10:50 / 21.02.2018
12 959

Табассум қилинг!

Табассум қилинг!
Топганини улашган – сахий,
Табассумини улашган бахтли.

“Эй иймон келтирганлар! Руку ва сажда қилингиз ҳамда Роббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз. Шоядки, нажот топсангиз!” (“Ҳаж” сураси, 77-оят).

Мусулмон киши ушбу оят мазмунидан келиб чиқиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки у яхшилик йўлида қўйилган ҳар бир қадам учун Аллоҳ таоло томонидан улкан ажрлар берилишига ишонади. Шундай яхшиликлардан энг фойдалиси ва атрофдаги инсонларга тез таъсир кўрсатадиган амал – бу табассумдир.

Жилмайиш, оҳиста кулиш табассум бўлиб, мана шу мўминнинг сифатидандир.

Табассум ибодат ҳисобланади. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўстинг юзига қараб қилган табассуминг садақадир”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Айни пайтда табассумнинг 19 тури аниқланган. Улар икки гуруҳга: “ижтимоий” ва “асл” табассумга бўлинади. Асл табассум чин юракдан табассум қилишга айтилади. Ижтимоий табассумни бошқачароқ, “хушмуомалалик учун табассум қилиш” деб атасак ҳам бўлади. Бу юздаги 5 мускулни ҳаракатга келтиради. Умуман, киши табассум қилганда юздаги 17 мускул ҳаракатга келади.

Табассум инсон юзи учун ажойиб бадан тарбия ҳисобланади. У инсон жисми ва ақлига фойда беради, қон босимининг ошиши ва юрак хасталикларининг олдини олади ҳамда инсонда ўзига бўлган ишончни шакллантиради.

Табассум юз мускулларининг ҳолати билан ҳамоҳанг тарзда ишлайдиган мия фаолиятининг ижобий ҳолатини кучайтириши билан бирга, атрофдагиларнинг руҳиятига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан, сизга қараб самимий жилмайиб турган одамга нисбатан сиз ҳам табассум билан мулоқотга киришиб кетганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз. Ёки чин юракдан берилиб кулаётган кишини кўрган одам, гарчи гап нима ҳақида кетаётганини билмаса-да, унга қўшилиб кулиб қўяди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам атрофдагиларга доимо табассум билан қарар эдилар. У зот саллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилганларида муборак нурли тишлари кўринар эди.

Доктор Оиз Қарний: “Ғамларнинг кўплиги қовоқ солиш учун мантиқий сабаб эмас. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасида ғами энг кўп киши бўлишларига қарамай, инсонларнинг сертабассуми эдилар”, – деганлар.

Шундай экан, ҳар тонг уйқудан уйғонганингизда, ҳар бир қийинчилик тўсиқларидан ўтаётган пайтингизда доим самимий табассум қилинг. Сизнинг табассумингиз учун доимо етарли сабаб ва асос топилади.
Нигора НЕЪМАТ қизи,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Табассум қилинг!