Қашшоқликнинг манбаалари қаердан бошланади? Қашшоқлик бизнинг ўзимиз, руҳиятимиз, ҳаракатларимиз, турмуш тарзимиз билан чамбарчас боғланганлигининг эҳтимоллиги қай даражада? Менинг назаримда одамлар ўзларини камбағалликга гирифтор қилишларининг сабаблари, яъни — генетик қашшоқлик қонуни мавжуд. Маълум бўлишича бунга бир нечта омиллар таъсир қилар экан. Мен ушбу омилларни диққат билан ўрганиб чиқдим ва ҳар биримиз бунга дахлдормиз деган хулосага келдим.
Ўйлашимча, дунёда энг мушкул вазифа бу инсоннинг руҳиятини ўзгартириш бўлса керак. Биз қарийиб 100 йиллар давомида бировларга тобе бўлиб яшадик, қулдек меҳнат қилдик ва эвазига қашшоқ турмуш кечирдик. Энг ёмони бундай турмуш тарзи қон-қонимизга, руҳиятимизга сингиб кетди. Шу тарзда бир неча авлодлар алмашди ва барча нарсаларни болаларимизга, невараларимизга мерос қилиб олдик, яъни бизда генетик мутелик шаклланди.
Юртимиз мустақиллигининг биринчи кунлариданоқ Республика ҳукумати ва Президенти халқнинг фаровонлиги йўлида тинимсиз ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Менинг фикримча фаровонлик ҳар биримизнинг ўзимизда мужассам бўлмоғи ва ҳар биримиз шунга интилмоғимиз зарур. Агар биз моддий, маънавий, руҳий, ақлий фаровонликни ўзимиз истаб, ҳар биримиз шунга интилмасак, ҳеч қандай ислоҳотлар бизга ёрдам бера олмайди.
Демак бу ҳақда гапириш, мулоҳаза юритиш зарур деб ўйлайман.
Болалигимда бир синфдошимнинг уйидаги сим каравотда сакраб ўйнар эдик. Бизни айниқса каравотнинг оёғимизга ботадиган пружиналари жуда қувонтирар, сакраганимизда осмонга учаётгандек завқимизни келтирар эди.
Яқинда болаликдаги дўстимнинг уйига ташриф буюрдим. Не кўз билан кўрайки, биз қачонлардир устида сакраб ўйнаган ўша сим каравот ўша бурчакда ҳали ҳам турар эди.
Атрофга разм солдим, назаримда каравот асосан ўзгармаган, аммо мени ҳайратга солган нарса шароитнинг ўта қашшоқлиги ва ғарибоналиги бўлди. Янги каравот сотиб олиш, яғири чиқиб кетган стулларни, синиқ ва конфет қоғозлари билан чегалаб қўйилган кўзгуни алмаштириш қанчага тушиши ҳақида ўйладим. Биз болалигимизни эслаб анчагина суҳбатлашдик, мен у билан гаплашаяпман-у, хаёлан уйнинг қорайиб кетган шипларини бўядим ва девордаги гул қоғозларни алмаштирдим. Чивинлар ўтириб доғ бўлиб кетган ойналарни ювгим, каравот тагидан чиқиб турган нарсаларни ва картон бўлакларини, аёллар пайпоғи билан ўраб қўйилган тувакни ташқарига битталаб улоқтиргим келди. “Балки пулга муҳтожлиги бордир” – деган ўй хаёлимдан ўтди. Аммо у оғир меҳнат қилсада юқори ҳақ тўланадиган ишда ишлайди. Идроким қаршилик қилишда давом этди, у менга ҳеч бўлмаганда унча қиммат бўлмаган, ёғоч рангли ёпишқоқ пленка сотиб олишни ва у билан хонтахта устини қоплашни таклиф қилди. Мен қаёққа қарамай кўзим кандайдир синиқ, кир, доғ нарсалар ва ахлатга тушар эди.
Дафъатан миямга бир фикр келди: “Нима деб ўйлайсан, нега нотозалик, исқиртлик доимо қашшоқлик билан бирга?”. Энди мен шу саволни сизга бераман.
Ҳаттоки “доим” деган сўзни “ҳар доим” ёки “дам-бадам” деган сўзлар билан алмаштирсангиз ҳам бундан енгил тортмайсиз. Нотозалик ва исқиртлик – бу пулга муҳтожликнинг эмас, балки менталитет бузилишининг кўриниши. Ҳолбуки исқиртлик, нотозалик ва қашшоқлик – ёнма-ён экан, демак бу ўзига хос менталитетдир. Қашшоқлик менталитетга путур етказади!
