
Шахсий ривожланиш ҳақида гап кетганда, кўпчилик одатларни ўзгартиришни етарли деб ўйлайди. Аслида эса инсондаги ҳақиқий ўзгариш қандай ва қаердан бошланиши кераклигини тушуниш анча мураккаб жараён. Мана шу масалада Роберт Дилтснинг машҳур “Дилтс пирамидaси” инсон онгидаги ўзгариш босқичларини чуқурроқ англашга ёрдам беради.
Дилтс моделига кўра, ҳар қандай трансформация 6 та алоҳида сатҳда амалга ошади ва ҳар бир қават инсоннинг ички дунёсига босқичма-босқич таъсир кўрсатади.
1️⃣ Муҳит
Атрофингиздаги жой, муҳит, сиз билан мулоқот қиладиган одамлар — буларнинг барчаси фикрлашингиз, руҳиятингиз ва ҳаракатларингизга кучли таъсир кўрсатади. Кучли муҳит — кучли ўзгариш учун асос.
2️⃣ Хулқ-атвор
Кундалик одатлар, ҳаракатлар ва кун тартибингиз. Одатларни янгилаш инсонни албатта ўзгартиради, аммо бу пирамиданинг энг паст сатҳларидан бири ҳисобланади.
3️⃣ Қобилиятлар
Билим, кўникма ва фикрлаш услуби. Инсон шу сатҳда ўзига янги дарвоза очади: ўрганиш, тафаккур қилиш, таҳлил қилиш ва ижод қилиш қобилияти кенгаяди.
4️⃣ Қадрият ва эътиқодлар
“Мен нимага ишонаман?” деган саволга берилган жавоблар инсоннинг бутун ҳаётий қарашлари ва қарорларини белгилайди. Эътиқодни ўзгартириш — оддий одатни ўзгартиришдан кўра анча кучли таъсирга эга.
5️⃣ Шахсият
“Мен кимман?” деган ички қиёфа, ўз-ўзини англаш. Инсон ўзини қандай кўриши — унинг барча қарорларига асос бўлади.
6️⃣ Миссия
Ҳаётдаги вазифангиз, пировард мақсадингиз ва келажакда қайси йўлни танламоқчи эканингизни белгилайди. Миссия ўзгарса — бутун ҳаёт ўзгаради.
Шуни унутмаслик керак:
Одатни ўзгартириш — энг заиф ўзгариш. Эътиқод ва қадриятларни ўзгартириш — бутун ҳаётни илдиздан ўзгартиради.
Кўпчилик “Кўпроқ пул топишим керак” деб ўйлайди, аммо айримлар учун муаммо даромадда эмас — ўзини ким деб билишида. Агар инсон ўз ички қадриятларини тўғри белгиласа, унинг ҳаракатлари ҳам автоматик равишда тўғри йўлга тушади.
Дилтс пирамидaси бизга шуни кўрсатади: инсондаги ҳақиқий ўзгариш тепадан пастга эмас, пастдан тепага ҳам эмас — айнан ички дунёдан бошланади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.