
Шахмат оламида тажрибаси, ҳолатни юракдек сезиши ва рақибни аниқ баҳолаши билан танилган Ҳикару Накамура навбатдаги Жаҳон Кубоги баҳслари олдидан ўз фикрларини билдирди. У ўз тахминларида бир қатор қизиқарли мулоҳазаларни келтириб ўтди ва айрим шахматчиларнинг яширин кучига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Унинг фикрича, ўзбекистонлик иқтидор эгаси Жаҳонгир Синдаров жамоатчилик назаридан кўпинча четда қолади. Бунга сабаб сифатида мамлакатда Нодирбек Абдусатторов каби аллақачон дунёга танилган супер юлдуз мавжудлигини айтди. Аммо Накамура Синдаровнинг классик шахматдаги қатъийлиги, рапид ва блицдаги тезкор фикрлашини юқори баҳолаб, ушбу жуфтликда айни ўша — Синдаровнинг ғалабасини кутаётганини таъкидлади.
Яна бир муҳим баҳс — Якуббоев ва Саргисян ўртасидаги тўқнашув. Арманистонлик грандиоз формада эканини тан олган Накамура, шунга қарамай, Якуббоевнинг чаққон, жасур ва ҳужумкор ўйин услуби рақибни кутилмаган вазиятда ушлаб қолишини таъкидлади. Унинг фикрича, Якуббоев барча вақт назоратларида устун келиши мумкин — бу эса уни фаворит қилиб қўяди.
Қолган жуфтликларга ҳам тезкор шарҳ берилди. Накамура фикрича:
— Ҳарикришна — Хосе учрашувида асосий вақтда Ҳарикришнага ишонч катта, аммо тай-брейкда вазият тенг — 50/50.
— Ле Куан Лием — Донченко баҳсида Вьетнам вакили Лиемнинг устунлиги сезиларли.
— Дубов — Шенкланд дуэлида россиялик ижодкор Дубов, айниқса тезкор вақтларда, жиддий устунликка эга бўлади.
— Гребнев — Эсипенко учрашувида у фаворит эмас, аммо айнан аутсайдер сифатида Гребнев ғолиб чиқиши мумкинлигини таъкидлади.
— Вей Йи — Севян баҳсида америкалик Севяннинг имкониятлари юқори баҳоланди.
— Аронян — Эригаиси тўқнашуви тенгликка яқин, аммо тажриба ва босимни бошқариш борасида Аронян бир қадам олдин экани қайд этилди.
Накамуранинг ушбу прогнозлари яна бир бор унинг шахматни чуқур ҳис қилишини, ҳар бир ўйинчи психологиясини ва ўйин услубини юқори даражада таҳлил қилишини намоён этди. Энг муҳими — бу баҳслар Жаҳон Кубогида қандай сюрпризлар бўлишини янада қизиқарли қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.