Мактабда менинг ажойиб адабиёт ўқитувчим бўлар, фавқулодда ақлли ва жуда зеҳни ўткир инсон эди. У айтган бир ибратли воқеа бутун умр хотирамда қолди. Кимдир ундан “мешчанлик” нимани англатишини сўраган ва у бундай жавоб қилган: “Мешчанлик бу янгисини токчага қўйиб, эски, кемтик пиёлада чой ичишни англатади”. Тан олиш керак, кўпчилигимизнинг уйимизда шундай удум бор: пуллар қора кунлар ёки тўй учун асраб қўйилади, яхши кунлар учун идишларимиз токчаларга тахланади, бундай кунлар эса камёб, бутун ҳаётимиз эса одатий кунлар билан тўлади. Кимки фақатгина келажакни кутиш билан яшаса, унинг учун у ҳеч қачон келмайди.
Мен бундан шундай хулосага келдим: қашшоқ бўлишдан ор қилмоқ керак! Исқирт ва нотоза бўлишдан ор қилмоқ керак! Ўй-хаёлингизда харобалик бўлишидан ор қилмоқ керак, чунки у муқаррар равишда уй-жойингизда ва болаларингизнинг менталитетида акс этади!
Мен бир инсонни биламан, у узоқ йиллар ҳовли сотиб олиш учун пул йиғди. Иккита фарзанд тарбия қилди ва ўстирди. Болалар ночор, асосан чой, нон билан катта бўлишди, уларнинг каттаси, эски чийдухоба, тиззалари ямалган шимда кўчага чиқишга уялган. Қизиғи, бола катта бўла бориши билан, унинг шими ҳам мўъжизали суратда катталашиб борган. Пастки қисми шимарилган шимнинг почаси навбатма-навбат очиб борилар ва унинг ранги ўчмаганлиги, қашшоқликнинг сирларини очиб турар эди.
Республика ҳукумати юртнинг ободончилиги, халқнинг фаровонликда яшаши ва меҳнат қилиши учун барча шароитларни яратиб берган. Лекин миямизда қотиб қолган эскича яшаш тарзини, боқимандалик кайфиятини, дидсизликни ўзгартириш зарур. Чунки, чўнтагида бир хил миқдорда пули бўла туриб, ҳам жамиятга муносиб ёки қашшоқ кўринишда бўлиш мумкин.
Келинг воқеанинг давомини эшитинг. Узоқ ва интизорлик билан кутилган ҳовли ҳам сотиб олинди, аммо улғайиб улгурган болалар учун унинг ҳеч қандай қадри ва аҳамияти йўқ эди. Улар энди ота-онасини ўзлари яшаб турган жамиятга лойиқ инсон сифатида тарбияламаганликда айблар эдилар. Болаларда “шумшук бола” хислати шаклланиб бўлган ва улар кирлаб кетган мебелларни, эски идишларни, пати тўкилиб, титилиб кетган сочиқни ва ўн йил олдинги пальтони кўришга ўрганиб қолганлиги туфайли, улғайган бўлсаларда ўзлари учун пул сарфлашга қўрқишар эдилар.
Ҳар сафар улар ўзлари учун нимадир харид қилганларида, уларнинг кайфиятлари бузилар: улар худди ўзларини янги, чиройли буюмларга номуносиб ҳис қилишар эдилар. Дўстларим айнан мана шу нарса иккита сўз билан: генетик қашшоқлик деб аталади. У руҳиятга, тўқималарга, қонга, суяк-суякларга сингиб кетади.
Ўзингизга пул сарф қилишга бўлган қўрқув, сизни қашшоққа айлантиради.
Ранги ўнгиб кетган бурчакларни ҳар куни кўрадиган болалар ихтиёрсиз равишда камбағалликка мослашади. Энг ёмони унинг машаққатини ўсмирлик ёшида англаб етадилар. Шуни унутмангки, ўқув юртларидаги ранги ўчиб кетган деворлар ва ифлос йўлаклар талабанинг қобилиятига ва ўқишига ёмон таъсир қилади.
Нотозалик, исқиртлик ва қашшоқлик, инсоннинг руҳини синдиради, ғарибона вазият эса нотовон ва омадсизларни вояга етказади.
Сиз менга, инсонлардаги қашшоқликка бўлган нафрат уларнинг баъзи бирларини ривожланишга, пул топишга ундайди деб эътироз билдиришингиз мумкин. Азиз дўстим ободончилик, фаровонлик кўнгилдан бошланади деган пурмаъно гапни унутманг, фарзандларимизнинг кўзлари ва руҳи, ғариб, нотоза, исқирт нарсаларга ўрганиб қолмасин, уларнинг руҳини синдирманг, бекорга “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деб айтилмаган. Бало, фалокат, офат, камбағаллик, фақирлик, қашшоқлик – барчасининг илдизи битта, улар доим ёнма-ён. Улардан узоқ бўлишга интилинг.
Менинг назаримда агар бойлик – бу ақлнинг маҳсули бўлса, демак қашшоқлик ҳам ақлнинг маҳсулидир.
Манба: www.usm.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда