Болаларнинг ривожланиши ва руҳиятидаги 3 ёш кризиси

  • 10 декабрь 2019, 20:14
  • 1 378
  • Ҳаёт тарзи
  • Болаларнинг ривожланиши ва руҳиятидаги 3 ёш кризиси
    Бола ўсиши давомида бир даврдан бошқасига ўтаётганда кризис босқичини бошидан кечиради.

    Кўпчилик психологлар фикрига кўра, бу табиий ҳолат ва боланинг руҳий ривожланиши учун жуда ҳам зарурдир. Болада кризис 1 ёшда, 3 ёшда, 7 ёшда ва ўсмирликда бўлади. 3 ёшли болалардаги кризис пайтида нима қилиш кераклигини ҳамма ота-оналар ҳам билавермайди.

    Агар 3 ёшдан ошган фарзандингиз инжиқ, ҳамма таклифларга рад жавобини бераётган бўлса, у 3 ёш кризис даврини бошидан кечираётган бўлиши мумкин. Бу даврда бола ўзини онасининг бир қисми эмас, шахс сифатида қабул қила бошлайди. Ўзининг хоҳишлари, фикрлари борлигини тушуниб етади. Лекин, у ҳозирча ўзини қандай тутса ҳаммаси яхши бўлишини билмайди, тушунмайди. Шунинг учун ҳам жим турмаслик учун ҳамма нарса қилиши мумкин – тортишиши, йиғлаши, ғалва қилиши.
    Хўш, бу кризиснинг белгилари қандай?

    1. Негативизм. Яъни фарзандингиз ҳамма нарсага негатив реакция қилади,ҳаттоки ўзи яхши кўрган таомни таклиф қилсангиз ҳам рад жавобини эшитишингиз мумкин.

    2. Ўжарлик. Фарзандингиз ўз айтганида охиригача туриб олади. Салқин кунда юпқа кийим кийиш учун ёки сиз хоҳламаган бирор ишни қилиш учун жон-жаҳди билан курашиши мумкин. Бу ўжарликни қатъийлик билан аралаштирмаслигимиз керак. Қатъийлик яхши хулқ, яъни қатъиятли бола ўз хоҳлаганини талаб қилиши билан бирга катталарнинг фикрини инобатга олади. Ўжарлик эса шунчаки ўзи хоҳлаган нарса бўлишини талаб қилишдир, тушунтиришлар бефойда.

    3. Ўзбошимчалик. Бола ҳамма нарсани ўзи бажаришга, ўзи ҳал қилишга мустақил бўлишга интилади.

    4. Агрессивлик. Агар фарзандингиз боғчага борса, болалар билан уришиши, уларни хафа қилиши мумкин. Агар фарзандингизни ака-опалари бўлса, уларни бошқаришга, айтганини қилдиришга уриниши мумкин.

    Кризисни бошидан кечираётган бола ўз ҳаракатларидан ўзи азият чекади, лекин ўзини бошқара олмайди.

    Мутахассисларнинг айтишича, бу давр узоқ давом этмайди. Психологларнинг аксари бу бола ривожланиши учун зарур давр деб таъкидлашади. Чунки бу даврда болалар ўз фикрларини ўтказишни ўрганишади. Узоқ давом этмайдиган ушбу даврдан асабларимизни асраган ҳолда, бола руҳиятига зарар бермасдан ўтиб олишимиз учун қуйидагиларга амал қилишни тавсия этамиз:

    1. Бу кризис аксар болаларда учрайдиган табиий ҳолат эканини тушунинг. Яъни, мулойим фарзандингизнинг тарбиясизлиги юрагингизни ғаш қилмасин, фарзандингизни тўғри йўлга соламан деб жуда ҳам қаттиқ қўл бўлманг, асабийлашманг, уларни қаттиқ жазоламанг.

    2. Фарзандингиз мустақил нимадир қилишини қўллаб-қувватланг ва бу иши учун уни мақтаб қўйинг. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу даврда бола мустақилликка ўрганади. Шунинг учун фарзандингиз қилмоқчи бўлган ишларда имкон борича, хавфсиз шароит яратиб беринг. Натижа сиз хоҳлагандек бўлмаса ҳам, ишига аралашмасликка ҳаракат қилинг. Қаердир ифлосланар, балки идишлар синар, энг асосийси, бола соғлиги ва хавфсизлигидир.

    3. Ўзингизни хотиржам тутишга ҳаракат қилинг. Ҳаловатингизни йўқотганингизни кўрган фарзандингиз сизга ёқмаган ишида давом этади, агар сиз имкони борича, унинг қилган ишларига хотиржам муносабат билдирсангиз, бола ишини такрорлашга қизиқмайди ҳам.

    4. Болага танлаш имконини беринг. Бу даврда фарзандингиз ўзи хоҳлаганини қилишга ҳаракат қилади, баъзида қилмоқчи бўлган иши имконсиз бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолларда танловни олдиндан тайёрлаб қўйишингиз мумкин. Масалан, қизингиз совуқ кунда боғчага юпқа кўйлакчасини кийишни хоҳлаб қолмаслиги учун, 2 та қалинроқ кийимни аввалдан тайёрлаб қўйинг ва ундан қайси бирини кийишни хоҳлашишини сўранг. Бу даврда унинг фикри билан ҳисоблашишингиз кризис даврини осонроқ ўтишига ёрдам беради.

    5. Фарзандингизни тинчлантириш йўлини топинг. Болалар характери турлича бўлгани учун бу борада умумий маслаҳат бериш қийин. Шунинг учун фарзандингиз ғалва қилган вақтда ҳар хил усулларни синаб коринг. Фикрни чалғитиш ҳам кўп болаларда ёрдам бериши мумкин. Масалан, қаергадир боришни хоҳламаган фарзандингизга – меҳмонга қандай кийим кийиб боришни хоҳлаши ҳақида танлов беришингиз асосий масаладан чалғитиши мумкин. Ёки қўлини ювишни хоҳламаганида, қайси совун билан ювишни хоҳлаши каби танловлар.

    6. Йўқ дейишни ҳам билинг. Йиғлаб, ўжарлик қилаётган болага одатда фақат жим бўлиши учун ҳамма нарсага рухсат бериб юборамиз. Лекин, ҳатто кризис даврини бошидан кечираётган фарзандимизга ҳам асосий қоидаларни бузмасликларида қатъий турганимиз маъқул, токи у ёшлигидан оилавий қоидаларимизни билсин.

    7. Фарзандингизга кўпроқ меҳр ва эътибор беринг. Бизнинг маданиятда 3 ёш кризиси даври боланинг ака ёки опа бўлган даврига тўғри келиб қолади, натижада ота-она меҳри ва эътибори етишмаслиги кризис даврини ўтишини секинлаштиради ёки бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Агар сизнинг туғруқдан кейинги депрессия даврингиз катта фарзандингиз кризис даврига тўғри келса, ўзингизни қўлга олиб, сокин бўлишга ҳаракат қилинг.

    Фарзандингиз ўжар ва бошқариб бўлмас ёки, аксинча, ўзи ҳеч нарсага интилмайдиган бўлиб қолмаслиги учун унинг фикри ва хоҳиши аҳамиятли эканини кўрсатинг.

    Кичкинтойнинг мустақилликка бўлган ҳаракатини бақириш, сўкиш, уриш орқали тўхтатишга ҳаракат қилманг. Бу тарзда унинг ўжарлигини синдирмоқчи бўлишингиз фарзандингиз сизни эшитмай қўйишига ёки ўзига ишончи синишига олиб келиши мумкин. Бу ўткинчи давр фарзандингизнинг алоҳида шахс сифатида ривожланишининг биринчи босқичи. Ота-оналар бу даврда ўзларини қўлга олиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам уларни яхши кўришини амалда кўрсатиши жуда муҳим.
    РОЗАЛИЯ ГАБДУЛҲАКОВА

    Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

    Манба: Sof.uz

    » » Болаларнинг ривожланиши ва руҳиятидаги 3 ёш кризиси