15:14 / 15.03.2019
4 089

Умрнинг алғов-далғовли палласи

Умрнинг алғов-далғовли палласи
Ўсмирлик фарзанд тарбиясининг энг мураккаб жараёнидир. Бу жараёнда ота-оналар жуда кўп муаммоларга дуч келишади. Ота-она ўсмир боласи билан бемалол мулоқот қила олмайди. Бола оиласидан эмас, ташқи таъсирлардан қувват олади. Бу пайтда ота-она ва бола ўртасидаги муносабат шу қадар шиддатли тус оладики, баъзан ришталар узиладиган ҳолатга етади.

Ўсмирлик – умрнинг эрта баҳори. Табиат эрта баҳорда қандай жонланиб, қайсарлик қилса, минг турфа ранг билан жилоланса, ўсмирликда ҳам ҳамма нарса шунчалик алғов-далғов бўлиб кетади. Томирда қон жўш уради. Юракда ҳар куни янги умид, янги орзулар уйғонади. Ўсмирнинг руҳини синдириш тарбияли инсонга ярашмайди. Сиз ҳам ёш бўлгансиз-ку!

Қони қайноқ бола

Онадўли томонларда ўсмирни “Деликанли” (“Мард, кучли, тутган жойини кесадиган, бир сўзли” маъноларида) дея нисбатлайди. Ниҳоятда гўзал ва қимматли мулоҳазаки, ёшларнинг руҳиятини бир сўз билан ифода эт, десалар бундай чиройли калима хаёлга келиши қийин. Қони телбадай жўшқин оққан деганидир – “деликанли”. Ўсмирлик чоғини бир сўз билан ифода этган онадўли турклари.

Ўсмирлик шу қадар қувват ва жўшқинликка тўла бўладики, бир жойда туролмайди бола. Мактабдан қайтиб маҳаллада ўртоқлари билан копток тепади, уйда укалари билан ўйнайди. Шунда ҳам чарчоқ нима билмайди.

Қони тез ўсмирлар баъзан куракда турмайдиган тентакликлар қиладики, баъзан уларни тушунолмай ўртанади одам. Айниқса, тенгдошлари билан бирга бўлганларида тентакликлари, катталарни ҳайратга соладиган қилиқларини ҳаду ҳисоби бўлмайди. Қулоғига гап-сўз кирмайди. На каттага ва на кичикка қулоқ солади. Ғайритабиий кийимлар, катталарга ёқмаган соч турмаклари, ғалати хатти-ҳаракатлар ўсмирлик пайтида ота-она билан бўладиган муаммоларга сабаб бўлади. Оиланинг катталари болага босим ўтказганида икки хил муаммога дуч келади: Бола сурбетлашиб, ота-онасининг юзига тик қараб исён қилади, ёки ёлғонга одатланиб, иккиюзламачиликни касб қилишга тутинади. Босим оқибатида юзага келган исён ё руҳини ёлғонга мослаштиради ёхуд жисмига зарар етказади. Ўсмир бола атрофдагиларга исён қилса, бунда энг кўп зарарни она кўради. Кўп ҳолларда, болалар исёнини онасига нисбатан тилига чиқаради. Ота билан муносабатида ўртада бир масофа сақланади.

Муаммолар билан боғлиқ мисоллар шу қадар ғалатики, бу ҳолатни бошидан ўтказганлар ҳам ҳатто ҳайрон қолишади. Катталар болалик ва ўсмирликларида ўзлари қилган ишларни бошқалардан эшитишса, ҳамон “бунчалик эмасди!” деб эътироз билдиради. Бу эътирозлар замирида уят ва пушаймонлик ётади, аслида.

Ёшлигингизда йўл қўйган хатоларингиз, қўл урган гуноҳларингиз тасвири туширилган CD дискда уйингизга жўнатилса, болангиз билан бирга ўтириб томоша қилармидингиз? Йўқ, асло истамайсиз!

