Тақдир тақозоси билан Сурхондарёнинг Сариосиё туманида яшовчи Нормурод Маматов исмли собиқ ҳарбий хизматчи билан танишиб қолдим. У хизмат бурчини ўтаётганида автомобиль ҳалокатига учраб, ногирон бўлиб қолган, ўшандан буён ҳар йили Тошкент, Наманган госпиталларида даволанар экан. Бир неча йил олдин намозга кирган, ҳар гал учрашганимизда намозни қандай адо этиш, бошқа ибодатларни бажариш тўғрисида саволлар берар, Ислом дини таълимотларини англашга жуда қизиқар эди. Яна у ҳар икки гапининг бирида волидаи меҳрибонини ажиб бир эҳтиром билан тилга олар, онаси Ҳайит ҳожи она билан ҳар куни телефон орқали бўлса ҳам суҳбатлашмаса, дунёси қоронғу бўлиб кетишини айтиб, “мақтаниб” ҳам олар эди.
Хуллас, Нормурод билан дўстлашиб қолдик. Бир куни суҳбат чоғида у ўз юртига таклиф қилиб қолди: Термиз атрофида икки буюк Ислом олими Абу Исо ат-Термизий ва Ҳаким ат-Термизийларнинг мақбараси борлигини айтиб фахрланди, сафар асносида онаси билан ҳам таништирмоқчи эканини айтди. Уч киши – мен, дўстим Қосимжон ҳожи ва Мансур исмли укахонимиз билан “Қайдасан, Сурхон?” дея машинада йўлга чиқдик. Ярим тунда Сариосиёга, Нормуродникига кириб бордик. Эртасига унинг хонадонига туманнинг бир неча аҳли илмлари ташриф буюришди. Суҳбат қурдик, Нормуродникида бир маросим чоғида тасвирга туширилган видеолавҳаларни томоша қилдик.
Видеотасвирдаги бир лавҳа барчамизни ҳаяжонга солди, ҳатто даврадагилардан айримлари кўз ёшларини яшира олмай, рўмолча чиқариб қолишди. Ушбу хонадонда бўлган маросимда туман илм аҳлларидан Хушвақт ҳожи тўпланганларга ажойиб амри маъруф қилиб, бундай деган экан: “Агар бордию фаришта инсон сиймосида гавдаланадиган бўлса, мен укам Нормуродни фариштага қиёслаган бўлур эдим. Мен онани ҳурматлашни, волидани бошга кўтаришни шу инимдан ўргандим. Бизлар илм аҳлимиз, ота-онани ҳурматлаш бобидаги шариат кўрсатмаларини бошқалардан кўра теранроқ англаймиз. Аммо мен ҳам барча хатокор инсонлар каби онамни тузукроқ ардоқлай олмадим. “Ўғлим, бир пас суҳбатлашиб, кўнглимни бўшатай”, деб эшигимдан кириб келсалар, вақтим тиғизлигини, одамлар кутиб турганини, менсиз маросимларини бошлай олмасликларини баҳона қилиб, кўпинча ёлғиз ташлаб кетибман. Минг истиҳолада, қийнала-қийнала изҳор этган юмушлари ёки илтимосларини бажаришни пайсалга солиб, охири унутиб ҳам юборибман.
“Дийдорингга бир тўяй” деб келсалар, “аҳли-аёлим ва фарзандларим даврасида қолдириб, ўзим ҳамқишлоқлар юмушига жўнабман. Онаизорим илҳақ бўла-бўла, кута-кута, ўксина-ўксина бир куни мени ташлаб, Эгалари ҳузурига кетиб қолдилар. Мана бу кўзлар шундан кейингина катта очилди, мана бу ўксик дил шундан кейингина қандай оғир йўқотиш қилганини ҳис этди, мана бу нодон суҳбатдошингиз шундан кейингина ҳаётидаги энг меҳрибон, энг ғамхўр, энг ҳокисор инсонни бой берганини англаб, ўкраб-ўкраб йиғлади. Қанийди, ҳаёт бўлсалар, ҳамма ишимни ташлаб ёнларида ўлтирмасмидим! Қанийди, ҳозир ёнимда бўлсалар, дийдорларига узоқ-узоқ термулиб, дилимни бўшатмасмидим! Энди кўзимга суртгали кавушлари изини ҳам тополмайман.
Азизлар, оналарни ғанимат билинглар, хизматларини адо этиб дуоларини олинглар! Яна бир куни йўқотиб қўйиб, бизларга ўхшаб қалбларинг қақшаб, кўзларинг тўла ёш, армон-надоматда, афсус-хижолатда қолманглар! Онани қандай эъзозлашни мана бу иним Нормуроддан ўрганинглар. Одамлар бир маҳаллада яшаб туриб онасини ойлаб йўқламай юрганида Нормурод командир ҳар куни уч юз чақирим нарида яшайдиган онажонига қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрайди. Ногиронлигига қарамай, ҳафтада ёки икки ҳафтада олис Термизга, онасининг зиёратига жўнайди. Онажони ҳам бу эҳтиромга муносиб аёллар! Мен у кишини таърифлаб ўтирмай, ҳали Термизга бориб, ҳожи она билан кўришсанглар, ҳаммасини ўзинглар билиб оласизлар”.
Сариосиёда икки кун меҳмон бўлгач, Ҳайит ҳожи она зиёратига Термизга жўнадик. Шаҳар марказидан ўтиб, Фурқат кўчасидаги ҳожи она хонадонига кириб бордик. Қаршимиздан ўрта бўй, қорачадан келган, оқ дока рўмол ўраган, юзидан нур ёғилиб турган онахон пешвоз чиқди. Ҳаммамизни “хуш кепсизлар, азиз меҳмонлар, меҳмон – атои Худо, Аллоҳимга шукр, кечадан буён сизларни интизор кутиб ётибман” деб кутиб олгач, ўғлини маҳкам қучганича анчагача қўйиб юбормади. Онаизор командир ўғлини жуда-жуда соғингани кўриниб турарди. Ўғил ҳам онасининг пешонасидан ўпиб, қўлтиқлаб олди. Биргалашиб шинамгина уйга кирдик. Фотиҳа ўқилди, ҳол-аҳвол сўрашилди. Она-бола ўртасидаги муҳаббатни, самимиятни, эҳтиромни кўриб, гапнинг рости, ҳавасим келиб кетди. “Мен раҳматли онамни шундай суя олганмидим, ҳурматини жойига қўя олганмидим?!” деган армонли ҳислар қалбимни ўртади. Онани ардоқлашни, эъзозлашни ана шу Нормуроддан ўрганинглар, дўстларим!
Аҳмад МУҲАММАД
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади