Тилаволди ҳар гал онасининг қабри тепасига келганда, беихтиёр ўтмиш хотиралар уммонида суза бошлайди. Бу уммон шу қадар чуқур, тўлқинлари шиддатлики, ҳадеганда ўзини идора эта олмай ҳалак бўлади. Кўз ўнгида уни худди ўз боласидек ардоқлаган, ёруғ дунёга ишонмай ўстирган бувиси, бобоси, кўз қарашлари совуқ ўгай отаси, нафратга қоришиқ нигоҳлар намоён бўлиб, бағри тиғланади. Иккиланади, ўртанади, боши берк кўчада қолиб кетган банда каби ўзи илғамаган ҳолда атрофга аланглай бошлайди. Қалбининг туб-тубига чўкиб бўлган ширин, меҳр тўла жумлаларни тилига кўчиришга уринади, аммо шайтони лаин зўрлик қилади. Ҳануз асрандисига айланган ўша жумлаларни яна ичга ютишга мажбур бўлади…
Ҳа, ўшанда хотини Тилланиса икковлари ҳаётнинг қора чизиқлари етагида қолишди. Ишнинг тайини топилмади, устига-устак худо уларга қўчқордек ўғил бериб қўйди. Қўчқордек ўғил эса ҳадеганда тамшаниб, овқат қидирар, Тилланиса кўпинча нима қилишни билмай, қўшниларникига кўмак сўраб чопишга мажбур бўларди.
— Қаранг, бола озиб боряпти, — деди у кунларнинг бирида титраб-қақшаб. — Сутим камлик қиляпти болангизга.
— Нима қиламиз унда? — сўради Тилаволди бош қашиб. — Ҳозир қиш бўлса, чўл-биёбондай жойда яшаётган бўлсак, кўриб турибсан, иш ҳам топила қолмаяпти. Бўлмаса…
— Иш йўқ деб ўтирсангиз, ўтираверасиз-да, — жеркиб берди Тилланиса. — Болага қаймоқ жизғириб беришим керак. Йўқса, эти устихонига ёпишиб қолади ҳадемай мойсираб.
— Қаймоқ? — Тилаволди жонҳолатда киссасига қўл солди. — Пулимиз ҳам мана шу қолган холос. Агар…
— Онангизникига боринг, — гапни кесди Тилланиса. — Сизни аччиқ тўлғоқ еб туққан-ку ҳарқалай! Боламиз туғилиб ҳам бир марта йўқлаб келишга ярамади онангиз. Бир коса қаймоқ топиб бера олмайдими?
— Ўгай отамни биласан-ку, — деди Тилаволди уф тортиб. — Мени кўришга кўзи йўқ.
— Ўтираверинг унда қўл қовуштириб! Ажабмас биров-ярим осмондан бир коса қаймоқ ташлаб қолса…
Тилаволди сезди. Хотини барибир ҳоли-жонига қўймайди. Умуман, ўғилчасининг аҳволи ўзига аён. Ростданам ўша қаймоқни топиб келмаса, оқибати нима бўлади? Касал бўлиб қолса-чи боласи? Йўқ, таваккал қилмаса бўлмайдиганга ўхшайди. Тилланиса ҳақ. Онаси-ку ҳарқалай! Шундай пайтда ёрдам қилмаса… Ўша ярамас ўгай отасидан қўрқиб кела олмайди бу ерларга. Тушунади онасини Тилаволди, жуда яхши тушунади. Аммо фарзанди ҳақида қайғура билмаса, нима қилиб яшаб юрибди бу дунёда?
— Бўпти, мен ҳозироқ қишлоққа жўнайман, — деди Тилаволди шоша-пиша кийинишга тушаркан. — Сен хавотир олма. Бир коса қаймоқни болам учун топиб кела олмасам, ким деган одамман ўзи?!.
— Хайрият, — дея лаб бурган кўйи нари кетди Тилланиса. — Кулданам чўғ чиқаркан. Тағин кечгача қолиб кетманг, ўлмай хавотирланиб.
— Тез қайтаман, — деди Тилаволди. — Ҳозирча тағин қўшникига чиқиб сут сўраб тургин! Бошқа иложи йўқ.
Шундай деди-ю, Тилаволди пальтоси ёқасини кўтарди-да, ташқарига ўзини урди.
* * *
Бир соат деганда Тилаволди таниш маҳаллага кириб борди. Бўёқлари кўчган эски темир дарвозага яқинлашаркан, негадир кўнгли ғашлана бошлади.
«Яна ўша хўмрайган маразга дуч келаман шекилли, — ўйлади у дарвозани тақиллатишга шошилмай. — Нимага келдим ўзи? Қишлоқдагилардан суриштирсам, топардим-ку ўша қаймоқни! Йўқ, онам-ку нима бўлгандаям! Бир коса қаймоққа олмайдими бизни? Камайиб қолишмайди-ку! Ишқилиб мен туфайли онамга жабр бўлмасин!..»
У таваккал бир неча марта дарвозани тақиллатди. Ичкаридан таниш овоз эшитилгачгина, кўнгли бироз таскин топиб жилмайди.
— Мен Тилаволдиман, — овоз берди ташқаридан туриб. — Она, очинг дарвозангизни!
Кўз очиб юмгунча дарвоза қия очилиб, қаршисида кўзлари ичга ботган, юзларига ажин оралаган онаси ҳозир бўлди. Тилаволдини кўрди-ю, шоша-пиша ичкарига қараб олиб, шундан кейингина ўғлининг елкасидан олди.
— Шу совуқда нима қилиб юрибсан? — сўради у ҳамон атрофга аланглаб. — Тинчликми?
— Она, неварангизга бир коса қаймоқ зарур бўп қолди, — деди Тилаволди ер чизиб. — Ишонинг, сира безовта қилмоқчи эмасдим. Шундай бўлиб қолди-да!..
— Қаймоқ? — сўради онаси лаб тишлаб. — Бор қаймоқ. Қанча керак?
— Бир коса бўлса етади. Тез оборишим керак экан.
— Ҳозир… Сен шу ерда тургин! Отанг уйда. Яна жанжал кўтариб юрмасин! Биласан-ку феълини! Мен… Ҳозир опчиқаман!..
Онаси шундай деб ҳовлига қайтди. Тилаволди эса ортга тисланиб, кўчаларни томоша қилган бўлди. Сал ўтиб она қўлида бир коса қаймоқ билан чиқиб келди.
— Мана, беркитиб қўйганим бориди. Сен… Уч сўм берақол!
— Нима?.. — Тилаволди ҳеч нарсага тушунмай, онасига тик боқди. — Нима дедингиз?
— Ўзи… Уч ярим сўмдан сотаман бир коса қаймоқни. Сен… Уч сўм берақол дедим.
Бу гап Тилаволдининг кўксини нақ тешиб ўтаёзганди.
Хаёллари чалкашиб, худди кўз олди қоронғилашган каби қалқиб кетди. Аммо дарров ўзини ўнглаб онасига юзланди.
— Адашмаяпсизми? — бу гал зарда аралаш сўради. — Балки менам уч ярим сўм берарман? Ўғлингизман-ку!..
— Мени қийнама, болам, — деди она йиғламсираб. — Мениям бошимда хўжайиним бор. Эгали қулман. Уч сўмни бер-у, уйингга чоп. Боланг маҳтал бўлиб қолмасин!..
Тилаволди бағри қаҳратондан-да музлаб, вужуди титраб аранг киссасидан пул чиқариб олди. Она сўраган уч сўмни берди-да, косадаги қаймоқни олиб индамайгина ортга қайтди. Кетиб борарди-ю, аламдан дод солгиси келар, дунёнинг адолатсизлигидан куярди…
* * *
Шуларни эсларкан, Тилаволди дўмпайган қабрга дардли боқиб, қабр устидаги яккам-дуккам ўтларни юлиб, ўрнини кафтлари билан авайлабгина силади. Силайверди, сукут сақлайверди. Шу кўйи бир соатча жим ўтирди.
— Қаранг, она, — деди ниҳоят ўзига келиб. — Ўтмишга тош отиб бўлмайди дейишарди. Мен бўлсам, хаёлан унга тош отиб қўйдим. Шундоғам гуноҳларим кўп эди. Наҳотки, яна бир гуноҳни орттириб олган бўлсам? Нима қилай? Шу тобда қаймоқ воқеаси ёдимга тушиб қолди-да!.. Биламан, тушунаман, ўшанда ёш эдингиз. Шунинг учун ҳам мендек мурғак гўдакнинг қош-қовоғига қараб ўтиргингиз келмаган. Турмуш қилиш, яна бошқа фарзандлар кўришни хоҳлагансиз. Хоҳишингиз азбаройи кучли бўлганидан, бобом-у бувимларнинг насиҳатлари қулоғингизга кирмаган. Мен бўлсам, ҳар куни йўлингизга кўз тикардим. Ҳовлига кириб келишингизни, мени кўтариб олиб маҳкам бағрингизга босганча бир умр қолиб кетишингизни орзу қилардим. Афсус… Сиз аҳён-аҳёнда келардингиз-у, мени хўрозқанд билан алдаб яна янги уйингизга кетиб қолардингиз. Мен кечалари ҳеч кимга сездирмай, кўз-кўз қилмай, ўша хўрозқандни қучган ҳолда юм-юм йиғлардим. Баъзида шартта уйингизга кириб боргим, бағрингизга ўзимни отгим, сизни тўйиб-тўйиб ҳидлагим келарди. Аммо ўгай отамнинг ўткир ва совуқ нигоҳлари кўз ўнгимда гавдаланиб, шаштимдан қайтардим. Эрталаб эса гўё ҳеч нарса бўлмагандек кўчага чиқиб кетаверардим. Мен шу алфозда улғайгандим. Уйландим, фарзандли бўлдим. Шайтони лаин эса сиздан совитаверди. Қалбимнинг қаеридандир отилиб чиқажак қайноқ меҳр ўтини сув сепиб сўндираверди. Мен сизни айблайвердим. Катталар эса ниҳоят кўзимни очишди. «Ҳечдан кўра кеч» деган ҳикматни қалбимга жо қилишди. Фарзанд ота-онадан дунёга келтириб, ҳаёт бахш этгани учун ҳам абадул-абад қарздорлигини кеч бўлса-да англаб етдим. Мени, мен гумроҳ ўғлингизни кечиринг, она! Қабрингизда тинч ётинг! Мен сўнгги нафасим қолгунча албатта сиздан хабар оламан, ғойибона бўлса-да сиздан кўнгил сўрайман, қабрингизга бошимни қўйиб сизга иймон келтираман, тавба қиламан. Кечиринг, кечиринг, кечиринг!..
Тилаволди анча вақт онаси қабрига бош қўйганча ўтириб қолди. Атрофда аллакимларнинг товушлари қулоғига чалина бошлагачгина аста ўрнидан қўзғалиб, билганича тиловат қилди ва кўнгли ҳийла ёришиб ортга қайтди.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”