
Япониялик олимлар миянинг тез қариши сабабларини илк бор илмий жиҳатдан асослаб берди. Фудзита соғлиқни сақлаш университети ҳамда Токио тиббиёт фанлари институти тадқиқотчилари миянинг ёшга хос ўзгаришларини тезлаштирувчи ва турли руҳий бузилишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган янги биомаркерни аниқлашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда “Neuropsychopharmacology” журнали ёзди.
Мутахассислар сичқонлар устидан ўтказилган тадқиқотда 17 хил асаб ва психик касаллик моделларини таҳлил қилар экан, гиппокамп деб аталувчи мия қисмида “гиперпишганлик” ҳолати кузатилган. Гиппокамп — ҳиссиётлар ва хотира учун масъул бўлган марказ бўлиб, ундаги ҳужайралар ҳаддан ташқари тез ривожланганда ёки қариш жараёни жадаллашганда инсонда хавотир даражаси ошиши ва ҳиссиётни бошқариш қобилияти сусайиши аниқланган.
Тадқиқот раҳбари Хидео Хагихари таъкидлашича, гиппокампдаги бундай тез етилиш жараёни хавотир, депрессия ва шизофрения каби касалликлар учун умумий биологик асос бўлиши мумкин. Унинг фикрича, бу топилма келгусида миянинг “эрта қариши”ни аниқловчи янги диагностик воситага айланиши мумкин. Шу орқали бу ҳолат билан боғлиқ руҳий касалликларни олдиндан аниқлаш ва самарали даволаш имкони пайдо бўлади.
Олимлар сўзларига кўра, мия соғлиғини сақлаш учун мунтазам жисмоний ҳаракат — хусусан, аэроб машқлар катта аҳамиятга эга. Улар нейронлар фаолиятини фаоллаштиради, қон айланишни яхшилайди ва мия қариш жараёнини секинлаштиради. Шунингдек, ижтимоий фаол ҳаёт тарзи, фикрлашни талаб этувчи фаолиятлар — масалан, бошқотирма ечиш, янги тиллар ўрганиш ёки ижод билан шуғулланиш ҳам миянинг ёшлигини сақлашда муҳим рол ўйнайди.
Агар тадқиқот натижалари кейинги босқичда ҳам тасдиқланса, бу инсоният учун янги давр бошланишини англатади. Чунки миядаги молекуляр ўзгаришлар ва уларнинг руҳий саломатликка таъсири ҳақидаги билимлар руҳий касалликларнинг олдини олишда янги йўналишлар очиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул Федерал университети олимлари Америка райҳони экстракти мия қаришини секинлаштириши, яллиғланишни камайтириши ҳамда асаб тизими фаолиятини барқарорлаштиришини исботлаган эдилар.
Янги япониялик тадқиқот эса инсон мияси қандай қилиб вақтдан олдин “чарчаши” ва уни қандай йўллар билан сақлаб қолиш мумкинлигини янада аниқроқ тушунишга ёрдам бериши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!