НАФИСА
Бойларнинг хонадонида туғилиб ўсган қизлар одатда эрка ва инжиқ, худбин, димоғдор бўлишади. Жаҳлини чиқарсангиз-у, кашшоқлардан эканингизни сезиб қолишса, «Сен ўзи кимсан? Кучала еган ерингга бориб кучан! Ҳаддингни бил!», қабилидаги ҳақоратларни ёғдиришдан ҳам тойишмайди.
Хайриятки, ҳадемай йигирма ёшни қаршилай деган Нафиса бундай нуқслардан мосуво бўлди. У гўдаклигидан севимли онаси Насибанинг не азобда ишлашларини, тортган хўрликларини, мушкулотларини, надомат-у, армонларини баравар елкасида ортмоқлаб ўсди. Кўча-кўйда қийналган одамларни кўрса, сўнгги бир бурда нонини-да, бўлишишга тайёр турди.
Фақат… Насиба бошидан ўтган қийинчиликлар Нафисанинг ҳам бошига тушиб қолмаслиги учун уни болаликдаёқ спортга берди. Нафиса онасининг хоҳиши билан каратэчи бўлди. Шу нарса ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган қизни сал эркакшодароқ қилиб қўйди. Ўзига, кучига ишонгани учун мактабда ҳам синфдош ўғил болалар билан худди ўртоқлар каби дадил туриб суҳбатлашарди, худо кўрсатмасин, синфдош қизлардан бирига қайсидир ўғил бола шилқимлик қилса ёки ранжитадиган гап айтса, шу заҳоти ўртага тушарди. Керак бўлса, ўша боланинг қулоғини чўзиб, бурнини деворга ишқарди…
Шуларни қайта-қайта ўйларкан, онаси қуриб қўйган нуфузли кафелардан бирига кириб келди. Шу ерда негадир хотиржам тортади. Қўлига бир чашка кофеми, чойми олади-да, узоқ-узоқ ўй суриб ўтиради. Хўрандаларнинг келиб-кетишларини зимдан кузатади. Қачонки, асабийлик нари чекинса, аста ўрнидан қўзғалади-ю, уйига жўнайди.
Бугун ҳам шундай қилмоқчи эди. Кўз ўнгидан кечаги манзара кета қолай демасди.
Онаси Насибанинг тундлашиб қолиши, ортда лойга ботган, кийимлари исқирт икки эркакнинг бири отаси эканини тасаввур қилгани сайин асабий лаб тишлай бошларди. Бир кўнгли барибир отаси борлигидан тўла бошласа, бир кўнгли онасини хор-зор қилишга уринган бу тасқарани тепкилаб ташла дерди. Аммо шайтонга қўл бериб ўрганмаган. Шайтонни ўша исқирт отасидан ҳам минг чандон ёмон кўради. Шунинг учун индамайгина қўл силтаб қўя қолишни афзал билиб, аста ўрнидан қўзғалиб кетишга чоғланди. Бироқ икки қадам олдинга юриб улгурмай, беихтиёр кафе бурчагидаги барга кўзи тушиб таққа тўхтади.
Бар «стойка»лари олдида худди ўша кеча ўзи онаси билан бирга кўргани икки исқирт эркак бармен билан нима ҳақиқадир баҳслашарди. Чамаси, бармен уларни чиқиб кетишга ундар, эркаклар эса икки қўлини кўксига қўйганча нималардир деб ёлворарди.
Нафисанинг қалби беихтиёр ларзага келди. Худди иситмаси кўтарилган бемор каби аъзойи бадани ўт бўлиб ёна бошлади.
Билмайди. Бу қандай ҳис бўлдики, Нафисани ҳаяжонланишга, титрашга мажбур этмоқда. Негадир оёқлари ҳам ўша томон юришни ихтиёр қилмоқда…
Нафиса лабларини қаттиқ тишлаганча шоша-пиша барга яқинлашди.
Эркаклар уни кўрди-ю, ўзларини икки қадам четга олди. Йўқ, бугун иккаласи ҳам бинойидек кийиниб олибди. Кундалик жинси шим, қора кофта…
Худди эгизаклар каби бир хил кийинишгани Нафисани янада ажаблантирди. Ўзига қолса, эгизак бўлса керак деган ўйга борарди. Онаси Насибанинг «улар ака-укайкан», деган гапи эсига тушди-ю, тилини тийди.
