Оилавий поликлиникада бўлганимда ёшгина келинчак ва докторларнинг ўзаро гаплари диққатимни тортди. Докторлар бир-бирларига қараб бош чайқаб қўйишар, ўз ташхисларини баён қилишар эди. Келинчак жуда ёш, ёш бўлишига қарамай ҳомиладор эди. У шифокорларнинг гапини эшитмасди гўё – юздан бирор маъно уқиш қийин эди. Шу тобда эшикдан бир аёл мўралади-да, хонадагилардан ўзини тортиб, яна эшикни ёпди. Ташвишли экани кўриниб турарди. Шифокорлар келинчакка рухсат беришди.
– Қайнонаси бояги аёлми? – деб сўради, шифокорлардан бири.
– Ҳа, ўша. Уялиб ўзини тортиб турибди.
– Нега ўзини тортади? – беихтиёр суҳбатига аралашдим таниш шифокорларнинг.
– Кўряпсизку, келинчак эндигина 16 ёшга кирган. Ҳомиласи яхши ривожланмаган. Қайнонаси шундан ташвишда.
– Кўринишидан зиёлига ўхшаб турибди. Билатуриб, вояга етмаган қизни келин қилибдими?
– Ўзи олий маълумотли, тажрибали шифокор.
– Кўра-била туриб, ёшгина қизалоқнинг ҳаёти билан ҳазиллашибдими? Қизнинг ота-онаси ҳам рози бўлибдими?!
Ҳа, билатуриб, таваккал қилишади. Турмушга чиқаётган қизнинг келажак орзулари ҳеч кимни қизиқтирмайди. Улар қизларини эртароқ “эгасига” топшириб, қиз тарбиялаш масъулиятидан озод бўлишни истайдилар. Яхшироқ, ўзига тўқ хонадондан сўраб келишса, бундай имкониятни қўлдан бермасликни хоҳлайдилар…
Самарқанд шаҳар 1-сонли туғруқ мажмуасининг бош шифокори Гулнора Жўраева билан шу ҳақда суҳбатлашдик:
– Гулнорахон, кўп йиллардан буён оналар ва болалар саломатлиги учун курашиб келасиз. Маҳаллий депутат сифатида фойдали таклифлар билан чиқасиз. Эрта турмуш қуриш оқибатларига гувоҳ бўлиб, ўз кўзингиз билан кўриб келяпсиз. Вояга етмаган келинларнинг фарзанд кўриши қандай кечади?
– Туғруқ жараёнида она ҳам, бола ҳам кўп жароҳат олади. Кўп ҳолларда операция қилишга тўғри келади. Агар онанинг ўзи туғса, бола жароҳат олади.
Ёш онанинг тос суяги ҳали ривожланмагани сабабли, очилмайди.
– Айтайлик, чақалоқ туғилди ҳам дейлик, онаси унга қандай муносабатда бўлади?
– Биласизми, улар на чақалоқ парваришини, на бола тарбиясини билишади. Чунки ўзлари ҳали ёш бола. Аёллар билан ўтказган учрашувларимизда бу ҳақида кўп гапирамиз. Аммо кунлардан бир кун эшигимиздан яна 16 ёшли келинчак кириб келганида, фарзанди соғлигига, келажак ҳаётига эътиборсиз ота-оналар ҳануз борлигидан хафа бўламиз.
– Гулнора Эргашевна, ота-оналарку тушунмас экан, ФҲДЁ ходимларининг кўзи қаёқда?
– Улар расмий никоҳдан ўтмай тўй қилишади-да.
– Ҳеч бўлмаса, шаърий никоҳ ўқитишади-ку?
– Буниси домлаларнинг виждонига ҳавола. Аммо турли етишмовчиликлар билан, ногирон бўлиб туғилаётган болалар учун ким жавоб беради? Аслида. Ҳамма нарса ўз вақтида бўлгани яхши.
Гулнорахон шифокор сифатида, депутат сифатида куйиниб гапираркан, ўз иш фаолияти давомида бундай ҳолларга кўп дуч келаётганини айтди…
Бир воқеа ёдимга тушди. Поездда 18-19 ёшлар чамасидаги қиз билан бир купега тушиб қолдим. Келишган, истараси иссиқ қизни чойга таклиф қилдим. Қиз тортинибгина рози бўлди. У жуда хомуш эди. Сўнг гапга киришиб кетдик. Яхшилаб танишиб олгач, бошидан ўтганларини гапириб берди. Фақат исмимни ва манзилимни айтманг, аммо ҳаётимни айтиб беринг, ҳаммага. Токи мен кўрган азобларни бошқалар кўрмасин, деди. Эндигина 19 ёшни қаршилаётган қизнинг қандай азоблари бор экан, деб ўйладим. Боя тортиниб турган қиз шикаста овозда ҳикоя қила бошлади.
“Отам яхшигина лавозимда ишларди. Уйда отамнинг айтгани қонун эди. Онам бошланғич синф ўқитувчиси, мендан кичик укам бор эди. Мен мактабда аъло баҳоларга ўқирдим. Барча фанлардан беш баҳо олардим. Айниқса, адабиёт фани жону дилим эди. Адабиёт ўқитувчимиз берилиб дарс ўтардилар. Жуда кўп шеърларни ёд олардик. Орзуларга берилардик. Илк шеърий машқларимни дафтарга кўчириб, муаллима опамизга кўрсатардим. Нафиса, келажакда ажойиб шоира бўласан, деб мени руҳлантирардилар.
9-синфни битириб, лицейга ҳужжатларимни топшириш орзусида юрганимда, онажонимнинг хафалигини, йиғлаганини сезиб қолдим. Хавотирга тушиб, нима бўлди, деб сўрай бошладим. Онажоним барибир сенга айтишим керак, деб сабабини айтди: “Энди катта қиз бўлдинг, сўзларимни охиригача эшит, мени тушунишга ҳаракат қил. Уч кун аввал сени сўраб, совчилар келишди. Отангнинг бошлиғи экан. Ўғли магистирликни чет элда тугатибди. Ишлашга ҳам хорижга кетармиш. Сенга уйланиб, сени ҳам олиб кетармиш…”
Бир ҳафта тинимсиз йиғладим. Мен ҳали турмушга чиқиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмагандим. Орзуларимнинг чеки йўқ эди. Ўқишни, тенгқур дугоналарим билан ҳунарлар ўрганишни орзу қилардим… Ойдай юзларимни ғижимлаб ташлагим, қора холларимни ўйиб олгим, узун, қалин сочларимни қайчилаб ташлагим келарди.
Бадавлат, обрўли хонадонга келин бўлдим. Зебу зийнатларнинг, қимматбаҳо кийимларнинг ичида қолдим. Эрим Анвар ака келишган, зиёли одам эди. Мендан ўн ёш катта экан. Менинг дилимдаги орзулар билан иши йўқ, ўзининг режалари ҳақида ҳам гапириб ўтирмасди. Мен бу уйда қимматбаҳо қўғирчоққа ўхшардим. Анвар акага нима деб гапиришни ҳам, ширин таомлар тайёрлашни ҳам билмасдим.
Тўйдан икки ой ўтиб, Анвар ака хорижга ишга кетди. Мен уйда қайнонам билан, катта амалдор қайнотамнинг меҳмонларини кутардик. Ҳомиладор эканимни ҳам сезмабман… Хуллас, ўлик чақалоқ туғилди. Ўғил экан. Кетганига бир йил ўтиб, Анвар ака хориждан келди. Менинг аҳволимни сўрамади ҳам, ўлик туғилган ўғлига ачинмади ҳам. Бир ой ўтиб, у яна хорижга кетди. Тўққиз ой ўтиб мен яна ўлик бола туғдим.
Анвар ака ота-онасига телефон қилиб, “Нафисанинг жавобини беринглар”, депти. Хорижда севган аёли ва бир қизчаси бор экан. Қайнотам бир дунё мол билан уйимга элтиб қўйди. Қайнонам йиғлаб қолди.
19 ёшимда икки бор туғиб, фарзандини қўлига ололмаган, эридан ажрашган бева аёлга айландим. Менинг дугоналарим ўзлари орзу қилган ўқишларда ўқиб юришибди.
Отам ариза бериб, ишидан бўшаб олди. Бир оддий ишхонада ҳисобчи. Ўзидан ўтганини ўзи билади. Кеча ҳаётимда биринчи марта отамга тик қараб гапирдим. Отажон, мен ўқишимни давом эттираман. Ўқийман, дедим. Рози бўлмасангиз қочиб кетаман, дедим. Отам ерга қараб ўйланиб қолдилар. Сўнг онамга: “Нафисани кийимларини тайёрланглар, қўлига пул бер”, дедилар. Менга: “Бегона жойга борма, ўқишга жойлашгунингча, аммангникида тургин”, дедилар.
Опажон, ҳуқуқшунослик коллежига ҳужжат топширишга кетяпман. Уни тугатиб, институтга кираман. Ҳуқуқшунос бўлишни истайман. Ўзимга ўхшаган қизларнинг ҳуқуқларини танитишга, ҳимоя қилишга қодир бўлгунимча ўқийман. Нега 16 ёшимда, отамнинг юзига тик қараб, мен эрга тегмайман, мен ўқийман, деб айта олмадим. Нега бахтсиз бўлдим? Опажон, айтинг, ҳаммага, инсонлар ўз фарзандларини 16 ёшларида бахтсизликнинг остонасига ўз қўллари билан элтиб қўймасинлар. Инсон дунёга бир марта келади, ахир. Мен аччиқ қисматимдан қочиб кетяпман. Мен бахтсиз қизни катта шаҳар қабул қилармикин?!”
Бу эрта турмушга узатилган биргина қизнинг оҳу зори эди. Улар атрофимизда юзлаб-минглаб топилади. Набирамнинг тўйини кўриб қолай, деб, ўлимини кутаётган кексалар, бойликка учаётган орзумандлар, ўз кўнглимизни деб болаларимизни бахтсиз қилмайлик. Уларни ўз орзуларига етишига ёрдам берайлик.
Оиланинг, турмушнинг, ҳаётнинг сўроқларига қўрқмай жавоб бера оладиган пайтларида, етук, расо, ўқимишли, доно бўлган кунларида тўйларини кўрайлик.
Хосият Бобомуродова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Манба: "Ҳордиқ" «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади