Ота-она борки, хонадонига келин олиб келишга, қизининг тўйу тантана билан уйидан келинлик либосида чиқиб кетишини орзу қилади.
Бу – биз, ота-онанинг орзу ҳаваси.
Энди ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: келин ким ўзи?
Келин – кечагина коллеждаги, институтдаги ўқишидан ҳориб-чарчаб келганда онажониси гиргиттон бўлиб, овқатини тайёр қилиб едириб-ичириб, бир зумгина ҳордиқ чиқариб олсин деб бошида парвона бўлган нозиккина, навниҳолгина, ҳимояга, парваришга муҳтож қизгина – ота-онасининг севинчи, кўз қароғи. У эшитса, фақат яхши сўзлар эшитган, ота-онасининг, ака-укаларининг ардоғида бўлган. Унинг тасаввурида дунё шундай гўзал сўзларга, яхшиликларга бурканган.
У – ҳар биримизнинг қизимиз.
Ана шу кўз нуримиз, академик шоирмиз Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда, жигаримиз қонидан бўлган зурриётимиз ўзга уйга келин бўлиб тушади.
“Келин” сўзининг луғавий маъноси “келгинди” демоқдир. Энди тасаввур қилинг, келгинди одам бошқа жойга борганда қандай аҳволга тушади. Ана ўша “келгинди” ота-онаси-ю яқинларининг меҳридан бошқа нарсани кўрмаган илк баҳордаги нозиккина чечакдек қизгина бўлса-чи…
Қизни кимга берган маъқул
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:
«Дини ва хулқи сизларга ёқадиган бир киши совчи бўлиб келса, қизларингизни ўшанга беринглар. Агар бермасангиз, ер юзида фитна ва фасод ишлар бўлади», деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан совчи юборган томоннинг амал-мансабига, молу давлатига эмас, дини ва хулқига қараш лозимлиги аён бўлади. Негаки, дини ва хулқи яхши бўлган оила ҳаммага яхши муносабатда бўлади, инчунун, келинига ҳам.
Никоҳда кўзланган мақсад
Уламоларимиз никоҳдан кўзланган асосий мақсадни баён қилиб бундай дейишган:
«Никоҳдан кўзланган мақсад зинодан ўзни тийиш ва фарзанд кўриш орқали инсоният наслини давом эттириш».
Демак, ўғил уйлаган, қиз чиқарган ота-она фарзандларини оғир гуноҳ ишдан ҳимоя қилади ва уларнинг воситасида наслини давом эттиради. Бунинг натижасида вақти етиб боши ёстиққа етса меҳрибончиликлар кўрсатадиган, ўтиб кетганда ортидан дуолар қилиб қабрини мунаввар этадиган авлодларга етишади.
Аслида никоҳланган икки ёш ва унинг атрофидаги одамлар бу никоҳдан сўнг хотиржамлик ва фароғатда яшаши керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай деган:
«Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир».
Унга чўри бўлсанг, у қулингга айланади
Қизини узатаётган онанинг фарзандига ўргатганлари унинг борган жойида сувга тушган тошдек бўлиб кетишида катта роль ўйнайди. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ «Иҳёу улумиддин» китобида Асмо бинти Хорижанинг турмуш қураётган қизига насиҳатларини келтирган. Ўша ибратли насиҳатга эътибор қилинг.
«Қизалоғим, ўсиб-улғайган уйингдан чиқдинг ва ўзинг танимайдиган ва олдин яқин бўлмаган кишининг уйига кетдинг.
У учун ер бўл, сенга осмон бўлади.
У учун ўрин бўл, сенга устун бўлади.
У учун чўри бўл, сенга у қул бўлади.
Унга хиралик қилма, ёқтирмай қолади.
Ҳадеб ундан ҳар нарсани талаб қилаверма, зада бўлади.
Ундан узоқлашма, эсдан чиқариб қўяди.
Сенга яқин бўлса, унга яқин бўл.
Сендан узоқлашса, ундан узоқ бўл.
