08:43 / 27.04.2019
2 728

Қалбингиз ва руҳингизни қувватлантиринг

Қалбингиз ва руҳингизни қувватлантиринг
Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқлиги, садақа умрни узайтириши, мусибатлардан халос бўлиш учун жонлиқ сўйиш, катта мусибатлардан соғ-саломат, беталофат чиққандан кейин жонлиқ қурбонлик қилган афзаллиги тарих сузгичидан ўтган оят ва ҳадисларнинг бизга қолдирган одатларидандир. Ислом хамиртуруши билан озуқаланган маданиятимиз баҳам кўришликни ҳаёт тарзига айлантирган. Биз яшаётган аср эса ғарб маданиятининг худбин қарашлари ҳукмрон бўлган давр ҳисобланади. Яъни, баҳам кўришни эмас, жамғаришни тавсия қиладиган маданият (агар буни маданият дейиш тўғри бўлса!). Қанча кўп жамғарсанг, шу қадар кўп бахтли бўлишни уқтираётган маданият(сизлик). Қўлингдаги имконлар билан бошқаларни севинтириш ўрнига, тинимсиз яна бир янгисини олиб сарфлашни реклама қилаётган маданият(сизлик).

Хорижда нашр қилинадиган Social Psychological and Personality Science журналида Kurt Gray исмли тадқиқотчи олимнинг изланишлари натижасидаги хулосани ўқиб, кулдим. Бизнинг маданиятимиз, урф-одатларимиз ва қадриятларимизга сингиб кетган оддий ҳолатлар тадқиқотчи томонидан исбот қилиниб, илмий изланиш даражасига олиб чиқилганидан кулгим қистади.

Биз яшаётган олам турли хавф-хатарлар ва машаққатларга тўла. Бу ҳаёт билан муроса қилиш учун қувват, сабр ва ирода каби инсоний хусусиятлар муҳим аҳамиятга эга. Бундай хусусиятлар соҳиби бўлган фарзандлар тарбиялашни ким ҳам истамайди дейсиз? Гарвард Университетида ўтказилган бир тадқиқот ахлоқ муносабатлари учун юқоридаги хусусиятлар инсонда бўлиши кераклигини исботлабди. Social Psychological and Personality Science журналида чоп этилган тадқиқот хулосаларига кўра, бир кишининг бошқа инсонга яхшилик қилиши, ҳатто бир инсонга ёрдам беришни ўйлаши, ўша инсонни машаққатларга қарши сабр-тоқатли бўлишга ундайди ва ҳатто жисмоний жиҳатдан инсонни яна-да бақувват қилар экан.

Gray тадқиқотида иккита тажрибани режалаштирибди. Биринчи тажрибада кўнгиллиларга бир доллардан пул берилибди ва бу пулни ё ўзларига сақлаб қолиш ёки хайрия ташкилотларига садақа қилишлари мумкинлиги айтилибди. Ундан кейин қатнашчиларга 5 либре (2,5 килограмга яқин) юкни кўтариб тура олганларича кўтариш сўралади. Ўзига берилган пулни хайрия ташкилотларига бағишлаганлар бу юкни бошқаларга нисбатан 10 дақиқадан кўпроқ ушлаб тура олишибди.

Иккинчи тажрибада эса орзу қилиш билан боғлиқ тадбир ўтказибди. Бу тажрибада кўнгиллиларга ўзлари билан боғлиқ хаёлий ҳикоя ёзишлари сўралибди. Бу ҳикояда ўзига ёки бошқа инсонга ёрдам берганда, ё бирор зарар етказганда, умуман ҳеч нима қилмаганда нималарни ўйлашни ёзиш топширилибди. Аввалги тажрибада бўлганидек, ўзига ё бошқа бировга ёрдам қилишни хаёл қилганлар куч-қувват ва сабр-тоқатда бошқалардан кўра олдинда эканлиги аниқланибди.

Бу тадқиқотларни ўтказган Kurt Gray тажрибаларини ахлоқий маънода “Ҳақиқатга айланган башорат” дея номлабди. Яъни, инсон яхшилик қилганини ўйлайди ўзини яхшилик қилгувчилардан деб ҳисобласа, кучли, бақувват ва иродали ҳис этади. Парҳездан депрессиягача бўлган муаммоларни енгиш учун ҳам атрофдагиларга яхшилик қилиш билан енгиш осон йўл эканлигини таъкидлаган Gray, “Балки ишга кетаётиб, жуда маззали егуликка қарши туришнинг энг яхши йўли— эрталаб бирор муҳтожга садақа беришдир” дейди.

Бу усул безовталик ва депрессиядан қутулиш учун ҳам яхши натижа беришини таъкидлаган Kurt Gray “Бошқаларга ёрдам бериш ўз ҳаёти назоратини янгидан қўлга олишнинг энг қулай йўли бўла олади” дея депрессия ва ҳаловатсизлик муолажаси билан боғлиқ ажойиб ечим мисол келтиради. “Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир”, деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларимиз. Олганда, йиғганда эмас, берганда, баҳам кўрганда кўпроқ хурсанд бўлишимизни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча аср олдин айтиб кетганлар.

- Севиниш учун севинтиринг.
- Севилиш учун севинг.
- Кўпроқ топиш учун топганларингиздан улашинг.
- Буларнинг бари сизни маънавий-руҳий жиҳатдан кучли қилади.
- Руҳий кучнинг моддий кучдан устунлигини англамаган ғарб, моддий жиҳатдан кучлилигига қарамай, маънавий жиҳатдан чўкиб кетмоқда.
- Руҳияти тушкун (маънавий жиҳатдан синган) футболчи бақувват бўлса ҳам, етарлича тайёргарлик кўрган бўлса ҳам яхши ўйнаёлмайди.
- Мушакларингиздаги қувватга эмас, қалбингиздаги қувватга ишонинг.
- Қалбингизни олиш, йиғиш эмас, бериш ва баҳам кўриш қувватлантиради.
- Берувчи қўлга боғлиқ қалб, йиғувчи қўлга эгалик қиладиган қалбдан кўра кучлироқдир. Қалбингиз ва руҳингизни қувватлантиринг.
"Стресс ва иймон" китобидан Умида Адизова тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қалбингиз ва руҳингизни қувватлантиринг