Митти болаларни уруш, қон тўкиш эмас, балки тинчлик, яхшилик билан иш кўришга чорлаб, бир эртак битгандим. Уни “Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим ўтган замонда, узоқ узоқ томонда” деб бошлагандим. Фақат қаҳрамон ва жой исми тарихда бор. Қолгани тўқима. Эртак шундай бўлади-да. Лекин учар гилам ҳақидаги эртакни ўқиб, йўқ гилам учмайди, бу бўлмаган гап, деган Афандига ўхшаб каминанинг эртагини ҳам жиддий олиб, бу миллий тарихга ёт қараш, деганлар ҳам топилди. Фикр эркинлиги. Бу уларнинг қараши ва ҳурмат қиламан.
Шу баҳонада миллий тарихга қараш ҳақида эртак эмас, жиддий бир нарса айтмоқчиман.
Маълумки, бугун зеҳниятимизни қуллик зарпечаги ўраб олганини ҳукмдорлар сўкканида, камситганида, урганида, кўча тозалатганида ва ҳоказо ҳолатларда кўрдик, кўраяпмиз. Хўш, бизни бугунги қуллик зеҳниятига солган, ҳатто эртак билан тарихни ажрата олмайдиган ҳолга туширган нарса нима?
Бу бир сўз билан айтганда бу ҳукмдорлар — шоҳлар, амирлар, хонлар, ҳокимлар ҳақидаги асарлардир. Уларнинг ҳаммасида ҳукмдорларнинг босқинчилиги, урушдаги қон тўкишлари, одам ўлдиришлари, зулми оқланади ёки бундан кўз юмилиб, уларга донишмандлик “чопони кийгизилади”. Қон эвазига қурилган шаҳарлари, бинолари “буюк маданият” деб улуғланади. Аммо эзилган халқ, зулмнинг қурбони бўлган авом ҳақида ёзилмайди. Ўша шаҳарлар қайси қулларнинг жасадлари устида тургани ва ўша биноларга ғишт ташиган бечораларнинг ҳатто мозори йўқлигини хаёлга келтирмаймиз ҳам. Чунки уларнинг суяклари устида ҳукмдорларнинг мақбаралари қад ростлаган. Ҳукмдорларнинг мозорлари, мақбаралари абадий ва дилларга, тилларга ҳайрат солади. Бирор жойда бу бино тиклангунча мана шунча одам ўлди, жабр кўрди, деб ёзилганми?
Тарихимизда қачон қайси ҳукмдор халққа қайишди ва халққа эркинлик берди, ҳокимиятни халқ билан баҳам кўрди? Кўпчилиги оиласи билан баҳам кўрган ва содда қилиб айтганда халқни талаган. Бу ҳақда ёзмаймиз! Ёзишни истаймиз, аммо бугунги ҳукмдорга тегиб кетади, деб қўрқамиз. Шундай эмасми? Мард бўлайлик, ҳеч бўлмаса ойнага қараб “ҳа шундай” деб қўялик.
Йўқ, аксинча, каминани боболарга “тош отиш”да айблаш осонроқ. Ўлганларнинг руҳини безовта қилмоқда, деб дод солиш қулайроқ. Шундай қилинг, бундан фойда бор, аммо кеча-кундуз қулдек ишлатилган халқни эслашдан зиён топиш мумкин — мана шундай фикрлаш мавжуд зеҳниятда.
Геннес китобига ош, сумалак билан кириш учун мусобақалар қилинмоқда. Лекин мусобақасиз ҳам бу китобга кирадиган томон бор. Бу ҳукмдорларни улуғлаб ёзилган асарларимиз. Уларни тўпласа, хирмон шу қадар чош бўладики, “дала”да ҳеч нарса қолмайди.
Биламизки, ҳукмдор тахтдаги умрини маддоҳларни эркалатиш билан бошласа, халқни йиғлатиш билан тугаллайди. Чунки бундай ҳукмдорнинг дилида мақтов ва алдовга иштиёқ ётади. У ҳар куни мақтов эшитишни ва халқни маддоҳлар кўмагида алдашни истайди. Бу ҳақиқатни якка ўзим биламан, деб ўйлайди. Ваҳоланки, маддоҳлар ҳам билишади. Лекин барибир пойига бош қўйишади.
Ҳукмдор атрофдаги муносабату мақтовлардан ўзини жаҳон султони, деб ўйлаб қолади. Халқнинг туйғуларини ўйнатади. Ўзи диндан узоқ бўлса ҳам, тили диндор. У динни олқишлайди, динга чақиради, ибодатхоналар қурдиради, қабристон-қабрларни зиёрат этишни канда қилмайди- ҳамма асарларда шундай.
Ҳукмдор ҳар қандай йўл билан бўлсада одамларни ўзига ишонтириш пайида бўлади. Бунинг учун ҳар соҳанинг “пир”ларини аниқлайди. Халқни бирлаштиришда роли бўлган тарих, дин, адабиёт, санъат, илм, спорт, пул, мафия ва бошқа соҳаларнинг ўлиб кетган “пир”ларини улуғлайди, уларга ҳайкал қўйдиради, улар ҳақида китоблар ёздиради, филмлар олдиради, музейларини очади. Муридларини сийлайди. Бу билан “мурид”лари кўнглида ўзига абадий жой топади. Ҳукмдор муридларнинг пирига, «пир»ларнинг зўрига айланади. Натижада мамлакатни идора этишда умум халқнинг иштироки йўқолади — мана сизга зеҳниятни зарпечак қоплаши.
Бу билан тарихимизда ўтган ҳамма ҳукмдорлар золим, бутун адабиёт шундай демоқчи эмасман. Беш бармоқ бирмас. Аммо тарихимизда ўтган халқлар рўшнолик кўрмагани, эркинлик, озодлик нима эканлигини билмагани, урушларда ер тишлагани, қамчилар остида қон қусгани, камситилгани, ҳақоратлангани, оммавий тарзда қулдек ишлатилгани бу бор гап — асарларда эса деярли кўрмаймиз.
Хуллас, айтмоқчи бўлганим шуки, ҳукмдорларни улуғлашни бас қилайлик, уларнинг улуғларини улуғласак ҳам босқинчилик, зулм кўрсатганлари, қасрлар қурдирганлари учун эмас, балки келажагимизга тинчликсевар, оқил ва одил бўлиш руҳини олиб кирадиган қаҳрамонлар сифатида тасвиру тафсил этайлик. Ҳеч қурмаса, эртакларда!
Зеҳниятни қуллик зарпечагидан тозалаш учун зарпечакни юлиб отмоқ керак, лекин зарпечак зеҳниятни қўпориб кетмаса, бўлгани! Бу энди бошқа мавзу.
Манба: Fayzbog.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?