Манчестер Юнайтед Матеус Фернандес трансфери бўйича музокараларни тезлаштирди

Манчестер Юнайтед жамоаси ёзги трансфер ойнасида ярим ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида Вест Хем Юнайтед аъзоси Матеус Фернандес учун курашга жиддий киришди. 21 ёшли футболчи Лондон клубининг омадсиз мавсумидан сўнг жамоани тарк этиши кутилмоқда ва ҳозирда "қизил иблислар" ушбу пойгада пешқадамлик қилмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клуб раҳбарияти ёш португалиялик иқтидорга узоқ муддатли ечим сифатида қарамоқда. Режага кўра, Матеус Фернандес янгиланган ярим ҳимоя марказида жамоа сардори Бруно Фернандес билан тандем ҳосил қилиши керак. Маълумотларга кўра, Манчестер Юнайтед трансфер қўмитаси футболчининг вакиллари билан алоқаларни янада фаоллаштирган.
Олд Траффордга кўчиб ўтиш истиқболи ёш футболчи учун жуда жозибали кўринмоқда, айниқса у келгуси мавсумда Чемпионлар лигасида тўп суриш ниятида. Бироқ, ушбу трансфер йўлида рақобат анча кучли. Арсенал уни Кристиан Норгаард ўрнига муносиб номзод деб билаётган бўлса, PSJ ва Атлетико Мадрид ҳам вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда.
Шунингдек, Англия Премер-лигасининг бошқа вакиллари — Челси ва Астон Вилла ҳам пойгага қўшилган. Италия А Сериясидан эса Интер, Ювентус ва Наполи каби грандлар ярим ҳимоячини ўз сафига қўшиб олишга қарши эмас. Вест Хем ўтган йили футболчини 38 миллион фунт эвазига сотиб олган эди.
Ҳозирда Лондон клуби Фернандесни 42-50 миллион фунт атрофида баҳоламоқда, бироқ жамоанинг қуйи лигага тушиб кетиши бу нархнинг пасайишига олиб келиши мумкин. Футболчининг амалдаги шартномаси 2030-йилгача имзоланган ва унда товон пули кўрсатилмаган, аммо молиявий босим туфайли Вест Хем уни сотишга мажбур бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!