
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги таълим ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда. Бугунги кунда икки давлат ўртасида 280 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлари амал қилмоқда, уларда Қозоғистоннинг 60 дан ортиқ олий таълим муассасаси иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоқ давлат университети, Гулистон давлат университети, шунингдек Нукус, Жиззах ва Навоий педагогика институтларида қозоқ тили ва адабиёти факультетлари ташкил этилган.
Қозоғистонда эса 141 та мактабда ўзбек тили ўқитилмоқда. Бу мактабларда 5 814 та синфда 89 038 нафар ўқувчи ўзбек тилида таълим олмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу рақамлар нафақат маданий алоқаларни, балки келажакда икки давлат ўртасидаги гуманитар, илмий ва иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ҳам катта имконият яратади.
Таълим соҳасидаги бу ҳамкорлик янги авлод мутахассисларини тайёрлаш, минтақавий интеграцияни кучайтириш ва икки халқ ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.