Шундай хатолар бўладики, йиллар ўтса-да, виждон сўроғи инсонни тинч қўймайди. Гоҳ уйқуси, гоҳ табассумини ўғирлайди.
Ҳаётининг қайсидир палласида қилган хатосини кечира олмайдиган киши ўша юкни ўзи билан кўтариб юради. Руҳий ҳолат тан сиҳатлик билан бевосита боғлиқ эканини ҳисобга олсак, инсон руҳиятидаги бу ўзгаришлар унинг саломатлигига ҳам таъсир этмай қолмайди.
Аслида ҳар бир инсоннинг ҳаётий ҳақиқати бўлади. У ўз дунёсидан келиб чиқиб, атрофдагиларга ва ўзига баҳо беради. Шу сабаб соддалиги, гўллиги, ожизлиги оқибатида хато қилгани ёки бахтсиз бўлиб қолганини англаганида, энг муҳим тиргак — ўзига ва ҳақлигига бўлган ишонч емирилади.
— Одамларнинг ўзини тушуниши, хатоларини таҳлил қила олиши — хатти-ҳаракатларини назорат қилиш имконини таъминлайди, — дейди психология фанлари номзоди Нигора ШОМУРОДОВА. — Аммо инсон доимий ўзини сўроқ қилиши, кўнгли тўлмаслиги ва айбдорлик ҳисси билан яшаши бора-бора уни асабий, тажанг, жиззаки, йиғлоқи қилиб қўяди. Бу ҳолат узоқ давом этса, асаб тизими мувозанати бузилиши ва айрим руҳий хасталикларга олиб келиши мумкин.
Кузатувлар шуни кўрсатадики, одамлар аксар ҳолларда шахсий ҳаёти, оила аъзоларига боғлиқ муаммоларда ўзини кечира олмайди. Иш ёки ўқув фаолиятига оид дамларда бу камроқ учрайди. Яъни нафақат хатонинг катта-кичиклиги, балки одамларнинг кўнгилга яқинлик даражаси ҳам аҳамиятга эга бўларкан.
Ўзига берилган баҳо
Инсон ўзига тасалли бера олиш ва аксинча айбдорман, деган фикрни шуурига сингдириши ўзини кечира олиш ёки олмаслик тафовутини келтириб чиқаради.
"Бажараман" дея олға интилувчи одамлар вазият қурбонига айланмайди. Бироқ арзимаган хато учун ўзини тергайдиган, камситадиган, имкониятларини тўла чамалай олмайдиганларнинг ўзига берадиган баҳоси паст бўлади. Ҳар қандай ишнинг охирида ҳикмат бор, Эътибор қилинг: ўзига юқори баҳо берадиганлар ҳар қандай ҳодисада, аввало, бировларни айбдор билади ва ўзига гард юқтирмасликка тиришади. Ўзига реал баҳо берадиганларгина вазиятни тўғри таҳлил қилиб, хатоларидан хулоса чиқаради ва олға юришда давом этади.
Танҳолик психологияси
Ўзини кечира олмаслик, кўпинча, танҳолик, одамовиликка олиб келади. Менинг айбим кўп, бошқалар билан тенг мулоқотда бўлишга арзимайман, деган ўй дўстлар даврасидан, жамиятдан узилиб қолишга олиб келади. Қолаверса, тушкунлик, депрессия, асабийлик шахсий ҳаёт ва касбий фаолиятдаги омадсизликларга дучор қилади. Одам эртанги кунга ва ўзига ишониб яшамас экан, фикр тобелигига тушиб қолади.
Кечирим
Ўзни кечириш — бировга нисбатан кечиримли бўлишдан қийин. Идишга зилол сув солишни ният қилар экансиз, аввало, уни эски ичимлик қолдиқларидан тозалаш керак. Инсон қалби ҳам шундай: ўтмиш хотиралари, айбдорлик ҳиссидан холи бўлмас экан, олға қадам босолмайди.
Ўзингизга хат ёзинг
Қўлингизда (компьютерда эмас) туйғуларингиз, сизни қийнаётган нарсалар ҳақида ёзинг. Қайта ва қайта, то ўзингизда енгиллик ҳис этмагунингизча ёзаверинг. Қабулимга ёрдам сўраб келганлар орасида 20 мартагача хат ёзганлар бор.
Ўзингиз билан гаплашинг
Виждон сўроғи бошланган ҳар вақт ичингиздаги танқидчи ва цензорга қарши чиқиб, қуйидаги гапларни такрорланг: «Мен ўша вазиятда бундан бошқача йўл тутолмасдим. Ўшанда энг тўғри ишни қилганман, ҳеч нарсада айбдор эмасман. Ўтган хатолар менга дарс бўлди, улғайтирди».
Руҳий енгиллик ва... давом этинг
«Мен ўзимни кечирдим. Қандай бўлсам, шундайлигимча ўзимни қабул қилдим. Ўзимни ва атрофдагиларни яхши кўраман».
Қабулимга келган айрим беморлар мазкур жумлаларни аввал пичирлаб, кейин бақириб айтганларини, 10-20-50 марталаб қайтаргач, ўтмиш хотиралари ҳамда ички нафрат ҳиссидан фориғ бўлганларини кўрганман.
Ютуқлар рўйхати ва тош
Яхши фазилатларингиз, ютуқларингизни қоғозга туширинг, қайта-қайта ўқинг ва йиллар давомида бу рўйхатни давом эттиришга ҳаракат қилинг. Камчилик ва нуқсонларингиз, хатоларингиз, қалбингизда тугун бўлиб ётган гапларни эса тошга айтиб, сувга улоқтиринг.
Шоҳсанам НИЁЗОВА
Манба: od-press.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи