Фурқатнинг юзсизларча, бир туки сесканмай, масхарага қоришиқ айтган бу гапларини эшитса, нафақат одам, ҳатто илон пўст ташлайди.
Одамзод метиндан-да мустаҳкам экан. Насибанинг аламдан юраги тўхтаб қолмади, ҳушини йўқотмади. Бўшашганча ўтириб қолмади. Кўнглининг туб-тубидан сизиб чиқаётган зардобларга тиқилиб ҳам қолмади.
Титраб-қақшаб Нафосат аянинг хонасига кирди. Кирди-ю, онанинг бағрига ўзини отди ва ҳўнграб йиғлаб юборди.
Уй хизматчиси Ойша ҳам ҳайрон. Азбаройи қўрқиб кетганидан, рангида ранг қолмаган. Касал-пасал бўлди шекилли деб ўйлаб нуқул қўл-оёқларини уқалар, ора-сирада унсиз қон йиғлаётган Нафосат аяга жавдирарди.
— Бўлди, қизим, бўлди, — она-да, дарров ўзини қўлга олиб Насибанинг бошини қучди. — Йиғлаб мени куйдиравермагин! Менам бўларим бўлиб ўтирибман! Худо олсин ундайларни! Илоё рўшнолик кўрмасин! Қон қусиб ўлмаса розимасман!..
— Ундайлар қон қусмайди, ойи-и! — йиғи аралаш сўзланарди Насиба. — Ифлоснинг гапирган гапларини бир эшитсангиз эди, ойи-и! Мени, аёллик ғуруримни ер билан битта қилди ифлос! Қандай чидайма-ан, қандай?..
— Сенга айтдим телефон қилса олма деб! Қулоқсизсан ўзингам! Телефон қилса қилиб ўлмайдими?!. Падарига лаънат ундайларнинг!..
— У… Менга шарт қўйяпти! — деди ҳиқиллашдан тийила олмай Насиба. — Бажармасам, қаматиб юборармиш.
— Ким? Нега шарт қўяди? Арпасини хом ўрганмидинг уларни?..
— Энди нима қиламан? Қай бирига чидайман? Мен аҳмоқ Билолни чиқаришда ёрдам берса керак, пул сўраса керак деб ўйлабман. У ифлос…
— Қўй, йиғи-сиғи билан иш битмайди. Билол қамоқдан чиқиб ҳам қолмайди. Буёғига нима қилишни ўйлаш керак. Хўш, прокурорингга яна қўнғироқ қип кўрдингми?
— Йўқ, — дея шоша-пиша ўрнидан қўзғалди-ю, кўз ёшларини арта-арта қаддини ғоз тутди Насиба. — Телефоним пачоқ бўп кетди. Деворга ургандим…
— Майли, Ойшахон, нариги хонадаги телефонни опчиқинг! Ҳозир…
— Энди кеч бўлди, ойи! Эртага қўнғироқ қиламиз. Майлими сизнинг ёнингизда қолсам? У хонага киришга қўрқяпман!
— Ётақол, — қизини маҳкам қучоқлаб олди Нафосат ая. — Бугун би-ир иккаламиз ачом-ачом қилиб ётайлик-а? Қани, ётақол! Ўзим сочларингни силабгина ётаман! Ухлайқол, қўзим!
— Ҳалиям ёш боладай эркалайсиз-а, ойи? Ахир…
— Жим, — гапни энди ҳазилга бурди Нафосат ая. — Ола бўжилар кеп қолади, жим! Ухла!..
Онанинг шу биргина ҳазили Насибани қувонтириб, кулишга, эркаланишга мажбур этганди.
Нафосат аянинг кафтларини юзига босганча ухлаб қолди.
* * *
Яна тонг отди. Оллоҳнинг нури бўлмиш қуёш яна олис тоғлар ортидан аста мўралаб шаҳарга тафт улаша бошлади. Бироқ Насибанинг кўнгил тонги ҳали-вери ёришадиган эмасди. Уйғонди, онанинг эркалашлари қуршовида нонушта қилган бўлди. Томоғидан қил ўтмаётганига қарамай, зўрлов билан бир тишлам нонни ютди. Кейин эса…
Қалбини ваҳима булути қоплади. Қоп-қора булутлар қаддини эгишга, дунёдан воз кечишга, борса-келмас деб аталмиш ёқларга кетишга, тарки дунё қилишга ошиқтирарди. Фақат онага меҳр, вужудида меҳмон бўлишга аҳд қилган фарзандига бўлган умид тўхтатиб қоларди.
«Ана, яна ҳаммаси бошидан бошланади, — ўйларди машина рулини истамайгина бошқариб бораркан. — Ҳозир қайси дўконга бормай, клуб, цехга кириб бормай, ҳойнаҳой прокуратура, СЭС, мелисалар кўндаланг бўлади. Сўроқ-саволга тутади, ишимни ёпишга мажбур этади. Анави мараз Фурқат арз қилиб улгургандир. Қўлларимга кишан солиб қамоққа олиб кетишади. Онажоним дод солганча қолаверади. Ҳеч ким унинг фарёдига қулоқ тутиб ўтирмайди. Одамзод шунақа шафқатсиз мавжудот. Қўшниникида аза бўлса ҳам тўй қилишдан тийилмайди. Тўй сиғиб кетаверади кўнглига. Чунки аза уникидамас, қўшниникида бўлади. Қанчалар разиллик…»
Насиба ярим йўлга етганда, дафъатан тормоз босди. Нимадир ёдига тушган каби рулни ортга бурди.
У Билол ўқийдиган университетга бориб суриштиришга аҳд қилди. Қалбидаги шубҳалар ёлғон эканига амин бўлишни, қаршисида Билолнинг юзи ёруғлигини ўзи учун қайта-қайта исботлашни хоҳлади.
Не ўйлар, гумонлар, қўрқув, даҳшатлар домида ниҳоят университет ҳовлисига келиб тўхтади ва машинани четроққа қўйиб ичкарига йўл олди.
Журналистика факультети биринчи қаватда жойлашган. Тепасига «Декан» ёзувли тахтача илинган эшикни оҳиста тақиллатди ва жавоб кутиб ўтирмай, ичкарига кирди.
Тўрда ёши олтмишларга борган, оппоқ сочли эркак ўтирар, қандайдир қоғозларни титкилаш билан овора эди.
— Келинг, қизим, — деди у даст ўрнидан туриб. — Қани, ўтиринг!
Насиба кўрсатилган курсига чўкди. Эркак эса стол устидаги қоғозларни бир четга сурди-да, ҳурмат юзасидан столини айланиб ўтиб Насибанинг рўпарасига келиб ўтирди.
— Хуш кепсиз, қизим! Нима хизматлар билан келдингиз? — сўради у мулойимлик билан.
— Мен… Билол Валижонов деган талабани қидириб келувдим, — деди Насиба. — Шу ерда ўқийди адашмасам.
— Билол Валижонов ҳақиқатан бизнинг факультетда ўқийди, — деди эркак кулимсираб. — Мен декан бўламан. Исми-шарифим Муродилла Қўшматович. Хў-ўш… Билол сизга ким бўлади? Укангизми?..
Насиба ростини айтишга негадир қўрқаётганди. Деканнинг бу саволи далда бўлди.
— Ҳа, укам, — деди таваккал. — Анчадан бери кўришмовдик. Шунга…
— Жуда соз. Билол жуда тиришқоқ талаба. Факультетимизнинг фахри десам сира хато бўлмайди. Билими кучли. Аммо бир айби бор. Балки ўзингизам биларсиз бу айбини?
— Й-йўқ, — деди янада эҳтиёткорлик билан Насиба. — Айбини… Билмас эканман…
— Биласиз. Прогулчи у. Жуда кўп дарс қолдиради. Тўғри, аълочи, дарсларга кирмасданам имтиҳон, зачётларни аълога топширади. Лекин университетда қонун битта-да! Шуни ҳисобга олсак, прогул қилавериши… Айтганча, қизим, боя бизга олдин милиция, кейин прокуратурадан хат келганди. Билол бирор айб қилибдими, билмайман, қамаб қўйишганмиш. Тушдан кейин талабамизнинг қанчалик аълочи ва хулқи яхшилиги ҳақида ёзиб жўнатвормоқчийдим. Сизниям хабарингиз борми?
— Ҳа, хабарим бор, — деди Насиба оғир хўрсиниб. — Шунинг учун келувдим бу ерга. Туҳматга қолди у. Умрида ёмонларга қўшилмаган. Билмадим… Кимга керак бўлдийкин…
— Хавотир олманг, — деди декан норози бош чайқаб. — Шубҳа-гумонларни йиғиштиринг. Биз бор эканмиз, Билолни чиқариб оламиз. Сира қайғурманг!
Шу бир оғиз сўз Насибанинг кўзларини мошдек очган каби қалбида қайтадан ҳаётга меҳр, яшашга иштиёқ туғилди. Рўпарасидаги деканга ихлоси ортди. Шундай одамлар борлигига шукр қилди.
