрнидан туриб оёқ томонига ўрнатилган иситгични текширди, ҳаммаси жойида. Ҳеч қаердан хато топа олмагач, ўрнига ётди. Тонг отишига саноқли соатлар қолганда, аёлнинг хаёлига ўғлининг мактабга бориши келди-ю, шошиб ўрнидан турди. Тунги воқеа ёдига тушиб, гилам остидан ўтган симни текширди. Симни икки томондан туташган жойи қорайиб, эриб қолган эди. Мавлуда ўзича симни очиб тўғрилашга киришди. Куйган жойини кесиб ташлаб улади. Кейин иситгични ёққанди, кучли чақнаш юз бериб, симни юқоридан уланган жойидан то иситгичгача яшин тезлигида олов келиб, Мавлудани қўлларини куйдириб ўтди. Мавлуда додлаганича ўзини эшикка урди. Кўчага аранг чиқиб, қўшниларни ёрдамга чақирди…
Қўлбола иситгичнинг носозлиги Мавлуданинг ҳаётига нуқта қўйишга оз қолди. Бу ҳам етмаганидай, яқиндагина таъмирдан чиққан уйини бир аҳволга солгани ҳам майли, керагидан ортиқ жарима ҳам тўлади. Ўз вақтида эрининг, онасининг сўзларига қулоқ солмагани қишнинг аёзли кунида ўзига панд берди.
Мансурбек РЎЗИЕВ.
Манба: tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди