00:39 / 03.04.2018
6 458

Суратдаги илоннинг макри

Суратдаги илоннинг макри
Рамзжон салкам бир йилдан буён якунлай олмаётган, ўзининг нозик таъбири билан айтганда «илоҳий» саналган картинаси қаршисида турибди. Унда бир қарашда совуқлик уфуриб турган, йигирма ёшидаёқ бева қолган аёлнинг бу ҳаёт синовларига нафрат туйғуси кўмилган ўткир нигоҳли қиёфасини тасвирлаяпти. Иш ҳали битмагани боис рассомнинг ҳам руҳи беҳаловат. Худди ҳомиласини ҳали тўла дунёга келтиролмаган аросатдаги онадек тўлғанади. Cуратга нимадир етишмаётганини англар, аммо шу нима эканининг тагига сира етолмасди. Ҳар тун битмаган чала ишни очиб, соатлаб термилар, тонгга яқин мато билан устини ёпиб қўярди. Мато очилганда суратдаги бева баттар совуқ нигоҳ билан боқаётгандек, борган сари унинг исёнлари янада кучайиб кетаётгандек хаёлни эзарди. Барибир, бўлмади. Рамзжон аёлнинг нозик қўллари остига ниманидир чизишни истаб, минг уринди, бўлмади.

Соатлар тинмай айланаверади. Рамзжон бугун ҳаво яхшилигидан дарров томорқага тушиб, одам бўйи бўлиб қолаёзган ёввойи ғумакларни ўрди. Темир ўроқ яшилликдан яйраб турган ўтларни чирсиллатиб кесаркан, гўё улар тирикликка видо айтишаётгандек Ер бағрига поя ташлаб, ётиб қолишарди. Шу пайт оёқ остида ола-чипор илон «вишиллаб» тезда судралиб томорқа пастидаги анҳор тарафга ўтиб кетди. Сесканиб кетган Рамзжоннинг юраги қинидан чиқиб кетгудек ура бошлади. Кўзи катта очилди. Ақлига бутун дунёни лол қолдирадиган кашфиёт сири келгандек шодликдан осмонга сакраб юборди…

Ҳозир у сурат қаршисида турибди. Қанчалик уринса-да, кўз олдига илон сурати келмаяпти. Қизиқ, аёл суратини бемалол кўзларини юмиб, тасаввурида жонлантириб чизганди. Бироқ ўткир боқиб турган нигоҳлар каби совуқ кўринишли илоннинг тасвири туғилмаяпти. Бунинг сири нимада экан? Балки, кенг далага бориб, илон тутиб келсамикин? Бу анча мураккаб иш. Ярамас махлуқлар заҳарли бўлса-чи, устига-устак, одамни олисдан кўрдими бас, дарров қочишга тушади. Рамзжон мўйқаламда нималарнидир чизгандек бўлди-ю, ўйлаган муддаоси амалга ошмагач, ўйлай-ўйлай бир фикрга келди.

Қишлоқ этагида жуда катта ёнғоқ дарахти ўсади. Одамлар орасида «тоза кампир» дея ном таратган Ҳалима буви шу ёнғоқ остига қўрғон қуриб олган. У табиблик ҳам қилади, ром ҳам очади, кинна ҳам солади. Қайсидир йили маҳалла посбони Азлар аканинг тўнғичи Азизанинг тоби бўлмай, шивир-шивирчи хотинлар ўлиб қоладиёв, дея миш-миш тарқатишганда тоза кампир қизни илоннинг заҳри билан даволаган экан. Демак, ундан ёрдам олса бўлади. Ҳарҳолда илоннинг заҳрини ола билган онахон уни қаердан тутишни ҳам билади. Шу илоннинг суратини жонлидек чизади-ю, Рамзжон неча йиллик, балки, бир умрлик орзусини якунлайди. Ажабмас, бу картина жаҳоннинг кўзга кўринган кўргазмаларидан жой олса. Ҳа, нима, арзимабдими, ноодатий сурат-ку?!

Бир-бирини қувлаб оқиб келаётган хаёллар уммонида шўнғиб Рамзжон катта ёнғоқ остидаги қўрғонга етиб келди. Ажабо, қўрғон кичиккина бўларди, анча катталашибди. Бу шум кампир бойиган кўринади, ўзи қўним топган бу маконни каттакон ҳовлига айлантирмоқчи, шекилли. Ҳақиқатан, бойлик — кафтдаги омад экан-да! Агар Рамзжон ҳам ёшгина бевасининг суратини дунёга олиб чиқса, пуллар остида қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Эҳ, орзулар доим ширин бўлади. Худо ҳам инсоннинг кўнглига орзу деган ширин меванинг хушбўй ифорини солавераркан.

— Нима қилиб турибсан, Рамз, ойбувинг ўша ерга сени қоқиб кетганмиди?

Рамзжон деразадан қараб, гап қотган кампирнинг сўзларидан чўчиб ўзига келди. Салом беришни ҳам унутди. Кампир эски рўмол остига узун қора сочларини яширган, қалин қўйилган ўсма изи пешонасига қўшилиб худди эртакдаги эркатой Қимматхон сингари сувратланганди. Етмишга чиқибдики, сочларига оқ тушмаган. Ажабо, Худонинг қудратини қаранг, баъзиларга қариликни ҳам чиройли қилиб ҳадя этаркан. Рамзжон муддаосини юрак ютиб гапирди. Кампир қотиб-қотиб кулгач, ўзига келди.

— Илоннинг ёнига илон сўраб келишса, кулгинг келаркан!

— Тушунмадим? — Рамзжон очиғи бу гапни тушунмади.

— Анави Темур бор-ку, эски кўчадаги тракторчи, ўшанинг пахтадек нимжон ўғли бор экан. Ўнга тўлса ҳам ҳали беш яшар боладек ўсмаган. Отасининг савлати қайдаю боланинг пачоқ гавдаси қайда? Ўша уч кун менга қатнаб, нимжон ўғлига дамлама ичирди. Бугун тонгда эшигимни тақиллатиб, «Фалон пулга берган дамламанг кор қилмади, болам, ҳалиям қувватлашмади», дейди. Мен барака топгурга бу сеҳргарнинг афюнимидики тезда таъсир қилса, бироз кутиш кераклигини, Худонинг хоҳиши келса, албатта, боласи паҳлавондек бўлиб кетишини уқтирдим. Сира мени тушунмай, «Илон!» деб ҳақорат қилса бўладими? Илонлигимни қаерда кўрибди экан? Шунга сен илон сўраб келганинг учун куляпман. Ҳозирги замоннинг йигитлари илгаригидек бақувват эмас, нозиклашиб кетяпти.

Рамзжон ҳам кулиб қўйди. Тоза кампир унинг нима учун илон сўраб келганини суриштира кетди. Хуллас, илон топилди…

Бизнинг рассомимиз ҳали бўйдоқ, ёлғиз онаси билан яшайди. Айтишларича, ёшлигида отаси бошқа аёлни деб, уйни ташлаб чиқиб кетган экан. Онаси эса бошқа турмуш қурмади. Ўғлини тарбиялаб, катта қилди. Сўнг Тошкентга ўқишга жўнатди. Бироқ Рамзжон имтиҳонлардан ўта олмади. Кайфияти тушиб, автобусда қишлоққа қайтаркан, машҳур рассом бўлиш учун ўқиш шарт эмаслигига, омад келса, албатта, ишлари юришиб кетишига ўзини ишонтирди.

Рамзжон расм чизмаса, туролмайди. Мана, у ўша биз тилга олган ишини якунлаш учун курашяпти. Илонни ҳам олиб келди. Бугун ҳаво негадир тунд, тонг отганига қарамай, қуёш кўринмайди, кулча-кулча булутлар ортида тентираб юрибди, шекилли. Рамзжон илонни банкага солиб, иш столи олдига қўйди. Матони очиб, ундаги сулувга доимгидан ҳам кўпроқ меҳр ва соғиниш билан боқди. Мўйқаламини олиб, заҳарли жонзотнинг суратини чиза бошлади. Осмондаги булутлар қалинлашиб, қаердандир пайдо бўлаётган шамол кучаймоқда. Табиат ҳам янги яралаётган асарнинг ноёблигига дош беролмай, исён кўтармоқда. Рамзжон ичида шивирлаганча илон қиёфасини гўзал беванинг ёнига туширди. Бир зумда кеч кириб, чақмоқ чақди. Тоғлар тошини тешгудек момақалдироқ гумбурлади.

Рамзжоннинг онаси қўшни қишлоққа меҳмондорчиликка кетган, баҳонада синглиси билан бир-иккита хонадонлардан келинликка қиз кўрмоқчи эди. Рамзжон учун ёлғизлик жуда ҳам зарур. Ижодкор ўзи билан ўзи қолган чоғдагина ноёб асарлар яратилади. Мана, у ҳозир ҳам қалтироқ қўллари увишиб қолса-да, минг ўчириб, қайта чизмоқда. Шу пайт банкадаги илон кучли талвасада вишиллаб, ўзини шиша деворларига қаттиқ ура бошлади. Оғзидан сарғиш тусда қандайдир суюқлик сачради. Қаттиқ шамол туриб, деразани очиб юборганида банка полга ағанади. Рамзжоннинг кўзларига чанг оралади. Банкадаги илоннинг қорин қисмига шиша синиғи кириб қонатди. Илон талвасада вишиллаб, Рамзжонни чақиб олди. Рамзжон типирчилаб, заҳар теккан баданининг жонсизланиб бораётганига амин бўлди. Илон эса полда судралиб, ертўлага тушиб кетди. Эрталаб қўшнилар базўр нафас олаётган йигитни шифохонага элтишди. Тугалланмаган сурат эса қаёққадир ғойиб бўлганди.

Бу пайтда Рамзжоннинг онаси қўшни қишлоқдан хурсанд бўлиб қайтаётганди…
Достонбек
Раҳматуллаев

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Суратдаги илоннинг макри