— Майли, мен борай, — дея аста ўрнидан турди у. — Кўнглим тинчланди. Борингларга шукр, домла!
— Сизгаям раҳмат! Укангиз ҳақида қайғурибсизми, демак, сиз-у биз бир хил фикрларканмиз! Яна айтаман, ташвиш тортманг! Мен бугуноқ ректорга чиқаман. Ўша милициясигаям, прокуратурасигаям қўнғироқ қилиб чиқариб олади Билолни!
— Хўп, яхши кунларингизда хизмат қилайлик! Хайр!
— Хайр, қизим!
* * *
Декан билан бўлган суҳбат Насибанинг қалбида Билолга нисбатан ишонч ҳамда меҳр ортишига туртки бўлди. У Билолга янада қаттиқроқ ишона бошлади. Ишонч ҳисси янада кучга тўлиб, вужудига сингиб боргани сайин меҳри шунча кучлироқ товлана борди. Йўл-йўлакай, Фурқат билан Билолни таққослаб кўрди. Билол устун келди. У талаба эри ҳақиқий дўст эканини яна бир карра чуқурроқ англади.
— Қанийди ҳозир мўъжиза юз берса-ю, — дерди овоз чиқариб. — Билол қамоқдан қутулиб чиқиб мени супермаркетда кутаётган бўлса! Қанчалар мамнун бўлардим, енгил тортардим-а!..
Аслида Яратганнинг мўъжизалари кўп. Уларни бармоқ билан санаб тугатиб бўлмайди. Шу тобда қийналган, умри деярли ҳам руҳий, ҳам жисмоний азобда ўтган, ҳар қадамда таҳқирланган, алданган, масхараланган Насибанинг оҳлари худога етмай қолишини ақл бовар ҳам қилмасди.
Супермаркетларидан бирига етиб келиб, шоша-пиша кабинетига кирди-ю, худонинг қудратига тан берди.
Кўзларига ишонмади.
Оҳлари дарров кўкка етганига ҳадеганда ишона қолмади.
Чунки кабинетда Билол уч чоғли нотаниш, барваста, кўркам йигитлар билан чақчақлашиб ўтирарди.
— Нега менга хабар бермадингиз? — Насиба кирди-ю, саломни ҳам унутиб Билолга ташланди. — Ахир, ўзим олиб келардим-ку ўша қарғиш теккан жойлардан!.. Йўқ, йўқ, мен туш кўряпман шекилли. Туш кўряпман-а, тўғрими?..
Йигитлар уни тушунгани учун ими-жимида кабинетни тарк этишганди.
Насиба илкис ҳушёр тортиб эҳтиёткорона ортга тисланди.
Билол эса кулимсираганча сукут сақларди.
— Нега индамаяпсиз? — деди Насиба ваҳима аралаш. — Ўзингизмисиз ё адашдимми? Уйқудаманми?..
— Ўзимман, — деди ниҳоят Билол Насибанинг икки елкасидан оҳиста қучиб. — Қўйворишди. Айбимни исбот қила олишмади. Ҳалиги… Самин ака деган прокурор бориди-ку!
— Хўш, бўлса нима қипти? Уям сизни айбладими?
— Йў-ўқ, эшитгин-да гапни охиригача! Ўша одам ўртага тушди. Хуллас, чиқариб олди. Ишни ёптирди. Аммо…
— Нима аммо? Айтинг тезроқ, юрагим ёрилиб кетади ҳозир!
Билол киссасидан бир парча қоғоз чиқарди-да, Насибага узатди.
— Шу қоғозда ёзилган пулларни анави йигитлардан бервориш керак экан.
Насиба қоғоздаги рақамларга бир қаради-ю, қайтадан Билолга тутқазди.
— У йигитлар ким ўзи? Ишончлимикан? Тағин «ухлатиб» кетишмасин булар ҳам! Бунисини кўтара олмайман энди!
— Улар ўша прокурорнинг одами. Ўзим кўрдим. Бирга боришди милиция бўлимига!
— Хўп, — деди Насиба чуқур нафас олиб. — Ҳозир пулларни берамиз. Барака топсин прокурор ҳам! Кеча асабимга ўйновди, ҳарқалай ёрдам берибди. Демак, ёмон одаммас. Юринг, тез пулни берамиз-у, уйга жўнаймиз! Ойим ҳам мотам тутиб ўтирибди!..
Шу лаҳзаларда Насибадан бахтиёр одам йўқдек эди.
Қўл остидагилар билан бир-бир кўришаркан, бир гапириб ўн кулар, Билолнинг қўлини сира қўйиб юбормасди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”