— Буларга нима керак экан? — сўради бармендан нарида турган Фурқат ва Билолга қараб олиб. — Тинчликми? Ё тиланчилик қилишяптими?
— Нафисахон, жондан тўйдирворишди бу алкашлар, — арз қила кетди бармен. — Эрталаб сўфи азон чақирмасдан келволиб бир стакандан ароқ сўрашувди. Бердим. Пулини ҳозир опкелиб топширишмоқчийди. Опкелишмабди. Яна икки шиша ароқ берармишман. Ҳақини эртага албатта етказишармиш. Э, бунақаларнинг милёнтасини кўрворганмиз. Опкелмайди. Туришини кўряпсиз-ку, бир-биридан исқирт. Ҳе, «бомж»лар!..
— Менга қаранг, Тилаш ака, — деди жиддийлик билан Нафиса яна бир карра отаси бўлмиш Билолга кўз ташлаб олиб. — Бировларнинг устидан кулиш яхшимас. Худогаям хуш келмайди. Агар ўзингизам шуларнинг кунига тушиб қолсангиз, нима қилардингиз? Кейин-чи, менинг ёнимда ҳаётда дўқламанг қашшоқларни! Тушундингизми?..
Тилаш бармен Нафисанинг пўписасини эшитди-ю, бош эгган кўйи икки қўлини кўксига қўйди. Шундай қилишга мажбур эди. Нафиса жаҳли чиққанда қандай тезоб ва жаҳлдор қизга айланиб қолишини биларди.
Гап қайтариб қўйса, тепки еб қолишдан, ишдан ҳайдалишдан қўрқарди.
* * *
Шу тобда қаёқдан пайдо бўлишди, билмайди, икки стол нарида юзларига қора ниқоб тортган, қўлларида кушхонанинг узун пичоқларини сиқимлаган уч барзанги пайдо бўлди.
Ўша маҳал кун шомдан ўтганди. Кўчалардаги симёғочларга ўрнатилган чироқлар ҳам кетма-кет ёқила бошлаганди.
— Оллоҳу Акбар!.. — қичқирди олдиндаги барзанги кафе эшигини ичкаридан тамбалаб қўйгач. — Ҳамманг полга юзтубан ёт хонасалотлар! Ёт дедим! Кассир қани? Вей, «Шилта», кассирни ушла! Пулларни қуртдек қилиб санаб бермаса, сўйвор!..
Бу орада қолган барзангиларнинг бири телефон симларини ҳам узиб ташлади. Полга турнақатор ётиб олганларнинг, ҳатто, барменнинг ҳам қўл телефонларини тортиб олди. Навбат Нафисага етди. Қиз қаршисига яқинлашиб келиб, оғзидан тупук сачратганча зўрлигини кўрсатишга уринаётган, юзи тўла ҳуснбузарми, ё бошқа алламбалоларга тўла озғин, узун бўйли бу босқинчига хотиржамлик билан қараб қолди. Босқинчи эса у сукут сақлагани сари жаҳл отига минарди.
— Вей, сен нега ётмадинг полга-а? — қичқирди босқинчи ва Нафисанинг елкасига қўл чўзди.
Ана энди буёғига тек туриш сира тўғри келмасди. Нафиса бир зарб билан босқинчининг қўлини суриб ташлади. Босқинчи қаршисидаги қизнинг бу қадар қайсарлигини кўриб аламдан тамом бўлаёзди. Жонҳолатда қўлидаги кушхона пичоғини томоғига тираш учун чоғланди. Нафиса эса унинг пешонаси аралаш кучли зарба йўллади.
Босқинчи лоф бўлмаса, ўн метр нарига учиб полга чалқанча қулади. Қулади-ю, уни ўчди.
Шериклари ҳам анойи эмас-ку! Улар аллақачон ими-жимида кассадаги пулларни қора целлофан халтага жойлаб кетишга чоғланиш арафасида экан. Ҳамтовоғининг калтак еб йиқилганини кўришди-ю, баравар Нафисага ташланишди.
Уларга бир марталикдан оёқ зарбаси етарли бўлди. Кўрибсизки, уч босқинчи, ҳозиргина «Оллоҳу Акбар» дея дунёга жар солган маразлар қаторлашганча кафе полида «ухлаб» қолишди.
— Илтимос, ҳаммангиз ўрнингиздан туринг! — қичқирди ҳануз ўрнидан туришга қўрқаётган мижозлар, кафе ходимларига Нафиса. — Бундан кейин ҳеч ким сизларни хафа қила олмайди. Тилаш ака, манави пулларни кассага солиб қўйинг. Кейин милицияга қўнғироқ қилинг! Манави нусхаларни опкетишсин!..
Тилаш оби-тобида пулларни кассага қайта қўйиб келгандан кейин қўрқа-писа Нафисага яқинлашиб, полда чўзилиб ётганлар тарафга ишора қилди. — Синглим… Ўлиб қолмадимикан ишқилиб?..
— Бунақалар трамвайнинг тагида қолсаям бутун чиқади, — деди Нафиса. — Мелиса чақиринг, келишгунча уйғонишади ноз уйқусидан. Хуллас, ҳаммасини сизга ишондим. Мен тез уйга бормасам бўлмайди.
— Хўп бўлади! — деди Тилаш бармен қўлини кўксига қўйиб. — Раҳмат, синглим!..
* * *
Нафиса уйга янада тушкун кайфиятда қайтди. Уни бир томондан тайёрга айёрлик қилишга уринган босқинчилар ташвишга солса, иккинчи томондан яхшими, ёмонми, баттолми, бағритошми, барибир падарининг юриш-туриши азобларди. Ич-ичидан номаълум ва ўта кучли фарёд отилиб нақ бўғзига тиқилаверарди. Бу фарёдни бўғзидан юлиб ташлашга уринарди. Аммо ҳадди сиғмасди. У гўёки отаси кўринишидаги фаришта-ю, оғзи орқали кириб бўғзида тиқилгандек туюлаверарди…
Онасига кўрсатган кунлари учун хаёлан бўлса-да, қарғашга, иймонсиздан олиб иймонсизга солишга шайланарди. Шу заҳоти шашти аллақаёқларга ғойиб бўларди-ю, бўшашганча қолаверарди…
Отасининг бир марта бўлсин чақалоқлигида қўлига олиб эркаламагани, эсини таниганда бир марта бўлсин узоқдан ҳам қўл силтаб саломлашмагани алам қиларди.
Кейин бирпас кўксидаги чўғ оловга айланарди-ю, дарров ўчарди…
Шундай ўйлар гирдобида уйга қандай етиб келганини ҳам пайқамабди.
Ҳовлидаги сўрида онаси йўлига кўз тикиб ўтирган экан. Нафиса машинасининг эшикларини ёпди-да, бир муддат Насибага — меҳрибон волидасига ўша ердан туриб тикилиб қолди.
Бечора аёлнинг сочлари пахтадек оқарибди. Ёши қирқдан ўтибоқ, юзларига ажин оралабди. Дунёнинг ташвишлари ҳам қуриб кетсин. Одам қачонгача қўрқиб-пусиб умр кечиради? Қачонгача қузғунларга ем бўлади. Қачон хотиржам тортади-ю, ўзи учун ҳам яшайди? Нега онамни худонинг берган куни шундай маъюс ҳолда кўравераман? Қачон юзларига, лабларига табассум югуради? Агар мен уни шу дардлардан, безовталик ва қўрқув, алам, армонлардан халос эта олмасам, нега дунёга келдим? Тайёрига айёр бўлиб яшаш учунми? Йўқ, бугундан эътиборан менинг онам етти қават кўрпача устида ўтириб, ҳаётнинг гаштини суради. Ойижонимнинг дардларини, ташвиш юкларини мен елкамга оламан. Тамом, вассалом!..
* * *
Нафиса оҳиста юриб келиб онанинг кўксига бош қўйди-да, бир муддат сукутга солди. Шу баҳонада онанинг юрак уришига қулоқ тутди. Унинг юраги ҳамон безовта урар, кўксининг аллақаерида безовталик ҳисси изғирди.
Вужудининг аллақаери билинар-билинмас титрарди.
— Ойижон, бугунам кафенгизга қора ниқоблилар бостириб кирди, — деди Нафиса шивирлаб. — Қўлларида узун пичоқлариям бор.
— Нима? Сен… Ўша ердамидинг? — Насиба бу хабарни эшитди-ю, турган ерида сапчиб кетди. — Нима қилди? У ярамаслар сенга ёмонлик қип қўйишмадими ишқилиб?..
— Вой ойижоним-эй, — деди онасининг оқарган сочларини силаб Нафиса. — Бошқа одам бўлса, дарров пулларини суриштирарди. Сиз эса барибир мени қайғурдингиз-а! Қайси сайёрадан тушгансиз ўзи, ойи? Нибируданми, Марсданми?..
— Гапира қолсанг-чи, — бу саволларга жавоб қайтариш ўрнига Насиба қизининг икки билагини сиқимлаб олди. — Бирор еринг лат емадими ишқилиб?
— Нега лат ейиши керак? — деди Нафиса. — Худди қизингизни билмайдигандай сўрайсиз-а! Уччала ярамасниям мелисага топширвордик. Пулларни эса кассага қайтардик. Хавотир олманг! Менга ҳеч ким жароҳат етказа олмайди. Ҳали унақаси онадан туғилган эмас.
— Сен барибир эҳтиёт бўлгин-да, қизалоғим, — деди Насиба йиғламсираб. — Ундайларга ишониб бўларканми?!. Орқадан келиб пичоқ тиқволса нима қиламан мен?..
— Хўп, манави ерга ўтирайлик, — сўрига ишора қилди Нафиса тоқати-тоқ бўлиб. — Қани, ўтирволинг-чи! Жуда яхши-и! Энди менинг гапларимга яхшилаб қулоқ солинг, ойи! Қулоқ соласизми?
Насиба фарзандининг бу қадар меҳрибонлигидан янада кўнгли бўшаб кўзлари ёшланди.
— Қулоқ соламан, — деди Нафисани бағрига босиб. — Нима гапинг бор? Айтавер, болам, айтавер!..
— Эртадан бошлаб ҳамма дўкон-у цехларни тунги клубгача менга ўтказиб берасиз. Ўзингиз ишга чиқмайсиз. Етар! Шунча ишладингиз, умрингиз иш, иш, ишминан ўтди. Хўш, нима топдингиз? Ҳеч нарса. Агар манави алмисоқдан қолган икки қаватли уйни айтмаса, ҳеч вақонгиз йўқ. Одамларга ўхшаб курортларга бормайсиз. Тоғларга чиқиб ҳаво алмаштирмайсиз. Мен ўтган ҳафтадагидай давлинангиз кўтарилиб азоб чекишингизни хоҳламайман.
Насиба қизининг бу гапларини жим тинглаб тургач, қалби янада кўпроқ фахр туйғусига тўлиб Нафисани қаттиқроқ қучиб олди. Лекин нимадир ёдига тушдими, дарров қўлларини тортиб олди ва шоша-пиша ўрнидан қўзғалиб, бир қадам ортга тисланди.
— Бизнесни менинг номимга ўтказинг дегандай бўлдингми? — сўради у Нафисага аланг-жаланг боқиб. — Н-нега?
— Вой, ҳозиргина айтдим-ку негалигини! — тутоқиб кетди Нафиса. — Ҳалиям ишлашдан воз кеча олмаяпсизми? Шунга қўрқиб кетдингизми? Барибир ишламайсиз, ойи-и, ишламайсиз! Агар мени севсангиз, ишламайсиз!.
— Ишламайман, қизим, ишламайман, — деди Насиба мажбуран кулимсираб. — Фақат… Бир воқеа эсимга тушиб кетди. Шунга…
— Қайси воқеа? Айтинг, ойи! Нима гап?..
Насиба гап бошлашга шошилмасди. «Айтсамми-айтмасамми?», деган ўй миясини кемира бошлаганди. Лекин бошлашга бошлаб қўйган. Нафиса барибир айтмаганига қўймайди.
— Қачонлардир анави гўрсўхта отангминан турмуш қурганимда, — деди Насиба лаблари титраб. — Тўйдан кейин ҳеч қанча ўтмай, уям бизнесимни номига ўтказиб беришимни сўраганди. Гўё менинг ортимдан ёмон одамлар соядек эргашиб юрганини баҳона қилганди. Ўшанда унга ишонгандим. Дарров ўтказиб бергандим. Шунга…
— Нима?.. — Онасининг бу гаплари кўксига тиғдек санчилиб, Насиба ранги оқаринқираган кўйи ўрнидан туриб кетди. — Ҳали… Сиз… Менгаям… Ўзингиз аччиқ тўлғоқ еб туққан, шу кунгача эркалаб, дунёларига ишонмай катта қилган қизингизгаям ишонмайсизми?..
— Йўқ, йўқ, асло ундаймас, — деди Насиба кулимсираб. — Шунчаки… Ўша ярамас отанг эсимга тушиб кетди холос. Сенга эса бизнес экани-у, жонимни сўрасангам кўксимдан суғуриб бераман, жоним. Сен бу алдоқчи, шафқатсиз, қонхўр ва йирингхўрлар макон тутган дунёда якка-ю, ёлғизимсан. Сенга ишонмасам, ернинг бетида нима қилиб сандирақлаб юрибман? Албатта ишонаман-да!..
— Унда эртагаёқ шу ишни тугатишимиз керак. Чўзиб бўлмайди. Ўша ифлослар менминан гаплашсин энди.
— Вой, қизим, тағин биронтасини ёмон уриб қўймагин! Билиб бўладими. Қаматворишданам тоймайди у қонхўрлар!
— Хавотир олманг, — деди Нафиса онасининг икки елкасидан тутиб. — Мени қаматадигани ҳали энасининг қорнидаям йўқ.
— Бўпти, эртага сен айтгандай ҳамма ишимни хатлаб бераман. Ҳозир, юр, ош ланж бўп кетди. Биргалашиб ейлик!..
* * *
Сарвари оламга тун чўкди. Оймома замин узра сайр қилиб, зориққанларга ўз нурларини тарата бошлади. Шаффоф нурларини ҳеч кимдан, яхшидан, ёмондан, дилозордан, қотилдан, шоҳ-у гадодан ҳам дариғ тутиб ўтирмади. Барча-барчага ўзининг илиқ тафтини ҳадя этишда давом қилди.
Шу паллада Нафиса ҳашаматли ётоқнинг ҳашаматга бурканган каравотида деразадан оймомани жимгина томоша қиларди. Ҳадеганда кўзларига уйқу қўнавермаганидан, миясини турли ўйлар забтига ола борарди.
«Ана энди мен олчоқлар, порахўрлар, текинхўр ўғри-ю, босқинчиларга кўрсатиб қўяман, — ўйларди у. — Менинг онам не машаққатларда топган пулларни талон-тарож қилдириб қўймайман. Агар шу ишни қила олмасам, ўлиб кетаверганим яхши. Биргина онасининг оғирини енгил қила олмаган фарзанднинг яшашга ҳам ҳаққи йўқ.. Дарвоқе, кўзимни юмдим дегунча, ўша дилозор, шафқатсиз, тошюрак, баттол отамнинг сиймоси хаёлимда гавдалана бошлайди-я! Унга на ачинаман, на ғазабнокман. Кўнглимнинг туб-тубида милтиллаган чироқ ёниб тургандек бўлади. У мендан отамга яқин боришимни, унга ёрдам беришимни талаб қилаверади. Бошқа бир четида эса зулмат ҳукмрон. Зулмат мендан у одамни нари ҳайдаб солишни, гуноҳ бўлса-да, ўлдириб юборишни, онамнинг ўчини олишни талаб қилади. Нима қилай? Мени дунёга келтирган одамга қандай қўл кўтараман? Отам-ку! Ёрдам берсам, тағин ойижонимнинг кўнгли ўксимасмикан? Ҳилвирабгина қолган юраги ғам-андуҳга тўлиб азобланмасмикан? Менга бўлган ишончи ҳам сўниб қолмасмикан?.. Билмадим, худойим, билмадим… Ўзинг тўғри йўлга бошла, художон! Мендек ғариб бандангни ҳақ йўлига бошла!.. Эртадан бошлаб эса ойижоним ҳам бошқа бадавлатлар каби «особняк»ларда яшайди. Беш қаватли ҳашаматли ҳовлининг бекасига айланади. Худойим, ўзинг гувоҳсан! Менинг онажоним энди ҳеч қачон ғам, алам кўрмайди..»
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”