Унинг бурни, қулоғи ва кўзини муҳофаза қил, сендан фақат ширин ҳидласин, фақат гўзал сўз тингласин ва сенинг чиройингни кўрсин».
Ибратли қайнона
Бир мўътабар онахонни танийман. Уни маҳаллада ҳамма “ая” деб чақиради. Тўққизта келин олган. Келинларининг ҳаммасини ўзи она бўлиб тарбиялаган. Келинларининг айбларини ўғилларидан яшириб ёш оиланинг аҳил ва иноқ бўлишини таъминлаган. Бу суҳбатни ўша онахоннинг турмуш ўртоғи, нуроний отахон ибрат учун менга айтиб берган эди:
«Аянгизнинг охирги келинининг ҳам пазандалик борасида тажрибаси йўқ экан. Олти ой мобайнида 70 га кирганига қарамай, келинни ёнига ўтирғизиб овқатни аянгиз ўзи пиширди, унга пишир-куйдирни ўргатди. Энг қизиғи, ана шу олти ой мобайнида ўғлимиз овқатни ойиси қилганини билгани йўқ. Гоҳида бомдоддан уйга қайтганда аянгизнинг кир юваётганини кўрардим – ўғлимизнинг кийимларини. Мен: “Эй жонингга раҳминг келсин! Бу нима қилганинг”, десам. “Келин ҳали ёш, арзимаган кирни деб икки ёшнинг орасида совуқчилик тушмасин”, дерди. Бир куни келин шимни дазмоллаётиб нимагадир чалғиб қиммат шимни куйдириб қўйди. Ҳали таҳоратхонада турган ўғлимиз сезмасин, деб аянгиз дазмолни қўлига олиб, “узр ўғлим қаричилик куйдириб қўйдим” деган эди. Ана шундай қилиб тўққиз келинни ўз қизларидай билиб мустақил ҳаётга тайёрлади. У: «Биз ёшларнинг айбини қидириб, уларни ўсиб-унишдан тўхтатиш ўрнига, айбларини яшириб, билмаганини ўргатиб оёққа турғизишимиз керак», дер эди».
Фазилатли куёв
Бугун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлига энг кўп яхшилик қиладиганларингиздир», деган ҳадисларига амал қилиб ҳамага намуна бўлаётган мард ўғлонлармиз бор.
Бугун аёлининг баъзи камчиликларини кўрганда, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аёлларга (яхши) муомала қилинглар, чунки аёл қовурғадан яратилгандир. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Шундай экан, аёлларга (яхши) муомала қилинглар!», деган ҳадисларига амал қилиб хатоларини кечириб, аҳл бўлиб яшаётган мард куёвларимиз бор.
Бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларга яхши ва чиройли муомила қилинглар. Улар сизнинг ҳузурингизда Аллоҳнинг омонати», деган эдилар.
Аллоҳ таоло ўзига омонат қилиб берган жуфти ҳалолини эъзозлаган ана шундай фазилатли эркаклар бу иши билан фарзандларининг яхши тарбия кўриб улғайишига ҳам жуда катта шароит яратадики, бундан ўзларининг икки дунёсига ҳисобсиз фойдалар етади.
Таклиф
Инсонлар тўкин-сочин яшашни қанчалик хоҳласа, аҳил-иноқ яшашни ҳам шунчалик истайди. Бунинг учун эса оилага исломий билим керак бўлади. Қилаётган ҳаракатини, айтаётган сўзини ояту ҳадисга мослаб олган киши ёмон гапларни гапириб бировни ранжита олмайди. Чунки дилозорлик қилишга тарбияси йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам хонадонларда ҳафталик китобхонликни ташкил қилайлик. Ёшу қари ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта йиғилиб ўқиган бадиий ва диний китобларни ўзаро муҳокама қилсин. Фикр алмашсин!
Аллоҳ барчамизни тўғри йўлга бошласин!
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли
Шайxонтоҳур тумани бош имом–хатиби
Шайxонтоҳур тумани бош имом–хатиби
Манба: Mulohaza.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди