Бекатда манзилимга элтадиган автобусни кутаётгандим. Кўриниши паришонроқ, нимадандир хавотирда экани юз-кўзидан кўриниб турган, авзоидан автобус кутиш учун эмас, борадиган жойи бўлмагани учун бекатда ўтирган 45- 50 ёшлар чамасидаги эркакнинг телефондаги мулоқоти беихтиёр қулоғимга чалинди:
— ... Ака, касалхонада даволанаётган онамдан хабар олгани шаҳарга келгандим. Шифокорга учрадим, айтган дори-дармонларини олиб бердим, харажатларим кўпайиб кетди. Ёнимда пулим озроқ эди, олдингизга ўтсам йўл кирага пул бериб турсангиз, кейинги ҳафта онамни кўргани келганимда пулингизни қайтарардим. Шунга қўнғироқ қилаётгандим...
Юрагим бир қалқиб кетди. “Ишқилиб, қўнғироқ қилган одами қуруқ қайтармасин-да!” деган ўй миямдан ҳам, тилимдан нари кетмасди. Ер остидан зимдан нотаниш эркакни кузатдим. Бирдан шашти сўнди.
— Йўқ, ака, тушунаман, ҳечқиси йўқ, хижолат бўлманг. Ҳозир ҳаммада шу аҳвол-ку. Бир амаллаб кетарман...
Демак, гўшакнинг нарёғидаги одам бир олам баҳонайи сабабларни рўкач қилиб, рад жавоби билан музтар танишини хижолатга қолдирди. Юрагимга минг ботмонлик тош осилгандай чўкиб қолдим. Ўзимда бўлса, шу одам қандай тушунишидан қатъий назар бор пулимни қўлига тутқазган бўлардим. Ахир, Аллоҳ ҳар куни ҳам савоб олиш, осонгина хайрли амалга эришиш имкониятин оёқ остидан чиқариб қўймайди-ку! Гарчи йўл кирадан ошиқча пулим йўқлигини билсам-да, алланечук илинж билан катмонимга қўл чўздим. Қайда дейсиз?! Автобус ва метрода юриш учун жетон ва ичида арзимаган 10- 15 минг сўм пули бор пластик карточкадан бошқа нарса йўқ. Яширмайман, шу топда ўзимни ёмон кўриб кетдим! “Сумкамга ошиқча эллик-юз минг солиб қўйсам бўлмайдими?! Бир тахлам пулнинг оғирлиги борми?” дея ўзимдан ёзғириб икки-уч дақиқа мобайнида ўзимни еб адо қилдим. Бу орада автобусим келди, уловга чиқяпману эътиборим бекатдаги нотаниш кишида. У яна кимгадир илҳақлик билан қўнғироқ қилаётганди...
Хаёлингиздан илк кечгани: “Бирор фирибгардир, муттаҳам, ёлғончилик, юлғичликни касб қилган товламачидир? Эҳтиёжмандга ўхшаб кўринган ҳар қандай одамга шафқат назари билан қарайверадими?” деган ўй бўлса, ажабланмайман. Балки ҳақдирсиз, ростдан ҳам мен ҳаддан ортиқ кўнгилчанлик назари билан қарагандирман. Балки ростдан ҳам бекатда мен учратган одам фирибгардир, юпун уст-боши, музтар қиёфаси “ўйнаётган рол”ини табиий чиқариш учундир, бунисига бир нарса деёмайман. Айтарсиз: “Ҳозир сохта “эҳтиёжманд”лар кўпайиб кетган, меҳнат қилмай пул топишга иштиёқмандлик зўрлигидан, одамларнинг раҳмини келтириб пулини шилиш учун ўзларини ҳар турли куйга соладилар”...
Эътироз билдирмайман. Биламан, афсуски, орамизда фирибгарлардан азият чеккан, чекаётганлар йўқ эмас. Қарз олиб қорасини кўрсатмайдиганлар, қарз берган одамига тўқнаш келиб қолмаслиги учун юрар йўлини ўзгартирганлар, ундан олиб бунга, бундан олиб унга берадиганлар, қарз ҳисобига машина ҳайдаётганлар, ҳашаматли уйларда яшаётганлар ҳам етарлича бор. Аммо... бу ҳисобга ҳаммани қўшиш инсофданми? Юзсизлар, “бетимнинг қалини- жонимнинг ҳузури” дегувчилар кўп эмас, лекин уларнинг балчиғи кўпга сачрайди. Ва улар ёлғондан ишлатган жумлаларни ростдан, чин дилдан ишлатганларга ҳам мутаҳҳамларга қараган нигоҳ билан қаарймиз. Охир-оқибат... ҳам бир кўнгилга озор берамиз ва ҳам савобдан бебаҳра қоламиз...
Аммо бекатда учратганим, танишига қўнғироқ қилиб йўл кирага пул сўраган эркак фирибгар эмасди. Негаки, қарз сўраётганида ўзим истамасам-да ғайришуурий ҳолатда унга қарагандим. Оёқлари қалтираб, тиззалари букилиб, хижолатлик ва андишадан юзи қизарган, овози титроқ эди. Демак у аввало ўзи тушган ҳолатдан хижолат чекяпти, қолаверса, қарз сўрайвериб ўрганмагани учун ўзини фавқулодда гуноҳ иш устида қўлга тушган айбдордек ҳис қиляпти. “Ҳозир ҳаммада ҳам шу аҳвол...” Мулзам бўлгани овоз оҳангидан яққол сезилиб турганди. Ҳаддан зиёд муҳокамага берилиб, ғашингизга тегмай муддаога ўтиб қўя қолай. Каминани мулоҳазага толдиргани бекатдаги кишининг чиндан ҳам муҳтож ёки фирибгарлигини аниқлаш эмас, савоб ўз оёғи билан олдимизга келганида биз ундан юз буришимиз хусусидаги оғриқлар эди.
Қарз сўраб келганни қуруқ қайтармасликнинг савоби садақадан ҳам устунлиги ҳақида кўп эшитганмиз. Баъзан бундай фикрларни ўзимиз ҳам атрофимиздагиларга эслатиб турамиз. Бироқ амалга келганда...
— Юзинга сарғайиб қарз сўраган одамнинг ҳожатини раво қилиб, муҳтожликдан қутқарганга Аллоҳ кутилмаган жойдан мадад юборишини ўзимда кўп синаганман, - дейди таниш аёл. – Айниқса, ўтган йили бўлган бир воқеа ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Оиламизни ойликдан ташқари ҳеч қандай даромадимиз йўқ. Кўпинча, ойлик берадиган пайтгача рўзғорда етишмоқчиликка учраймиз. Шундай кунларнинг бирида хўжайин чўнтакларидаги қолган-қутган пулни менга тутқазиб, ҳеч бўлмаса бир ҳафталик егуликка етадиган бозорлик қилиб келишимни айтдилар. Эрим кечгача ишда қолиб кетганлари учун аксарият ҳолларда рўзғорга зарур нарсаларни ўзим оламан. Ўша куни ишдан кейин бозорга тушиб, хўжайин берган пулга бозорлик қилмоқчи бўлиб тургандим. Бир ҳамкасабамиз боласи тўсатдан оғриб қолганини, қайнонаси қўнғироқ қилиб дорихонадан шифокор айтган дориларни олиб боришини айтганини, ёнида ортиқча пули йўқлигини айтиб, қайғуриб қолди. Гарчи у мендан пул сўрамаган бўлса-да, ёнимда пулим бўла туриб, боласи касал бўлиб қолган ҳамкасбимга ёрдам бермасликни лозим топмадим. Қандай қилиб ҳама пулимни унга қарзга бериб юборганимни билмай қолибман. Жамоадош аёлнинг кўзлари чақнаб кетди. Қайта-қайта миннатдорчилик билдириб, дорихонага чопиб кетди. Тўғри, “энди ойликкача болаларга нима бераман?” деган фикр миямдан бир ўтдию, “Аллоҳ бор, бир ризқ бўлса Ўзи етказар” деб қўявердим. Кечки пайт “ишқилиб, эрим қилган ишимни тўғри тушунсин-да” деб истиҳола билан уйга борсам, хўжайин хушчақчақ ошхона томондан чиқиб келдилар. Фартугимни тақиб олибдилар. “Онаси, мени табрикла, ишхонамиздан уч-тўрт мутахассис хорижий компанияларнинг бирида эълон қилинган танловда менинг иши мғолиб деб топилибди. Энди малака ошириш учун маълум муддат ўша компанияда ишлаб, иш ўрганаман. Ҳамма харажатлар ўзидан экан. Шу муносабат билан ишхонамдан менга мукофот пули беришди” деб суюнчиладилар. Ўзлари ош дамлаётган эканлар. Кўз ёшимни тўхтатолмадим. Муҳтож одамга қарз берган одамни Аллоҳ муҳтожликда қолдирмаслигига яна бир марта ишонч ҳосил қилдим ўшанда...
Ривоят
Бир киши зарурат туфайли катта қарзга ботди. Ўйлай-ўйлай, уйини сотишга қарор қилди. Мусулмон одоби бўйича уйини биринчи бўлиб қўшнисига таклиф этди. Бу гапдан ҳайрон қолган қўшни:
– Нега сотяпсиз? – деб сўради ундан.
– Катта қарзим бор, шуни тўлашим керак, – деди у.
– Қанча нарх белгиладингиз? – деб сўради қўшниси.
Одам уйнинг асл баҳоси анча баланд эканини, лекин қадрдон қўшнисига арзонга беришини, қарзига етадиган пул кифоялигини айтди.
– Қарзингиз қанча? Кимдан олгансиз? – деб сўради қўшниси.
У бу саволларга керакли жавобларни берди.
– Майли, эртага чиқинг, гаплашамиз, – деди қўшниси.
Одам келишилган вақтда яна қўшнисининг эшигини қоқди. Салом-аликдан сўнг қўшни асосий гапга ўтди:
– Мен кеча бориб, сиз айтган одамга қарзингизни тўлаб келдим. Энди ундан қутулдингиз. Ҳеч қаерга кетманг. Ўз уйингизда бемалол яшайверинг.
– Ие, бу нима қилганингиз? – деди хижолат тортиб у. – Ахир қарзим ҳазилакам пул эмас эди. Катта зарар-ку бу сизга!
Қўшни бу гапга шундай жавоб берди:
– Мен буни зарар ҳисобламайман. Агар сиздай ҳалол, яхши қўшнимдан айрилганимда чинакамига зарар кўрган бўлардим…
***
Бир инсон хайрли амалларда бардавом кишилардан бири ҳақида гапира туриб: “Фалончибой ака, барака топсин, савобнинг тагида қолганлардан. Қаердандир беш фарзанди билан ижарада сарсон юрган бева аёл ҳақида эшитиб қолибдилар. Маҳалла-куй, масжид имоми билан бирга бориб аёл ва болаларига 3 хонали уй олиб беришибди. Аёл бева экан, одамлар ҳам, ўзи ҳам ножоиз хаёлларга бормасин деб “Аслида, пулини қайтармасангиз ҳам мен Аллоҳ йўлида розиман. Агар буни эҳсон сифатида кўришни хоҳламасангиз, болаларингиз улғайиб, меҳнат қилиб, пул топадиган бўлганидан кейин ўзлари қайтаришар” деган эканлар. Улар кўпчиликка бундай ишларни қилганлар. Шунинг учунми, давлатларига осмондан барака ёғилгандай ҳеч камаймайди. Ҳар турли жойлардан ҳожатлари раво бўлади. Бу ҳақида ўзлари билан гаплашганимда, “Мен фақат эҳтиёжманд, зарурат сезган одамларгагина қарз бераман. Аксарият ҳолларда ундайлар қарз сўрамайди, ҳолатини бировга билдиргиси келмайди. Қолаверса, бундан маънавий-руҳий манфаат оламан. Қачондир ўша пулим менга қайтади, лекин у икки дунёга татигулик дуо, эҳтиром ва розилик етаклаб келади” дегандилар. Уларга жуда ҳавасим келади. Қанийди, ҳаммамиз ҳам уларга ўхшаганимизда эди...”
Дўстимиз савоб амалларини гапириб берган инсонга бизнинг-да ҳавасимиз келди. Ва астойдил Яратгандан бундай инсонларнинг кўпайишини ва бизни ҳам шундай савобларни бажаришга қодир қилишини сўрадик...
Интиҳо ўрнида
Савоб, яхшилик қилиш учун имконият излаб юришнинг ҳеч ҳожати йўқ. Фақат бизда хоҳиш ва атрофдагиларга ишонч бўлса бўлди. Аввало, қулфи дилимиз очиқ бўлсин. Одам ажратишни билайлик. Қолаверса, кўнгли тоза, яхши инсонларга Аллоҳ яхшиларни йўлиқтиради. Агар, ёмонларга учраган бўлсангиз, савоб оламан деб алданиб қолган бўлсангиз, билингки, сиз алданмагансиз. Фақат ниятингиз ва амалингиз ажрини бандаси эмас, Яратганнинг ўзи тўлайди. Сиз эса хайрли ният ва гўзал амалларда бардавом бўлаверинг...
Умида АДИЗОВА
Манба: Azon.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди