Гоҳида айримларнинг ёзғирганини эшитиб қоламиз: “Дуо қилаверамиз, бирортасининг қабулини кўрмадик!” Ахир, қонун-қоидасига мувофиқ ёзилмаган биргина ариза ҳам қабул қилинмас экан, шартларига риоя этилмаган дуо қандай ижобат бўлсин?! Оддий бандадан нимадир сўрашнинг ўзига хос йўли, одоби бўлганида, оламлар Парвардигоридан сўрашнинг одоби бўлмасинми?
Дуо, таъбир жоиз бўлса, ҳузури илоҳийга юборилган арзнома. Инсоннинг ўз ожизлигини эътироф этиши. Одамнинг ўзи-ўзига кифоя бўлолмаслигини билиши. Банданинг борлиғи битта юракка айланиб илоҳий Даргоҳга юкуниши. Бор кучи, бутун имкониятини ишга солиб ҳам мақсадига етолмаган одамнинг Парвардигоридан мадад сўраб қилган нидосидир.
Кўпчиликнинг дуолари худди мактубсиз хатжилдга ўхшайди. Буни бошқачасига ифодаласак, жасад бору, руҳ йўқ, пўсти бору, мағзи йўқ.
Ёшланмаган кўз, қизармаган юз, ҳис қилинмаган минг бир сўз билан айтилган дуолар илоҳий Даргоҳга қандай ҳам юксалсин? Ёнмайдиган, сирқирамайдиган, соғинмайдиган, инграмайдиган юракнинг фарёди бўладими ўзи? Тош қотган қалблар ДУОдек улуғ мурожаатномани қайси куч билан манзилига элтсин? Овозини ўз эгасига ҳам етказа олмайдиган, ўзи соҳибининг сасини эшитишдан ожиз бўлган юрак юксакларни ларзага солиб қандай ҳайқира олсин?
Буни тушунган одам, бола онасидан бир нимани оёқ тираб сўраганидек, қатъият билан дуо қилади. Худди “Фотиҳа” сурасини ҳар куни ўнлаб марта ўқигани каби қайта-қайта илтижо қилади.
Дуо бамисоли ҳузури илоҳийга юборилган таклифнома. Унда таклифнома эгасининг манзили ёзилган бўлиши керакки, ижобат этувчи уни топсин. Бу эса инсоннинг Яратган ҳузурида қоим туришидир. Ҳақ ҳузурида туриш қоидасини бузган ёки уни билмаган киши одамларни уйига таклиф қилиб, ўзи уйидан кетиб қолган масъулиятсиз кимсага ўхшайди. Шу аҳволда унинг дуосини самимий деб бўладими?
Айтайлик, манзил ҳам топилди. Энди даъватига жавоб берувчи ва инояти билан ижобат этувчи Аллоҳ таолога пешкаш қилгани кўнгил керак бўлади. Ломакон (макони йўқ) Зотга юракдан бошқа назаргоҳ борми? Бироқ У Зот ҳирсу ҳавас денгизига ғарқ бўлган, дунёга муҳаббатни ўзига жо қилган юракка меҳмон бўлармикин? Шоир айтганидек:
Сур, чиқар ағёрни дилдан Ҳақ тажаллий айласун,
Подишоҳ кирмас саройга хона маъмур ўлмаса.
Банданинг бардоши тугаган заҳоти Аллоҳ таоло ёрдамга етишади. Сиз кучингиз тугаган нуқтада эканингизга аминмисиз? Агар ҳали кучингиз бўлса, у битгунича таваккулни тугал қилиб, ҳаракатдан тўхтаманг. Мадорингиз қолмай, иложсизланган пайтингиз эса кутмаган жойингиздан нажот эшикларини очувчи Эгамнинг қудратига гувоҳ бўласиз!
Тоиф сафаридан қайтишда Расулуллоҳнинг (а.с.) сўнгги умидлари ҳам пучга чиқиб, гумроҳлар отган тошлардан покиза вужудлари қонга беланиб, ҳориб-чарчаб бир девор панасига чўкдилар. Ақлнинг чораси қолмаган, камситилган, ҳорғин ва ғамнок ҳолда ўзларини муҳаббатуллоҳнинг мушфиқ бағрига ташладилар. Кейин муборак дудоқлардан нидо отилиб чиқди ва илоҳий Даргоҳга ўша заҳоти юксалди. Пайғамбарлик даврнинг бурилиш нуқтаси бўлди бу дуо:
“Илоҳим! Мадорим тугаганини, чорасиз қолганимни ва одамлар орасида хор бўлганимни фақат Ўзингга арз қиламан. Эй раҳмлиларнинг энг марҳаматлиси! Сен Парвардигоримсан, эзилганларнинг мададкорисан. Мени кимларнинг ихтиёрига ташлаб қўйдинг? Менга ғаддорлик қилганлар қўлигами?..
...Майли, Сен мендан ғазабланмасанг бўлгани, бошқасига парво қилмайман. Аммо марҳаматингдан умидворман. Сенинг нурингга юкунаман, зулматларни ёритгувчи нурингга...
Келиши мумкин бўлган азобинг, менга етиши эҳтимоли бўлган қаҳрингдан қочиб қутулиш имкони бўлган бошпана қидирмоқдаман. Сенга сиғинаман, мендан рози бўлсанг, бас. Барча куч-қудрат Сендадир, ёлғиз Ўзингда!..” (Ибн Ҳишом, “Сийра”).
Содиқ Носир
Манба: Irfon.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади