Хорижда ишланган фильмлардан бирини кўриб ўтирибман. Икки ёш никоҳдан ўтаяпти: «…Ҳаётнинг бахтли ва бахтсиз, яхши ва ёмон дамларида ҳам, соғ ва бемор пайтларида ҳам ҳамиша бирга бўлишга қасамёд қиламиз…».
Улар жамоат олдида бир-бирларига ана шундай сўз беришди, аммо бунга қай даражада амал қилишади, буни ҳаёт кўрсатади…
Аслини олганда биздаги қонун талаблари бундан мустаҳкамроқ, шариат талабларининг моҳияти ўша қасамлардан чуқурроқ. Бироқ буни тушунган тушунади.
Яқинда таниш ҳуқуқшунос опа менга ғалати савол бериб қолди: «Бахтингизни ҳеч излаганмисиз?».
Тўғриси, жавоб беришга андак қийналдим. Сабаби, савол қай маънода берилгани ва моҳиятини англаёлмаётгандим. «Бахтингизни топганмисиз?», «Бахтлимисиз?» демоқчими?!
Жим қолганимни кўриб опанинг ўзи жавоб бера қолди:
– Ҳа, ҳамма бахтли бўлишга ҳақли, бироқ чинакам бахт уни излаганники, унга интилганники! Мабодо кимдир бахтсиз экан, унга ўзи айбдор.
Бу фикрга қўшилдим, чунки опа ҳақ эди. Кейин у киши бир оила мисолида ўзининг ҳақлигини яна асослаб берди.
…Анвар Шарифага кўнгил бериб уйланган. Аввалига турмушлари бинойидек эди – Шарифа эрига меҳрибон, Анварнинг ҳам хотинидан кўнгли тўқ, муомаласи жойида, меҳнаткаш, ораста…
Аммо нимадир бўлди-ю, ораларидан ола мушук ўтгандек, фарзандлари бўй етиб қолаёзганда муросалари бузилди. Уч фарзанд кўргунча яхши бўлиб келган Шарифа энди эрининг кўзига балодай кўрина бошлади. Ўтирса ўпоқ дейди, турса – сўпоқ… Баҳона – аллергия сабаб тез-тез нафаси қисиб қолаётгани…
Охири кундалик можаролар ажрашишгача бориб етди. Анварни на маҳалла-кўй муросага келтира олди, на қариндош-уруғ. Шарифа уч боласини етаклаб ота уйига кетди. Анвар эса кўп фурсат ўтмай бошқа бир аёлга уйланиб олди. Гўё шу билан ҳаммасига нуқта қўйилди…
Кошки эди шу билан масала ҳал бўлса?! Табиийки, эрининг дарров уйланиб олгани Шарифага ёқмади. Уни нега «ёқтирмай қолгани»нинг сабабини ҳам англагандек бўлди – Анвар кейинги хотини билан аввалдан таниш эди назарида…
Жаҳл устида қайнотасиникига бир-икки жанжал қилиб борди ҳам. Охири тақдирга тан берди чоғи, бормай қўйди. Аммо болалари бу ноҳақликка асло чидагилари келмасди. Айниқса, отаси бегона аёлни эъзозлаб, ўзларини камситаётганини сира ҳазм қилишолмасди. Улар Анварни ота демай, у ҳақда гапирмай қўйишди.
Янги ўқув йили олдидан Шарифа қўшнининг даласида роса тер тўкиб ишлади. Ахир болаларига мактаб учун кийим-бош олиши керак, уларни бир ўзи боқиб келаяпти.
Шундай кунларнинг бирида аммаси уни уришиб берди:
– Қара, далада ишлайвериб куйиблар кетибсан! Эринг эса ёшгина хотинини қучиб ўтирибди. Нима, болалар битта сеникими?! Уларни Анварнинг ёнига юбор, мактаб формаларини қилиб берсин!
Бу гап Шарифага ёқмади. Болаларга ҳам. Аммо аммаси оёқ тираб туриб олди. Умида ноилож синглиси Мавлуда ва укаси Шоҳрухни етаклаб ота уйига кириб борди.
Ҳовлидаги кароватда буваси ва бувиси кичик қизлари билан бирга овқатланиб ўтиришарди. Набираларини кўрган чолу кампирнинг негадир кайфияти бузилди.
– Ҳа, нега келдиларинг?! – писанда қилди буви. – Нима, онанг боқолмай қолдими?
Болалар жавдираб уларга қарашди.
– Нега бақраясанлар?! – яна шанғиллади буви. – Тинчгина яшаётувдик, сенлар келиб уйимизда жанжал қўпаяди энди. Онангнинг номи ўчган бу хонадонда, ўрнини ана – кўнглимдаги келин тўлдирган!
Умида шундагина ошхонада куймаланиб юрган «янги ойи»ни кўриб, ортига тисланди. Шу пайт қаердандир отаси пайдо бўлди-ю, ўдағайлай кетди:
– Нега келдиларинг?! Онанг билан ажрашганман, сенларга нима бор бу ерда?
Умиданинг хўрлиги келди. Қаршисидаги виждонсиз қариндошлари олдида ўзини ерга ургиси келмадими, укаси ва синглисининг қўлидан тортиб кўчага ошиқди. Бироқ Шоҳрух қўлидан юлқиниб чиқиб, отасининг рўпарасига борди.
– Бизга жой йўқ ерда анави нима қилиб юрибди бўлмаса?! – дея йиғи аралаш «янги ойи»га имлади у. Бундан бувининг фиғони ошиб, улар томон югурди. Қарғана-қарғана набираларини туртиб-нуқиб кўчага олиб чиқиб ташлади…
Шарифа дарвозадан йиғлаб кириб келган болаларидан бўлган воқеани эшитди-ю, уларни эргаштирганча эрининг уйига кириб борди. Бу пайтда Анвар ота-онаси билан бирга меҳмонга келган синглисини кузатаётганди.
– Сан-манга борган бўлсак, иккаламиз борганмиз, болаларда нима гуноҳ?! Нега уларни ҳайдайсиз?! – Шарифа Анварни кўриши билан бақира кетди. – Отасисиз ахир! Кунда келаётганмиди?! Нима, ҳовлига эга чиқиб олади деб қўрқиб кетдингизми?!
Бу гап Анварга оғир ботди. Бирдан жаҳл отига миниб, Шарифани ҳақоратлай кетди. Унга ота-онаси ва синглиси ҳам қўшилгач, Шарифа буларга бас келолмайман деб ўйладими, шартта ўзи келин бўлиб тушган уйга кириб, ўтириб олди:
– Ана энди мендан кўрасанлар! Бу уйда менинг ҳам ҳаққим бор. Ҳеч қаерга кетмайман энди!
Буни кўрган Анвар ғазабдан бўғриққанча ичкарига кириб Шарифани ура кетди. Уларни ажратишга югурган Умида ва Шоҳрухнинг ҳам юз-кўзи аралаш мушт туширди. Мавлуда эса қўрққанидан бақириб йиғлашди тушди.
– Тинч рўзғоримни бузган яшшамагурлар! Ҳе илоё оғзингдан қонинг келсин сенларнинг! – буви югуриб келиб Мавлудани итариб юборди. Кейин Шоҳрухнинг юзига чанг солди.
Умида катта бўлиб қолган, бу оиладагилардан яхшилик чиқмаслигини аллақачон англаб етганди. Шунинг учун калтак ва тепкилар зарбидан вужуди зирқираб оғриётган бўлса-да, бор кучи билан бувисини нари итариб, ерда эрининг тепкиларидан тўлғонаётган онасига ёпишганча бор овозда бақирди:
– Ойи, туринг, кетдик! Бу ердан кетамиз, туринг деяпман!
Кейин отасига юзланди:
– Бўлди, ойимни урманг! Кетамиз шу уйингиздан! Бу ерни энди елкамизнинг чуқури кўрсин!
Унинг ногоҳ янграган бу чинқириғи, ундаги шиддат, важоҳат Анварни ва онасини бироз ҳушёр торттирди, ортга чекинишга мажбур қилди. Бундан фойдаланган Умида йиғлаганча онасини кўчага судради. Шоҳрух эса бир бурчакда инқиллаб ётган Мавлудани етаклаб уларнинг ортидан эргашди…
Анвар улар шу кетишида бирор ерга шикоят қилса керак деб қўрққани тайин. Бироқ Умида онасини бундай ниятидан қайтарди:
– Уларга худонинг ўзи жазо беради! – деди шивирлаб.
Шу кўйи улар қайтиб у хонадонга боришмади. Ота уйида бахт эшиги ўзлари учун ёпилганидан тушкунликка тушмай, уни меҳнат ва билимдан излашди, унга интилишди.
Умида бугун олий тоифали шифокор, Мавлуда эса ўқитувчи. Шоҳрух ҳарбийликка қизиқарди. Ҳарбий хизматга кетди-ю, ўша ерда ишлаб қолди. Кейинроқ шу соҳа бўйича ўқиб ҳам олди.
Учови оиланинг нақадар азизлигини, уни йўқотиш қалбларга битмас жароҳат етказишини ўз аччиқ қисматлари мисолида кўргани учун бор меҳрини турмуш ўртоқлари ва фарзандларига беришди. Ёлғиз боши билан уларни вояга етказган Шарифа ҳам кексайганида дилбандлари эъзозида. Оилавий йиғилиб қолишганида Анвардан сўз очилгудек бўлса, Умида Шарифани қучоқлайди:
– Бизнинг отамиз ҳам, онамиз ҳам – сиз!
Турмуш бир текис кечмайди. Баъзан бировларнинг турмушига ҳавас қилсанг, яна бировиникидан ўкинасан киши. Турфа оилалар тақдири таҳлилига бериларканман, қўйди-чиқдиларсиз ҳаётни меъёрида ва ўз ўзанида оқаётган дарёга қиёслагим келади.
Турмуши бузилганларнинг кўпини кўрдим. Ажралишдан сўнг дилида илиқлик ва бахтиёрлик туйганларини шу пайтгача учратмадим. Аксинча, ҳар гал можаролашаётган томонлар ўртасида тирик етимликка мубтало этилган норасида гўдаклару талаш бўлаётган мулкка дуч келамиз.
Ҳаёт синовларига дош берганларгина бахтга эришади. Ҳаёт ўзи муаллим, нима дедингиз?!
Чиндан ҳам опа ҳақ: бахт – излаганники, унга интилганники!
Нилуфар НИЁЗОВА
Манба: Huquq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Вирус UFC ни дунёга танитди
Британияда 3 та ҳарбий база узра УУА парвози қайд этилди
"Пахтакор"нинг ўйини мутахассис нигоҳида: "Менимча, ғалаба учун эмас, бир очкони сақлаб қолиш учун ўйнади"
Асир: Украина аскарлари отишни интернетдаги видеолар ёрдамида ўрганишади
БААда исроиллик раввин ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон томони баёнот берди