Ўқишда, ўртоқлари билан копток тепган лицейнинг сўнги босқич талабаси бўлган боланинг оёғи қайрилди. Оёғини эзаётган оғриққа чидаёлмай аҳволи ёмонлашган болани ўртоқлари таксига ўтқазиб касалхонага олиб боришади. Шифокор кўриги ўсмирнинг оёқ лимфалари зарб еганини тасдиқлайди. Ўсмирнинг оёқларини тахтакачлаган шифокор йигирма кун давомида тахтакач ечилмаслигини айтиб болани уйига жўнатди.

Тенгдошлари билан копток ўйнаш, шўхлик қилиш, сайру саёҳатдан завқланиб юрган бола учун тахтакачланган оёқ билан уйга қамалиш ҳақиқий исканжа бўлди. Боз йигирма кун шу аҳволда ётишни тасаввурига сиғдириш қийин. Сабр-тоқати иккинчи куннинг оқшомига қадар етди. Ва кечки пайт қайчини олиб тахтакачни қирқиб ташлади. На оёғининг оғриғи ва на докторнинг тавсияси парво қилмаган бундай инсонга “тентак” дейилади.

Кескин ўзгариб кетдими?

“Бу болага нима бўлди? Менинг болам бунақа эмасди.” “Маҳалланинг бебош болалари боламни ҳам буздилар!” “Боланинг кичкиналиги яхши экан, катта бўлгани турган-битгани ташвиш бўлди.” Бунга ўхшаган иддаоларни болалари ўсмирлик палласига етган ота-оналардан кўп эшитамиз. Шундайларга айтаримиз: “Болангиз ўзгармади, фарзандингиз бошқа ҳолатга ўтди”. Болангизнинг феълида жўшқинлик, ҳаётга муҳаббат уфургани учун атрофга муносабати ўзгарди. Ўсмирлик пайтида унинг атрофга муносабати ўзгариши, агрессивроқ бўлиши нормал ҳолат.

Иккинчи “туғилиш”

Ёшликни тушунмай қолишингиз – бу дунёдаги ишингиз битди, дегани.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу

Инсон ҳаётда бир бор эмас, бир неча дафъа юришни ўрганади. Бола бир ёшга тўлганида ўз оёғида юришга ҳаракат қилади. Бундай пайтда болангизнинг қўлларидан тутиб, унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватласангиз, йиқилганида тутиб қолсангиз, бу ғамхўрлигингиз унга журъат беради. Ҳар доим ёнида эканлигингизни ҳис эттирсангиз, юришни осон ўрганади.

Аксинча, унга эътибор бермасангиз юришни кеч ўрганади. Болангиз илк тетапоя қадамчаларини қўяётганида: “Ўтир, жойингга, сен ҳали боласан!” деб жеркисангиз, икки қадам қўйиб йиқилса “Сенга нима дедим?!” деб бақирсангиз журъатини сўндирасиз. Ўнга-чапга чайқалиб йиқилгудай бўлганида “шунақа юрадими?” деб мазаҳ қилсангиз уялтирасиз, жасоратини синдирасиз. Бундай пайтда болангиз сизнинг қўллашингиз ва журъат беришингизга муҳтож бўлади.

Кишининг иккинчи бора тетапоя қилиш пайти ўсмирлик онларига тўғри келади. Бу пайтларда ҳам ёш йигитлар оиласи ва яқинларининг қўллаб-қувватловига эҳтиёж сезади. Хато қилганларида кечирилишни истайди. Уларга ота-онасининг эътибори ва дастаги ҳар доимгидан кўпроқ керак бўлади.

Ўсмирлик пайтида ҳар бир ота-она фарзандига моҳир педагог каби муносабатда бўлиши керак. Ўсмирлик пайтида болаларига “Ғайрат қил! Сен, албатта, мувафаққиятга эришасан!” деб рағбатлантирган ота-она энг яхши тарбиячидир.
“Фарзанд тарбиясида хатолар” китобидан

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Умрнинг алғов-далғовли палласи