10:27 / 06.09.2018
5 157

Кимдир бизга муваффақият формуласини совға қилишини кутадиган бўлсак, ҳеч нарсага эришмаймиз (ҳаётий масаллар)

Кимдир бизга муваффақият формуласини совға қилишини кутадиган бўлсак, ҳеч нарсага эришмаймиз (ҳаётий масаллар)
Тўқилган қўғирчоқлар

Эр-хотин биргаликда эллик йил умр кечиришди. Уларнинг бир-бирларидан яширган ҳеч қандай сирлари йўқ эди, фақатгина аёл бир қутида нимадир сақлар ва эрига ҳеч қачон уни кўрсатмасди. Эр бу қутини унутиб ҳам юборганди. Аёл бир куни касалхонага тушиб қолди. У умри тугаб бораётганини сезди ва эридан ўша қутини очишни сўради. Эр қутини очди ва кўзларига ишонмади. Унинг ичида икки дона тўқилган қўғирчоқ ва юз минг доллардан ортиқ пул бор эди. Эр касалхонага бориб хотинидан қути ичидагилар қаердан келиб қолганини сўради.

— Тўйимиз куни бувим мустаҳкам никоҳнинг сири жанжаллашмасдан яшай олишда деганди. Ҳар сафар сиздан жаҳлим чиққанида мен ип олиб қўғирчоқ тўқирдим, - деди аёл.

Эрнинг қалби ларзага келди. Қутида икки донагина қўғирчоқ бор эди. Демак, шунча йил давомида аёли фақат икки мартагина ундан жаҳли чиққан. У турмуш ўртоғини аста ўпди ва пуллар қайдан келганини сўради.

— Бу пуллар шунча йилдан буён тўқиган қўғирчоқларимнинг пули, - деб жавоб берди аёл.

Сеҳрли кўприк

Деҳқон ўғли билан йўлда кетаётган эди. Ўғил отасига нимадир ҳақида гапириб берар ва унинг гапи ёлғон эди. Деҳқон ўғлининг ёлғон гапираётганини билди ва деди:

- Ўғлим, ҳозир олдимизда кўприк келади. У оддий эмас, сеҳрли кўприк – ёлғон гапирган одам унинг устидан ўтаётганида кўприк синиб кетади.

Ўғил бу гапни эшитиб қўрқиб кетди ва ёлғон гапирганини тан олди.

Ота-ўғил кўприкка етиб келишди ва унинг устидан ўтишаётганидан кўприк бирдан синиб кетди.

- Мен сенга ёлғон гапиргандим, - деди деҳқон ўғлига. – Сеҳрли кўприклар бўлмайди.

Баъзида ўйламай гапирган гапимиз кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фото: Unsplash
Вақтнинг қадрига ет

Бир бизнесмен миллион-миллион доллар пул тўплади. У энди ишлашни бас қилиб, бир йил дунё кезиб, ҳордиқ чиқармоқчи бўлди. Аммо бу қарорга келиб улгурмасидан унинг олдида ажал фариштаси пайдо бўлди.

У фариштадан озгина вақт сўради:

- Менга уч кун яшашимга имкон бер – бойлигимнинг учдан бир қисмини бераман.

Фаришта кўнмади.

- Хўп, унда, икки... йўқ, уч миллион бераман! Менга гўзалликлардан баҳра олиш ва ишни деб анчадан буён бирга бўлмаган оилам билан бўлиш учун бир кун вақт бер.

Аммо фаришта қарорида қатъий эди.

Шунда бизнесмен ўғлига хат ёзиш учун бир дақиқа вақт сўради. Фаришта унга имкон берди.

«Вақтнинг қадрига ет, ўғлим, - деб ёзди киши. – Мен умрим давомида тўплаган миллионларимга ҳаттоки бир соат ҳам вақтни сотиб ололмадим».

Бефойда сабоқ

Бир куни ўрта мактаблардан бирига ўқитувчиларнинг дарсга тайёргарлик даражасини текшириш учун таълим вазирлигидан назоратчи келди. У дуч келган биринчи синфхонага кирди ва ғаройиб манзарага дуч келди: ўқитувчи аёл столга бошини тираганча ўтирар, кўриниши ҳорғин, болалар эса ўзлари билан ўзлари овора, кимдир чопган, кимдир шовқин солган, хуллас тартибсизлик ҳукмрон эди.

– Кечирасиз, мен назоратчиман, бирор муаммо юз бердими?– сўради назоратчи.

– Чарчадим, жаноб, бу болаларни нима қилишни ҳам билмай қолдим. На бир кўргазмали қурол бор, на вазирлик болаларга дарсда намойиш этишимиз учун бирор нарса беради... Менда уларни дарсга қизиқтирадиган ҳеч нарса йўқ...

