Баҳорнинг одатдаги бир куни. Офтоб мўл-кўл нур сочяпти. Заррин ёғдулар Салиманинг ортидан қувишга аҳд қилгандай эрталабдан бери гоҳ теракларнинг ям-яшил япроқлари орасидан, гоҳ беҳи гуллари, олма новдалари орасидан ҳовлига ўрмалаб киради. Деразалар оша ичкарига мўралайди. Буни барча жонзотлар, ер остидаги чувалчанглару, қиш карахтлигидан эндигина уйғониб, деворлар кавагидан учиб чиқаётган пашшаларгача пайқади, бироқ Салима пайқамади. Шундоғам дарду дунёси қоронғи бўлиб турган пайтда қандай қилиб ҳам пайқасин, ахир? Эри уч қизи билан кўчага ҳайдаб солган, мана, бир йилдирки, ота ҳовлисидаги бир хонада мунғайиб яшаётган бўлса…
Ўз ёғига ўзи қоврилиб ўтирган жувон дарвозанинг таққиллашидан сергак тортди. Икки аёл ва қиличдек кийинган бир йигит кириб келишди. Аёллардан бири қимматбаҳо енгил ёмғирпўш ичидан тиззасини кўрсатиб тор юбка, иккинчиси узун камзул билан анчайин тор шим кийиб олибди. Икковининг эгнида ҳам бир хил — эркак ёқали оқ кофта кўриниб турибди, қора кўзойнак тақиб, офтобда ялтираб турадиган тим қора сумка кўтариб олишибди. Улардан бири обдан шиширилган соч турмагини бармоқлари билан енгил силаб алланима маслаҳат марказининг вакили эканини, шериги ҳам қайсидир масъул ташкилотдан ташриф буюрганини айтди. Салима шу тобда бу ташкилотлар номини англаб қоладиган аҳволда эмасди.
— Уйма-уй юриб, одамлардан ҳол-аҳвол сўраяпмиз. Тепадан шундай топшириқ бор, муаммоларингиз бўлса айтинг, — деди улардан бири.
Шундагина Салима сергак тортди. Худди мушкулини осон қиладиган Ҳизрни кўргандай кўнгли ёришиб кетди. Меҳмонларни шоша-пиша укасининг меҳмонхонасига бошлади. «Йўқ, у ёққа кирмаймиз, — деди аёллардан бири атрофга аланглаб, ҳовли деворининг сувоғи кўчган тарафига ўтаркан, — манави ерда гаплаша қоламиз. Шу асно ҳамроҳига юзланди: — Биз гаплашаверамиз, сиз расмга олаверасиз. Кейин мен расмга оламан».
Салима унинг гапини яхши англамаган бўлса-да, бош ирғаб, гап бошлади:
— Сизларни Худонинг ўзи етказди менга. Аҳволим жуда оғир. Болаларим билан бошпанасиз қолдим. Эрим қизларим билан бизни кўчага ҳайдаб, ўзи бир аёлни шаърий никоҳига олган… Ота-онамиздан кейин укамнинг уйига ўзим сиғаманми, учта қизим сиғадими?.. Уям жўжабирдек жон. Вақтида ўқимаган, пул топаман, деб гоҳ Россияга, гоҳ Қозоғистонга иш қидириб кетади. Илтимос, ёрдам беринглар. Ўзимга қолса, эрим билан ажрашмоқчимасман, қизларим отасининг уйида катта бўлсин, ўша ердан узатилсин, деб бир йилдан бери ариза кўтариб бормаган идорам қолмади. Эримдан ундирганим қизларимга алимент бўлди. Аммо ҳеч ким келин бўлиб тушган, эринг билан яшаб келган ўша ҳовлида қора-кўзларинг билан сенинг ҳам ҳақинг бор, демаяпти. Қишнинг қаҳратонида кўч-кўроним билан болаларимни кўчага чиқариб ташлаган қайнонам бизни яраштиришга келганларнинг қорасини кўриши билан ўзини ерга отиб, «Давлениям ошди», деб ётиб олади. Имомнинг ҳам, ҳукумат одамларининг ҳам гапига қулоқ солмайди. «Мендан айб ўтган бўлса кечиринг», деб эсим кетди. «Ўғлимга ўғил туғиб берадиган хотин керак», дейди кўзини лўқ қилиб. Қиз туққан хотин хотин эмасми? Наҳотки уч болам билан сарсон-саргардон бўлиб юраверсам… Ахир ўғилни Худо бермаса, бандасининг ўзи ясаб ололмайди-ку. Кошки буни қайнонам билан эримга тушунтириб бўлса экан.
— Шошманг, — тўлиқиб-тошиб дардини тўкиб солаётган Салиманинг гапини бўлди аёллардан бири. — Энди шеригим билан суҳбатлашинглар, мен бир-иккита кадр оламан.
Салима ҳасратини келган жойидан давом эттирди:
— Нима қилай, ахир мениям ҳуқуқларим бордир. Ҳали қонуний ажрамашганмиз. Майли, мен билан яшагиси келмаса, истаган одами билан яшасин. Аммо болалар униям боласи-ку… Укамнинг шароитиям унча яхши эмас. Мана, бир қишдан зўрға чиқиб олдик. Ўзингиз биласиз, уйни иситиш керак, ўтин керак, кўмир керак. Униям текинга беришмайди. Шу қизларимнинг бошпанасидан кўнглим хотиржам бўлса эди, мен ҳам бирор жойга бориб ишлаб, буларнинг ошу нони учун пул топардим.
— Бирор жойда нима қиласиз? — деди шим кийган хоним улама киприкли кўзини пирпиратиб, — шу ерда томорқадан фойдаланинг. Чорва қилинг, мол боқинг! Мана, давлатимиз имтиёзли кредитлар беряпти.
Салима тутақиб кетди:
— Томорқа қилгани ер, чорва қилгани жой қани, опа? Болаларим билан кўчада қолганман, деяпман-ку сизга!
— Вой, сиз бунақа қизишманг, — деди ҳалиги аёл, сўнг шеригига юзланди. — Бу хотинга психолог керак экан. Асаблари тамом бўпти. Психологниям қўшиб олайлик девдим-а, сиз шошдингиз-да…
— Биласизми, психологнинг бир соати неча пул туришини? Ўшанча пулли мижозини ташлаб, сиз билан уйма-уй юрармиди у?
— Менга психолог эмас, болаларим билан бирга хотиржам яшашим учун бошпана керак опа?! — деди Салима овозини бир парда пасайтириб.
Шундай деди-ю, психологнинг бир кунлик тушумини ўзаро ҳисоб-китоб қилаётган аёллар унинг гапини эшитмаётганини, эшитган бўлсаям эътибор бермаётганини англади. Пастки лабини тишлади. Умидлари пучга чиқди. Булардан бир ёруғлик чиқмаслигини тушуниб, бироз униққан кўйлагининг этагига термилганича аёлларнинг эрни ушлаб қолиш, оилани сақлаш учун нималар қилиши кераклиги ҳақидаги узундан-узоқ маърузасини жим эшитди. Аёллар эса телефонидаги расмларини текшириб, «Бу унчалик яхши чиқмайди, ҳисоботда чиройли кўриниши керак», дея яна бошқатдан бир-иккита расмга олишди.
— Ҳеч бўлмаса сиз менинг дардимни эшитинг, ука, — деди Салима боядан бери ҳали осмонга, ҳали уйнинг томига тикилиб, у ёқдан-бу ёққа бепарво бориб келаётган йигитга илтижоли термилиб. — Ахир ҳуқуқ-тартибот идорасиданман, деяпсиз-ку…
— Хўш-хўш, қани гапиринг-чи?..
— Мен нима қилай? Болаларимнинг отаси билан ҳалиям расман ажрашмаганмиз. Эрим яшаётган ҳовли камида 25 сотих келади. Ўшанинг бир чеккасидан ҳеч бўлмаса, 6 сотих жойини ажратиб беришсин. Қизларим билан гувала қилиб бўлсаям, уй тиккалаб, кириб олардик, қишгача…
Салиманинг гапига астойдил қулоқ солаётган йигитни ҳам ҳамроҳлари расмга ола кетишди. «Ўхх, ўхх, ўхх, ўзиям зўр кадр бўлди. Адиз жуда фотогеничний йигит-да», деди аёллардан бири бошини сарак-сарак қилиб. Йигит мийиғида кулиб қўяркан, Салимага яқинроқ сурилиб пичирлади:
— Ҳаммасидан хабарим бор, ариза ёзганмидингиз?
Салиманинг кўнгли яна умидланди.
— Ҳа, ҳа, сизларга ҳам ариза ташлаганман. Шу мушкулим осон бўлсин деб…
— Нима қиласиз эрингиз билан уй-жой талашиб?.. — деди йигит унинг гапини кесиб. — Ҳадеб аризабозлик қилавериб, ўзингизниям, бошқаларниям қийнавордингиз. Сизнинг ўрнингизда бўлганимда, уй-жой даъвосидан воз кечардим-да, тинчгина яшардим.
Салиманинг кўзи жиққа ёшга тўлди. Умидлари чил-парчин бўлди. Келиб-келиб шулардан ёрдам кутяпманми, деб ўйларкан бирдан бошига оғриқ кирди. Ич-ичидан бир ғазаб тошиб чиқди.
— Сиз эркак кишисиз, йўриғингиз бошқа! — деди аччиғини ичига ютишга уриниб. — Устига-устак учта бола билан кўчада қолганингиз йўқ. Мен болаларим учун югуриб-еляпман, ахир улар ҳам ўз ота уйида ўсишга ҳақли эмасми? Мана шу саволимга жавоб излаяпман?..
Йигит бетоқат депсиниб турган ҳамроҳларига қараб елка учирди:
— Гап уқтириб бўлмайди буларга. Ўзи тушунмайдиган хотин экан.
Салиманинг кўзидан дувиллаб ёш қуйилди.
— Майли, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, — деди аёллардан бири унинг елкасига бармоқларининг учини теккизиб хайрлашаркан. — Энди пешонада борини кўрасиз-да.
Салиманинг кўз олди қоронғилашди. Ўзининг жуда ҳам ожиз ва ночорлигини ҳис этди. У шу тобда «ҳол-аҳвол сўраб келувчилар»нинг тезроқ ҳовлидан даф бўлишини, кейин эса ерга муштлаб-муштлаб ўкириб йиғлашни истаётганди…
Ҳамрохон МУСУРМОНОВА
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди