20:06 / 17.08.2018
3 671

Тушунишга уриниш

Тушунишга уриниш
Ҳолат таҳлил қилинса равшанлашади. Қоронғи хонада шам ёққан каби.

Бизда энг муҳим, мамлакат тинчлигига, ҳавфсизлигига ҳамда мамлакатнинг стратегик мақсадларига алоқаси бор деб қараладиган қарорларни энг жамиятдаги қарор эгалари қабул қилади. Бошқача эмас.

Демак, энг қарор эгаларининг дунёқараши қарорларга бевосита таъсир этади. “Жамиятдаги қарор эгаларига таъсир этувчилар бор!” – десангиз ҳам, барибир – таъсирлардан таъсирланиш ҳам шахснинг ҳусусий ички сифатларига боғлиқ бўлади, бошқача эмас. Дарвоқе, қандай масалалар “энг мухим масалалар” деб қаралади – бу ҳам, ўз навбатида, муҳим шахснинг шахсий ҳусусиятларига боғлиқ бўлади.

Демак, ҳолатни яхшироқ англаш учун биз қарор эгасининг ҳаётий йўлини ва ундан келиб чиқадиган, эганинг дунёқарашини ақлий уриниш қилиб таҳлил қилишимиз лозим бўлади. Тушуниш учун.

100 йиллик

Ўткан 100 йиллик ўзига ҳос дунёқарашли инсонни юзага келтирди. Бу дунёқараш катта бир жамиятни – формацияни ҳосил қилди. Ҳозирда биз бу дунёқарашни ёмонлаш ёки яхшилашга эмас, балки тушунишга – илмий тадқиқ этишга муҳтожлигимиз бор. Нега? Чунки миллионлаб атрофимиздаги инсонлар ўша дунёқараш таъсиридалар ва айнан шу омил ҳаётимизнинг кўплаб тафсилотларини белгилаб турипди. Бошқача эмас.

Хусусан ўша – шу кунда бизнинг эътиборимизни олиб қўйган қарорларни ҳам.

Ҳа, эга шахс ҳам ўша 100 йилликда ҳосил бўлган муҳитнинг фарзандидир ва унинг ўй-у ҳаракатларини ҳаёти давомида шаклланган дунёқараши кўп жиҳатдан белгилаб турибди. Биз буни (уни) тушунишимиз лозим.

Стереотиплар

Стереотиплар бу – онгсиз равишда одам ўзига қабул қилиб оладиган “нарсалар”, кўникмалар. (“Онгсиз” сўзи бу ерда асосий сўздир) СССР даври мобайнида одамларимиз онгидан кўплаб нарсалар чиқариб ташланди ва ўрнига кўплаб бошқа нарсалар ўрнашди. 100 йил аввал оддий ҳол бўлган нарсалар кейинроқ ноодий бўлиб қолди. Мисол учун ҳозир соқол, ҳижоб ва бошқа кўплаб нарсаларни кўрганда кўпчиликнинг стереотиплари ишга тушиб кетади – ўрганиб қолган, онгига ўрнашиб қолган визуал кўникмаларга зид бўлган манзаралар уларда сесканишни келтириб чиқаради. Сесканиш маълум миқдорга етганда реакция – қарши ҳаракат истаги пайдо бўлади.

Аммо сабаби сўралганда сесканиш эгаси сабабни тушунтиролмайди, чунки стереотип – онгсиз нарса. Соқол ёки латта (ҳижоб) қай тарзда бировга зарар эканлигини у ўзи ўйлаб кўрмаган бўлади. Шунчаки у буни атрофида кўп кўришни хоҳламайди. Чунки сесканади – дискомфорт ҳис қилади.

Кўриниб турибдики, бу ерда жиддий мафкуравий зиддият мавжуд эмас. Бор-йўғи примитив реакциялар, холос.

Энди нима қиламиз, дўхтиржонга борамиз!

Ҳолатимизнинг биз учун синовлиги шундаки, биз жамият онгида ўрнашган стереотипларни кетказишни, бузишни уддалай олишимиз лозим. Бу эса биздан баъзи нарсаларни талаб этади.

Аввало ихлосни. Бошланиши ёмон эмас, шундайми? Ихлосимизни юксалтиришимиз ўз ички ҳолатимизни ростакамига тафтиш этишимизни тақозо этади. Бошқача эмас. Ихлосимизни бузиб турган нарсаларни қўлимизга фонус тутиб излаб, топиб, бартараф этишимизни талаб этади.

Яъни ҳолатимиз ўзгаришини истасак ўзимизни ўзгартиришимиз керак бўляпти. Ташқаридан илтифот кутишимиз эмас.

Жамиятнинг стереотипларини бузиш учун катта ихлос, ўша – стеретипларга ўралашиб қолган одамларимизга нисбатан катта меҳр, уларнинг ҳолига ачиниш, уларни тушунишга ҳаракат қилиш, ҳоли ўзгаришини қаттиқ исташ, ҳақларига дуо қилиш, буларнинг тадрижий натижаси ўлароқ халққа енгил бўлсин учун даъватга ижодий (креатив) ёндошиш, янги сўзларни, услубларни ўйлаб топиш, бу йўлда изланиш... буларни эпласак ўзимизнинг ҳолимиз енгиллашади.

Офиятнинг қиймати бор. Қиймати тилло билан эмас, балки сарфланган меҳр, ихлос, ҳиммат билан ўлчанади.
Муҳаммад ШАКУР

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тушунишга уриниш