Назоратчи ўқитувчи столи устида ёғоч қопқоқни кўриб қолди. У қопқоқни қўлига олиб болаларга яхши кўриниши учун баланд кўтарди ва синфга мурожаат қилди:

– Бу нима?

– Қопқоқ! – деб жавоб берди барча болалар жўр бўлиб.

– Яхши, у нимадан ясалган?

– Ёғочдан! Уларни махсус машинада ясашади, – турли жавоблар янгради.

– Ёғочдан яна нималар ясалади? – сўради назоратчи.

– Стул, стол, кема.

– Яхши! Мана, кемалик ҳам бўлдик. Ким кема расмини чиза олади? Ким доскага чиқиб харита чизиб, биз турган жойдан кемага энг яқин портни кўрсата олади? Яна қандай порт ва дарёларни биласизлар? Бу дарёлар қайси мамлакатларда жойлашган? Балки ўша мамлакатлардаги машҳур қўшиқчи ёки шоирларни танирсизлар?

Назоратчи бир вақтнинг ўзида география, тарих, мусиқа, адабиётдан дарс бера бошлади. Ўқитувчи турган жойида қотиб қолганди. Ниҳоят дарс тугаганини англатувчи қўнғироқ чалинганидагина аёл ўзига келди:

– Катта раҳмат, жаноб назоратчи. Сиз менга берган бу сабоқни бир умр унутмайман.

Орадан бир оз вақт ўтди. Назоратчи ўша мактабга яна келди ва яна ўша ўқитувчининг дарсига кирди. Ва яна ўша манзарага дуч келди: аёл ҳорғин кўринишда, стол устида бошини эгиб ниманидир қидирарди. Ўқувчилар югуриб юришар, шовқин солишарди...

– Сизга нима бўлди? Мени эслаяпсизми?

– Ҳа, жаноб, албатта эслайман, сизни унутиб бўларканми. Келганингиз яхши бўлди! Қаранг, мен қопқоқни топа олмаяпман! Қаерга ғойиб бўлдийкин?

Хулоса: Агар кимдир келиб бизга муваффақият формуласини совға қилишини кутадиган бўлсак, ҳеч нарсага эришмаймиз. Ўзимиз ҳаракат қилишимиз, тасаввуримиз, онгимизни ишга солишимиз даркор. Олдимизда турган вазифани фақат ўзимизгина бажара оламиз.

Фото: Unsplash
Худога ишонмайдиган сартарош

Бир сартарош мижознинг сочини оларкан, Худо ҳақида гап бошлади:

— Агар Худо бўлса, шунча касал одамлар қаердан келган? Ота-онасиз болалар, адолатсиз урушлар қаердан? Агар У бўлганида эди, ҳеч қандай қайғу ва оғриқлар бўлмасди.

Барчани севадиган Худо шундай ишларга йўл қўйишига ишониш қийин. Шунинг учун шахсан мен Унинг мавжудлигига ишонмайман.

Шунда мижоз сартарошга деди:

— Биласизми, дунёда сартарошлар йўқ.

— Қанақасига? — ҳайрон бўлди сартарош. — Улардан бири қаршингизда турибди.

— Йўқ! — хитоб қилди мижоз. — Сартарошлар мавжуд эмас, акс ҳолда ҳов анави кишига ўхшаган соч-соқоли ўсиб кетган одамлар бўлмасди.

— Ахир гап сартарошларда эмас-ку! Шунчаки улар сартарошга боришмайди.

— Ҳамма гап ана шунда! — деди мижоз. — Худо бор. Фақат одамлар Унга интилишмайди. Шунинг учун дунёда қайғу ва оғриқлар ҳам бор.

Яхши ҳукумат қандай бўлади

Бир куни шогирдлардан бири Конфуцийдан сўради:

– Яхши ҳукуматнинг асосий белгилари қандай бўлади?

– Егулик, қурол ва халқнинг ишончи, – жавоб берди Конфуций.

– Тасаввур қилайлик, улардан биридан воз кечиш керак бўлса, нимадан воз кечардингиз?

– Қуролдан.

– Яна биридан воз кечиш керак бўлса-чи?

– Егуликдан.

– Лекин егуликсиз халқ ўлади!

– Азал-азалдан ўлим инсон тақдирига битилган. Аммо ўз ҳукуматига ишончи йўқолган халқнинг келажаги йўқ.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Кимдир бизга муваффақият формуласини совға қилишини кутадиган бўлсак, ҳеч нарсага эришмаймиз (ҳаётий масаллар)