10:09 / 20.02.2018
8 624

Яхшиликнинг ўн беш тури

Яхшиликнинг ўн беш тури
“Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда … сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар” (Бақара, 177).

Оятда келган “яхшилик” сўзи араб тилида “ал-бирр” калимаси билан ифодаланган. Бу сўз бандани Раббига яқин қиладиган барча ишларни қамраб олади.

Аллоҳга яқин қиладиган яхшилик юзни шарқ ёки ғарб томонга буриш эмас, балки эътибор қаратиш керак бўлган, саодат ва муваффақиятга олиб борадиган яхшиликдир. Бу нарса Аллоҳга, Унинг фаришталари, китоблари, пайғамбарлари ва охират кунига имон келтириш, мол-дунёни яхши ишларга сарфлаш, оятда айтилган улуғ ишларни бажариш билан юзага чиқади.

Оятда яхшилик турларини санаш Аллоҳга имондан бошланди. Чунки у барча яхшиликларнинг асосидир. Аллоҳга имон Унинг бирлиги, сиғиниладиган Ягона Зот эканини тасдиқлашдир.

Кейин охират кунига имон айтилди. Бу қайта тирилиш, ундан кейин бўладиган ҳисоб-китоб, мукофот, жазо каби ишларга ишонишдир. Охиратга имон келтириш қалбларда яхшиликни севиш ҳиссини пайдо қилади.

“…ўзи яхши кўрган молидан”, дейилди. Чунки шундай ҳолатда бериш имоннинг чинлигига, қалбнинг софлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга)эриша олмайсизлар” (Оли Имрон, 92), деб марҳамат қилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) садақанинг афзали инсон соғ-саломатлигида бергани эканини таъкидлаганлар. Бир киши Пағамбаримиз (с.а.в.) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, қайси садақанинг савоби энг кўп?” деди. У зот: “Сенинг соғлом, қизғаниб турганингда, камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб, бой бўлишни умид қилиб турганингда садақа қилишинг. Жонинг узиладиган пайтга бориб, “Фалончига бунча, пистончига мунча”, деб қолгунингча кечиктирмагин”, деб айтдилар (Муттафақун алайҳ).

Ўзи яхши кўриб турган молидан энг олдин муҳтож қариндошларига бериш афзал. Зеро, уларга яхшилик қилиш ҳам яхшиликни, ҳам қариндошлик алоқасини боғлашни қамраб олади. Шунинг учун, улар олдин зикр этилди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мискинга садақа бир садақадир. Қариндошга садақа ҳам садақа, ҳам қариндошликни боғлашдир”, деганлар (Имом Аҳмад, Термизий ривояти).

Етим дейилганда балоғатга етмасдан отаси вафот этган бола тушунилади. Етимлар ҳам ўзларига керакли нарсаларни ишлаб топа олмаганлари учун бошқаларнинг яхшилигига муҳтождирлар.

Мискин – моли йўқ ёки эҳтиёжига етарли моли йўқ кишидир.

Йўловчи – сафарга чиққан, моли ёнида бўлмаган киши. Бундай кишиларга манзилларига етиб олишлари учун ёрдам бериш зарур.

Тиланчи эҳсон ва ёрдам сўровчидир.

Ояти каримада олти тоифа кишиларга яхшилик қилиш кераклиги айтиб ўтилгани чекловни билдирмайди. Балки булар бир мисол сифатида, шу тоифа кишиларнинг бошқалардан кўпроқ муҳтож эканини таъкидлаш учун келтирилган.

Қуръони каримни ўқиган киши унда фақирлар, мискинлар, барча муҳтожларга катта эътибор қаратилганини кўради. Деярли ҳар бир сурада уларга инфоқ қилиш, ёрдам беришга тарғиб бор.

Оят давомида Аллоҳ таоло яхшиликнинг яна бошқа турларини санади. Булар – намозни рукнлари, суннатлари билан хушу ила адо этиш, закотни унга ҳақли кишиларга беришдир. Бу ерда яхши кўрган молидан садақа қилишдан сўнг яна закот беришнинг айтиб ўтилиши муҳтожларнинг закотдан бошқа ҳақлари ҳам борлигини билдиради. Яъни агар бойлар закотни адо қилсалар-у, муҳтожларга ёрдам кўрсатмасалар, қийналиб қолганларга кўмак бермасалар, Аллоҳ таоло зикр қилган яхшиликни қилмаган бўладилар.

Аҳдга вафо шариат кўрсатмаларига бўйсуниш, одамлар орасидаги тўғри келишувларга риоя қилишни қамраб олади. Аҳдларига вафо қилувчилар ваъда берса, бажарадиган, қасам ичса, оқлайдиган, гапирса, рост гапирадиган, омонат берилса, қайтарадиган кишилар бўлиб, Аллоҳ таоло уларга кўп савоблар ва олий даражалар ваъда қилган.

Оғир дамларда, қийин ҳолатларда сабр қилиш алоҳида айтиб ўтишга арзирли фазилатдир. Чунки бу иффат, тақдирга рози бўлиш, шижоат каби хулқларнинг асосидир.

“Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”. Шариатда ўзини Аллоҳни ғазаблантирадиган ҳар қандай ишдан тийган, унинг буйруқларини бажариб, қайтариқларидан қайтган кишига “тақводор” дейилади.

Хуллас, бу ояти карима дунёда саодатга етказувчи, охиратда Аллоҳ таоло розилигига муяссар қилувчи яхшиликнинг ўн беш турини ўзида жо қилган. Аллоҳ барчамизни ушбу амалларни бажарадиган, имонларида содиқ, тақводор бандаларидан қилсин.
Жамшид Шодиев

Манба: mulohaza.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Яхшиликнинг ўн беш тури