Фарзандингиз одамларнинг олдида ҳақоратли сўзларни қўшиб гапириб, сизни уялишга мажбур қилса ёки ўсмирнинг нутқида беадаб сўзлар пайдо бўлса, бу одат билан курашиш керак!
Бола беадаб сўзларни гапирмаслиги учун уни тақиқлашлар билан қўрқитиш эмас, кичкиналигидан нутққа тўғри муносабатни шакллантириш муҳим.
Оиладагилар ёки яқин атрофдагилар мулоқотда ҳақоратли сўзларни ишлатишса, боладан бундай қилмасликни кутманг. “Мен каттаман, менга мумкин, сен эса ҳали ёшлик қиласан!” каби тақиқлар бу ўринда асло ёрдам бермайди. Шунинг учун бу зарарли одатни биринчи навбатда катталарнинг ўзи ташлашлари керак. Ўзингизга ҳам эътиборли бўлинг, эҳтимол, сиз ҳам баъзан беихтиёр гап орасида сўкиш сўзларини гапириб юборарсиз. Бола эса бундай пайтда эшитганларини миясига бехато ёзиб олади.
Қизингиз ёки ўғлингизга нутқда хунук сўзларни ишлатиш ўз-ўзини назорат қила олмаслик, ахлоқан етуклик даражасининг пастлиги, сўз бойлигининг камлигидан далолат беришини тушунтиринг. Агар ўзингизда ҳам шундай одат бўлса, уни фарзандингиз билан биргаликда ташлашга келишинг. У сизни назорат қилиб, тузатиб турсин.
Ўсмир ёшдагилар билан эса иқтисодий томондан “келишиш” яхши натижа беради. Бунинг учун оилада ҳар бир ҳақоратли сўз ишлатган одамга, масалан, минг сўмдан жарима белгиланади. Шунда бола ҳам, катталар ҳам тез орада барчанинг олдида одамни хижолатга қўювчи беадаб сўзларни гапиришни ташлайди.
Руҳиятдаги ўзгаришлар билан боғлиқ
Болаларнинг беадаб сўзларни гапиришида деярли барча сабаблар унинг руҳияти билан боғлиқ. Бу сабабларнинг бири — ота-онага қасддан нутқда шундай сўзларни ишлатиш. Бу олти ёшлиларга ҳам, ўсмирларга ҳам хос. Ҳатто ўзларини энг яхши оила деб билувчиларда ҳам бу одатга ўрганган болалар бўлиши мумкин. Бунинг сабаби — ота-онадан бирининг ёки ҳамма яқинларининг болага нисбатан қўпол муомаласи. Қизингиз ёки ўғлингизни қандай чақирасиз, унинг хатоларига қандай муносабат билдирасиз, шуларни бир таҳлил қилиб кўринг. Мулоқотда “Аҳмоқ”, “бефаҳм” деган ранжитувчи сўзларни ишлатмайсизми? Сиз учун бу эътиборга арзимайдиган арзимас ҳолат бўлиши мумкин, бола эса буни ота-она томонидан ўзини қабул қилмаслик деб тушунади. Бунга жавобан у гапга кирмайди, беадаб сўзларни айтади, айниқса, нимадир ишни бажара олмаганида, сўкинишдан тилини тия олмайди.
Тўғри муносабат билдирамиз
Боладан биринчи марта беадаб сўзни эшитганингизда, хотиржам муносабат билдиринг ёки умуман эътибор бермасликка ҳаракат қилинг. Агар эътибор қаратсангиз ёки болани уришсангиз, болада бу одатга қўшимча қизиқиш уйғотасиз. Болалар айёр, улар катталарда, ҳатто салбий бўлса-да, ҳиссиёт уйғотиш имкониятини бой беришмайди. Эҳтимол, фарзандингиз ёмон сўзни қаердадир (боғчада, болалар майдончасида, меҳмонда) эшитиб, шунчаки такрорлаган бўлиши мумкин.
Фарзандингизнинг мулоқот доирасини имкон қадар назоратдан қочирманг. Боғчада ҳам, мактабда ҳам беадаб сўзларни гапирувчи болалар бўлади. Кўпинча бундай болалар синфда ёки гуруҳда лидерлар бўлиб, қолганлар уларга интилишади. Эҳтимол, сизнинг болангиз ҳам ўша жамоага қўшилиш учун шундай йўл тутаётгандир. Уришманг, шунчаки бунақа дўстлар унинг учун фойдали бўлмаслигини тушунишига ёрдам беринг. Ўзингиз эса ўйлаб кўринг: демак, болангиз ҳиссиётларни ташқаридан излаётган бўлса, балки сиз унга нимадир бера олмаётгандирсиз. Бу ўринда у билан очиқ гаплашиш муаммони ечишга ёрдам беради.
Тақлид доим ҳам яхшиликка олиб бормайди
Фарзандингизнинг қандай телекўрсатувлар ва сериалларни томоша қилишини кузатинг. Эҳтимол, у бирон фильмдаги нутқи фақат ҳақоратли сўзлардан иборат, баданига нақш чизилган, мушаклари бақувват образга ҳавас қилаётгандир. Агар шундай бўлса, ўғлингиз шунчаки ўзининг қаҳрамонига тақлид қилмоқда. Болага ҳаммага ҳам тақлид қилиб кетавериш баъзан одамни уялтириб қўйиши ҳам мумкинлигини мисоллар билан тушунтиринг, ҳар қандай даврада инсон гўзал хулқи ва одоби билан ҳурмат топишини айтинг.
Фарзандларингизни тарбияламанг, улар барибир сизга ўхшашади. Аввало ўзингизни тарбияланг!
ЖАСУР тайёрлади.
Манба: tasvir.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи