«Халқ ҳикматлари – «турмуш-онасининг дард чекиб туққан тўнғич ўғлидир», деб ёзган эди Абдулла Қодирий. Туркий халқлардан бизга мерос бўлиб келаётган тақиқлар ҳам халқ ҳикматларининг ажралмас қисмидир. Дарҳақиқат, ҳар бир ҳикматли сўз, мақол биз учун асрлар садоси, узоқ ўтмиш билан ҳамнафасликка чорловчи чақириқ ва замонлараро кўприкдир. Улар номаълум шоир ва воизларнинг юрак сатрлари, масофа билмас шуълалари.
Шунинг учун уларни ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа халқларнинг фольклор асарларида учратамиз. Ҳикматли сўзларни қозоқ бийи Тўле Алибекулининг «Жети жарғи» умумхалқ қонунлар тўпламида ҳам учратамиз. Уларни ота-боболаримиз ҳеч бир подшо эълон қилмаган фармон ва қонун деб қабул қилган. Файласуф Кайковус эса «Агар ақлли бўлишни истасанг – ҳикмат ўргангилки, зеро, ақлинг ҳикмат билан камол топади», деб ёзган.
Тақиқларнинг ҳам халқ оғзаки ижодида ўзига хос ўрни бор. Ота-боболаримиз «бўрини гапирсанг – қулоғи кўринади», «хизрни йўқласанг бўлар экан», «яхши ният – ярим мол» деб, «совуқ» сўзларни ишлатмасликка ўргатишган. Шунингдек, «йўқ» сўзини ҳам турмушда ўйлаб ишлатиш тавсия этилади. «Уйда ун, туз, ёғ йўқ» дейилса, уларнинг яқин кунларда уйда пайдо бўлиши амри маҳол, деб, «уйда уннинг қопи яримлаб қолибди», каби сўзларни ишлатишган. «Эй», деган сўзни ишлатиш ҳам тақиқланган, чунки бу сўзга шайтони лаин «лаббай», деб жавоб берар экан.
Шунингдек, тақиқлар одамларнинг ёмон одатлардан фориғ бўлишига ёрдам беради. Масалан, сувга тупурма, остонага турма, оёғингни кўтарма, бош кийимингни тескари кийма, одамнинг оёғидан сакрама, гапираётганингда қўлингни бигиз қилма, тиззангни қучоқлама, одамга қараб керишма, одамга қараб акса урма каби юзлаб тақиқлар шарқона тарбиянинг асоси ҳисобланади. Улар инсонларни очкўзлик, суллоҳлик, бефаҳм-бефаросатлик, мақтанчоқлик, текинхўрлик, ишёқмаслик каби иллатлардан сақланишга чорлайди.
Қуйида туркий халқларга тегишли тақиқларни эътиборингизга ҳавола қиламиз ва улар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингиз, шунингдек, ҳали кўпчилик эшитмаган, қоғозга туширилмаган янги-янги ҳикматларни бизга йўллаб, ота-боболаримизнинг асрлар оша яратган бой маданий меросини тўлақонли сақлаб қолишдек эзгу ишга баҳолиқудрат ҳисса қўшишга чорлаймиз.
l Сувга тупурма.
l Сувга ювинди тўкма.
l Одамга пичоқ ўқталма.
l Одам атрофида айланма.
l Одамни (уйда ўтирган меҳмонларни) санама.
l Ойни бармоғинг билан кўрсатма.
l Ҳайитда кир ювма.
l Паншаханинг бошини юқори қаратиб қўйма.
l Оққушларни отма.
l Оқ( сут, қатиқ ва ҳк.)ни ерга тўкма.
l Арқондан сакрама.
l Ота-онанг ётган жойга ётма.
l Ота-онангнинг тўшагига ўтирма.
l Отга тескари минма.
l Отнинг юганидан сакрама.
l Оёқ-қўлингни ип(арқон) билан боғлама.
l Оёғингни юқори кўтарма.
l Оёқ кийимингни тўнкариб қўйма.
l Оёқ кийимингни тўрга олиб чиқма.
l Боланинг бошига урма.
l Болтанинг устидан сакрама.
l Бош кийимни бўсағага илма.
l Бош кийим билан ўйнама.
l Калла ушлама (отаси ҳаёт одам калла ушламайди).
l Бошингни остонага қаратиб ухлама.
l Бевақт (беҳуда) йиғлама.
l Бевақт(айниқса, намозгар-намозшомда) ухлама.
l Қабрга майит олиб кетаётган одамлардан ўзиб кетма.
l Белингни ушлама.
l Бешикнинг устини очиқ қолдирма.
l Бешикни остонада қолдирма.
l Бешикни кўринганга берма.
l Бешикни сотма.
l Юзингни қўлинг билан бекитиб турма.
l Остонада ўтирма.
l Остонада турма.
l Остонада саломлашма.
l Бўш бешикни тебратма.
l Бош кийимни тескари кийма.
l Бировга чоҳ қазима.
l Бир қўлинг билан нон синдирма.
l Дастурхонни очиқ қолдирма.
l Дастурхонни босма.
l Дастурхонни қоғоз билан артма.
l Дастурхонни пичоқ билан қирма.
l Дастурхондан сакрама.
l Яқин одамингга пичоқ совға қилма. (Бу жанжалга олиб келиши мумкин, шунинг учун совға қилинган тақдирда ҳам эвазига пул ёки танга сўраб олиш керак, дейилади).
l Нонуштангни ташлаб кетма.(Нонуштани ўзинг, тушликни дўстинг билан е, кечки овқатингни душманингга бер, деган нақлдан олинган).
l Ёлғиз дарахтни кесма.
l Ёмон сўздан тийил.
l Янги бойигандан қарз сўрама.
l Эшикни тепма (оёғинг билан эшикни очма).
l Ёш онани тунда сувга юборма.
l Ёш келин-куёвнинг тўшагига ўтирма.
l Ёш молнинг тишини санама.
l Яёв кетаётиб, қамчи ўйнатма.
l Ўчоқнинг устидан сакрама.
l Ўчоқ атрофида айланма.
l Ётиб овқат ичма.
l Тунда(саёқ) юрма.
l Қасам ичма.
l Юлдуз санама.
l Жума куни кир ювма.
l Йўлга чиқадиган аниқ вақтингни айтма.
l Йилқининг бошига урма.
l Жинғил билан от қамчилама.
l Итга овқат бериладиган товоқни тепма.
l Итга ўжов билан овқат қуйма.
l Итни тепма.
l Жисмоний камчилиги бор одамнинг устидан кулма.
l Косани тўнтариб қўйма.
l Чети учган пиёлада меҳмонга чой берма.
l Майсани пайҳон қилма.
l Кийимни елкангга ташлаб юрма.
l Эрингдан аввал ётма.
l Кулни босма, сочма.
l Кун ботарда кўчага ахлат чиқарма.
l Кун чиқмай туриб, кул тўкма.
l Куракни иккинчи одамга қўл билан берма (қабр бошида).
l Куракни босма, унинг устидан ҳатлама.
l Кир ювилган сувни оёқ остига тўкма.
l Кир ювилган сув тўкилган жойни босма.
l Одамнинг устидан ҳатлама.
l Одамга қараб эснама.
l Одамга қараб керишма.
l Одамга қараб қурол ёки пичоқ ўқталма.
l Одамнинг йўлини кесма(аёл эркакнинг йўлини кесмайди).
l Қоронғу тушганда кийгиз (гилам) қоқма.
l Қоронғуда оқар сувнинг ёнига борма.
l Қўйнинг устидан ҳатлама.
l Қарғаниб гапирма.
l Қўлингни орқангда чалиштирма.
l Қўлингни елкангга қўйма.
l Қўлингни силтама.
l Қўлингни чўнтагингга солиб турма.
l Меҳмонга узатаётган нарсани чап қўл билан берма.
l Қудуққа тупурма.
l Чумолининг уясини бузма.
l Қушнинг уясини бузма.
l Қуръонни ерга ташлама.
l Қизнинг тўшагига ўтирма.
l Қуръонни таҳоратсиз ушлама.
l Қизга никоҳсиз яқинлама.
l Молга тескари ўтирма.
l Молнинг бошига юган билан урма.
l Молни тепма.
l Бўйнингга белбоғ ташлама.
l Нонни босма,улоқтирма.
l Нонни тўнкариб қўйма.
l Ноннинг устига бошқа нарса қўйма.
l Ўқлов билан болани урма.
l Олов билан ўйнама,
l Унга қараб тупурма,
l Уни тепма ва сочма.
l Мозорда қабрни босма.
l Ёлғондан йиғлама.
l Пичоқни оғзингга солма.
l Пичоқни учидан ушлама.
l Пичоқни ялама.
l Қуръонни босма.
l Пичоқни тикка қўйма.
l Бармоқларингни шиқирлатма.
l Сувга қараб югурма.
l Уйга қараб югурма.
l Сувни шопирма.
l Суякни ўтга ташлама.
l Супургининг бошини тепага қаратиб қўйма.
l Супургини тўрга қўйма.
l Супурги билан болани урма.
Супургини тепага кўтарма.
l Чангитиб супурма.
l Олинган соч-тирноқни сочма.
l Танглайингни тақиллатма.
l Нонуштангни ташлама, кечки овқатга боқма.
l Ҳассага (бемаврид) суянма.
l Тузни босма ва сочма.
l Тунда кир ёйма.
l Ичиладиган сувнинг устини очиқ қолдирма.
l Тунда тирноқ олма.
l Тунда тушнинг таъбирини айтма.
l Тунда соч олма.
l Тунда уй супурма.
l Тунда йиғлама.
l Тиззангни қучоқлама.
l Тирик молга кўрсатиб, иккинчи молни сўйма.
l Тишингни ғижирлатма.
l Уй атрофида югурма.
l Уйга югуриб кирма.
l Уйга орқанг билан кирма.
l Уйда ҳуштак чалма.
l Меҳмонга арзингни "дастурхон" қилма.
l Ёши катта одамга орқа буриб ўтирма.
l Соч ва тирноқни ўтга ташлама.
l Челакдаги сувга оғзингни теккизма.
l Идиш(товоқ)ни тепма.
Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли.
Манба: Erk.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин