Бу воқеа 1979 йилда юз берганди. Ўн тўрт ёшларда эдим. Онам кўчада калитни йўқотиб уйга келибдилар. Калитнинг бир нусхаси отамда эди. Отам бозорда савдогарлик қилардилар. Мен бир югуришда бозорга бориб отамдан калит нусхасини олиб, калит ясовчи уста ақлли амакига олиб бориб нусха ясаттириб уйга чопишим керак эди. Нега “Ақлли амаки” дейсизми? Ҳожи Исмоил Тақирбош амакимизнинг қўлидан ҳамма иш келар, фақат калит ясовчи уста эмасди.
Маҳалимизнинг раҳбари эди. Қаерда бирор кам-кўст бўлса, қандайдир маслаҳат керак бўлса: “Ақллини чақиринг!” дейишарди. Инсонлар ундан ҳар доим маслаҳат, бирор иш бошлашдан аввал фикр оларди. Ҳожи Исмоил Тақирбош Кичикбўлжек маҳалласида яшарди.
Калит ясаттиришга кетдим. Ақлли амаки:
— Нега бунча шошиласан, нима бўлди?- дедилар.
— Онамга олиб боришим керак калитни. Эшик олдида турибдилар,- дедим.
— Бўлди, ўғлим, ўтир,- деди.- Шошилмай ясаймиз.
У кезлари техника йўқ эди. Ҳозирги пайтда техника ёрдамида беш дақиқада калит тайёр бўлади. Тайёрланадиган янги калит билан асл калитни ёнма- ён қўйиб, калит учини оҳиста йўнди. Мен шошилаётгандим.
— Бўлди, ақлли амаки, беринг калитни, бир-бирига ўхшайди, бир русумдаги калит экан, онам кутиб қолдилар,- дедим.
— Ўғлим, бир пас индамай тур, ҳали тайёр бўлмади. Бир андозали бўлса-да, калитнинг калитдан фарқи бўлади. Бир тиши кам бўлса яна орқанга чопиб келасан. Икки марта вақт йўқотасан, чарчайсан,- деди амаки.
Мен “Уф-пуф” қилавердим, бола эдим-да! Қўлимга тутқазди ва қўшиб қўйди:
— Ма, олиб бор, бироздан кейин яна келасан.
Мен калит ясалди, деб олдиму уйга қараб югурдим. Калит бир хил эдию ақлли амаки ясаган калит эшикни очмади.
— Тавба, айни бир хил калит нега эшикни очмайди?!- Онамнинг жаҳли чиқди. Мен эшикни отамнинг калити билан очдим, улар ичкарига киришди. Аммо янги калит эшикни очмади. Яна бозорга боришим, калитни тўғрилатиб уйга келиб онамга ташлаб кетишим керак эди. Ана, менинг шошқалоқлигим оқибати!
Югургилаб ақлли амакининг олдига бордим.
— Калитингиз эшикни очмади...
— Хўш, мен сенга нима деган эдим? Шошилма, секин-аста бунинг ҳамма тишларини бир-бирига уйқаш қилиб йўнаман, дедимми? – Жаҳл қилмай, табассум билан менга тушунтирди ақлли амаки. Бир иш қилди, биргина эгов урди, холос. Шугина холос! Мен шунча йўлни унинг биргина эгов уриши учун босиб келдимми?
— Калитни олиб бор, кўр-чи, эшикни очадими? Кейин албатта ёнимга келгин, сен билан бирга чой ичамиз,- деди. Уйга бордим. Калит эшикни очди, қулфга тушди. Яна ақлли амакининг дўконига келдим.
У менга мана шу гўзал ибораларни айтди:
— Менга қара, Фахри, одам боласи бўлди дейди, шошади, лекин аслида бўлмайди. Ўша биргина “тиқ”, бир эгов уриши уни калит ҳолига келтирди. Унутма, ўғлим, сен ҳам келажакда улғаясан, ота бўласан, оила бошқарасан. Рўзғор ўтказасан. Зинҳор эсингдан чиқарма, бир эгов эканда, деб кечиб кетма. Бир тиши бўлмаса калит эшикни очмайди! Оила ҳам шундай. Биргина тиш нимани ҳал қиларди, деб қарасанг калит эшикда қолиб синади. Баъзан бу ҳолат қулфни қўпориб ташлаб, янгисига алмаштиришга ҳам мажбур қилади одамни. Агар келажакда шундай ҳолатларга тушсанг, ўзингни қўлга ол, ҳар бир ишнинг ҳикматини ўйла, бундан менга нима чиқади, деган савол доим олдингда бўлсин. Зинҳор калитни тескарига солма. Бир хил кўринишли калит бўлса-да, бошқасига тўғри келмади. Демак, ўзимда қандайдир нуқсон бор, мен уни эговлаб тўғрилайин, дегин, ўғлим...
Бу гапларни менга ақлли амаки ўн тўрт ёшимда гапириб берганди. Қулоқларимда қолган, табиийки. Шундан бери биз билан боғлиқ қандайдир муаммо бўлса, бир хатолик, бирор қусур ўзимиздан ўтди, деймиз.
Шунақа пайтда аҳли аёлимизнинг олдига бориб:
— Мени ислоҳ эта оласанми? Хатоимни айта оласанми? Зотан, инсоннинг ўз нуқсонию айби ўзига кўринмайди,-деймиз. Бу — бахтли ва муҳаббатли турмушимизнинг давомийлиги кафолатидир...
Фахри САРРОФ ўғли
Умида АДИЗОВА таржимаси
Умида АДИЗОВА таржимаси
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди