
Ўзбекистонда 2024 йилда 45 мингдан ортиқ оила ажрашган. Афсуски, бу ажримларнинг 54 фоизига — “феъл-атвор уйғун эмаслиги” сабаб бўлган. Бу статистика битта ҳақиқатни кўрсатади: оила қуриш фақат севги ва тўй эмас, балки икки инсоннинг дунёқараши ва ҳаётга ёндашуви қай даражада мос эканидир. Аммо кўпинча танлов ота-она ихтиёрига ташлаб қўйилиши натижасида ёшларнинг ҳақиқий эҳтиёжи эътибордан четда қолади. Шундай экан, ажримларни камайтириш учун ёндашувни ўзгартириш — муҳим вазифа.
Мустаҳкам оиланинг асоси учун қизлар 6 та олтин мезонга эътибор беришлари лозим:
1. Хулқ-атвор ва инсоф
Хулқ-атвор ва инсоф биринчи ўринда туради. Яхши, жавобгарликни ҳис қиладиган ва сизни қадрлайдиган йигит — оила пойдевори. Аксинча, доим жаҳл билан гапирадиган, назоратчи, ҳақоратга мойил эркак билан тинч ҳаёт кечириш қийин.
2. Қўллаб-қувватлаш
Оилада доим ҳам яхши вазият бўлавермайди. Қиз шундай йигитни танлаши керакки, у қийин пайтда мушкул дамда ташлаб кетмаслиги керак, балки "сенинг муаммонг — менинг муаммом" деб ёнида турсин.
3. Эмоционал барқарорлик
Агар номзод ҳафтада бир-икки кун изсиз ғойиб бўлса, хафа бўлганда жим “йўқолиб” қолса ёки “ўч олиш” одатлари бўлса — бу хавфли сигнал. Бундай муносабат қизнинг маънавий ҳаётини емиради.
4. Дунёқараш мослиги
Дунёқараш мослиги оиладаги тинчликнинг бошланиши. Фақат ташқи кўриниш ёки романтика асосида танлов қилиш катта хато. Ўзингизга савол беринг: "Биз ҳаётдан бир хил нарсани истаймизми?"
5. Оилага муносабат
Йигитнинг онасига, опа-синглисига муносабати унинг бўлажак хотинига муносабатининг ҳақиқий ойнасидир. Бу ҳақда суриштирув қилиш — эртанги кунингизни билиш демак.
6. Молиявий масъулият
Пулдорликдан кўра, барқарорлик катта ўрин тутади. Унинг ишлаши, ривожланишга ҳаракат қилиши ва жавобгарликни ҳис қилиши муҳим мезон. Бойлик бўлиши шарт эмас, лекин масъулиятга жиддий ёндашиши керак.
Энг асосийси, қизларга “эр танлаш”ни эмас, “ўз қадриятларини англаш”ни ўргатиш керак. Ўз қадрини билган аёл шошмайди, номзоддаги салбий белгиларни кўрмасликка олмайди. Эслатма: “Тўйдан кейин ўзгаради” — бу мифдан бошқа нарса эмас. Ҳозир уни қандай кўраётган бўлсангиз, у шундайлигича қолади.
Муҳаббат ва ҳурмат умрбоқий бўлиши учун, қуйидаги мини-тест ёрдамида номзодингизни баҳолаб кўринг (ҳар бир бандни 1 дан 5 гача баҳоланг):
Унинг яқинида ўзимни хавфсиз ва ҳурматли ҳис қиламан.
Муаммо чиққан пайтда у мулоҳаза билан ёндашади.
Бизда суҳбат, қарашлар ва мақсадларда уйғунлик бор.
“Кейин ўзгарар” деган умидим йўқ.
У оиласига, яқинларига ҳурмат билан муносабатда.
У иш, моддий жиҳат ва масъулиятни жиддий қабул қилади.
У мени дўстим каби қўллаб-қувватлайди.
Натижа:
- 30+ балл – оила қуришни режа қилиш мумкин;
- 20–29 балл – яна кузатув зарур;
- 20 дан кам – бу муносабатда жиддий хавф мавжуд.
Kun.uz материалидан фойдаланилди
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.