09:30 / 02.07.2018
9 557

Психосоматика: Барча касалликлар "миядан" экани ҳақиқатми?

Психосоматика: Барча касалликлар "миядан" экани ҳақиқатми?
Гап нима ҳақида?

Баъзан шундай гапларни эшитиб қоламиз: томоқ стресс натижасида оғрийди, саратон бировни кечира олмаслик ва адоват сақлаш туфайли ривожланади, аллергия эса ичда ютилган ғазаб натижасида "ташқарига чиқади" - психосоматикага доир илмий ишларда шундай изоҳларни кўп учратиш мумкин. Қисқаси, бизнинг касалликларимизда ғам-ташвишларимиз айбдор. Бу психосоматика дейилади.

Фото: prozeny.cz

Бу қандайдир янгиликми?

Йўқ, бир замонлар ҳатто Гиппократ ҳам инсоннинг соғлиғи унинг феъл-атворига боғлиқ экани ҳақида айтган: "Меланхоликлар нафақат тушкун кайфиятдан азият чекишади, балки қорин соҳасида худди нина санчилгандек оғриқларни ҳис қилишади".

1920 йилда сил билан касалланган Франц Кафка ўзининг ҳолатига шундай таъриф берган: "Менинг онгим касал, ўпкамдаги касаллик эса шунчаки руҳий касаллигимнинг аксидир".

Ёзувчи Кэтрин Мэнсфилд ҳам шу касалликка чалиниб, ўзининг кундалигида шундай ёзади: "Расво кун... Азобли оғриқ ва ҳоказо. Бу фақат жисмоний заифлик эмас. Соғайиб кетиш учун мен ўзимнинг "мен"имни тузатишим керак. Шифо топмаётганимнинг асл сабаби ҳам шунда. Менинг онгим менга бўйсунмаяпти".

Сил касаллиги - асабданми? Асл сабабчи Коха таёқчаси эмасми?

Айнан шундай. Бактерия ҳаво-томчи йўли орқали юқади ва иммунитет заиф бўлса, ўпкага ҳужум қилади. Силни анчадан бери микробга қарши препаратлар билан муваффақиятли даволашади.

Бироқ психосоматикада гап фақат бактерияда эмас, "сил қилувчи фикрлар" - қайғу, тушкунлик, умидсизликда ҳисобланади. Мазкур гипотезага ишонувчилар сил касаллигида ҳар томонлама "чуқур нафас олиш"ни - тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш ва бор салбий фикрлардан халос бўлишни тавсия қилишади.

Бунинг қандайдир илмий асоси борми?

Қисман бор. Психологик ҳолат ҳақиқатда касалликлар ривожига таъсир қилиши мумкин, касалликлар эса инсон психикасига таъсир кўрсатади - далилий тиббиёт бу борада баҳслашмайди.

Шифокорлар депрессия ва стрессга чидамлиликнинг паст даражасини хавф омили деб ҳисоблашади: улар иммунитетни туширади, бунинг натижасида эса сил касаллиги фаол шаклга ўтиши мумкин. Олимлар шунингдек узоқ чўзилган стресснинг юрак касалликлари, астма, диабет, Альцгеймер касаллиги ва ҳатто саратон билан алоқасини тасдиқлашмоқда. Гап шундаки, стресс - бу ёмон фикрлар ва бошдаги ҳиссиётлар тўплами эмас, балки аниқ физиологик жараён. У организм фаолиятига таъсир кўрсатмай қўймайди.

Илм-фанда ҳатто психологик ҳолатнинг инсон танасига таъсирини ўрганувчи алоҳида йўналиш ҳам ҳам бор. У ҳам психосоматика деб аталади. Бироқ бу икки тушунчани адаштирманг: расмий тиббиёт "бошдаги" муаммолар баъзи ҳолатларда касалликни қўзғатиши мумкин деб ҳисоблайди, муқобил тиббиёт эса - барча касалликлар фақат асаблар фаолияти натижаси эканини таъкидлайди.

Шундай бўлса-да, психологик ҳолат ўз-ўзидан 100 фоиз саломатлигимиз учун жавоб бера олмайди. У фақат касалликни келтириб чиқарган омиллардан бири бўлиши мумкин. Алоҳида хавотирлар ҳеч ҳам муайян касалликлар билан боғлиқ эмаслиги табиий. Акне "катта ҳаёт олдидаги қўрқув" туфайли эмас, гормонал бузилишлар ва терини нотўғри парваришлаш натижасида пайдо бўлади. Саратон "ичга ютилган аламлар" сабаб эмас, ДНК мутациялари ва иммун тизими фаолиятидаги хатолар туфайли юзага келади.

Бу хавфли бўлиши мумкинми?

Фото: prozeny.cz

Ҳа. Психосоматика ҳатто энг оғир касалликларни ҳам психологик ҳолат билан изоҳлайди ва уларни психологик муаммоларни ҳал қилиш билан даволашни таклиф қилади. Бундай даволаш муолажалари ўз-ўзидан безарар (ҳатто баъзан фойдали ҳам), бироқ анъанавий тиббиёт усулларидан воз кечилганда у катта муаммолар билан хавф солади.

Масалан, психосоматика бўйича китоблар муаллифлари мастопатияни "азобланаётган кишига ёрдам бериш истаги" сифатида изоҳлашади. Аслида эса касаллик гормонлар мувозанатининг бузилиши натижасида пайдо бўлади. Агар уни фақат халқ табобати билан даволанса, у кўкрак бези саратонига айланиши мумкин.

Демак, бу ёлғон илмми?

Фото:«Мир24»/Елена Андреева

Психосоматик касалликлар ҳақиқатда мавжуд. Шифокорлар психик оғирлик қандли диабет, бронхиал астма ва яна қатор касалликларни келтириб чиқариши мумкин, деб ҳисоблашади. Улар даволаш муолажалари билан бир қаторда психотерапия, транквилизаторлар ва антидепрессантларни тавсия қилишади.

Одам ўзига ўзи касалликни "тўқиб чиқарса" ҳам, бу психосоматикага тааллуқли бўлади. Баъзан бу ҳақиқий касалликка олиб келади. Невропатолог Сьюзан О’Салливан ўзининг китобида бир бемор бошида шишни аниқлаб, бу саратон эканлигига қарор қилган ҳолатини тасвирлайди. Шундан сўнг унинг ўнг қўли ва оёғи фалаж бўлади - эркак ўнг ярим шар тананинг чап томони учун масъул эканини билмаган.

Баъзи кишиларда алоҳида белгилар муайян ҳиссиётларга ёки маълум бир вазиятларга реакция сифатида юзага келади. Масалан, эри ташлаб кетмоқчи бўлган аёлда кўпинча ҳаво етишмаслиги кузатилади. Ҳар сафар айрилиқ мавзуси кўтарилганида унинг аҳволи ёмонлаша бошлайди. Бу симуляция эмас, аёл ҳақиқатда ҳаво етишмаслигини ҳис қилмоқда. Бироқ жисмоний жиҳатдан у соппа-соғ.

Қолган барча касалликларда асосий сабабни руҳий ҳолатдан эмас, физиологиядан қидириш мумкин. Психосоматик қизамиқ ё психосоматик триппер бўлмайди. Ҳеч қачон сувчечак чиқмаган одам касалланган киши билан мулоқот қилганда уни юқтириб олиши ҳеч гап эмас ва бунда унинг ҳатто Ер юзидаги энг бахтли ёки ўз ҳаётидан мамнун киши эканлиги ҳеч қандай ёрдам бера олмайди.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Психосоматика: Барча касалликлар "миядан" экани ҳақиқатми?