12:33 / 14.06.2020
3 272

“Мен сизни декан десам, аслида институтга ректор экансиз-у”

“Мен сизни декан десам, аслида институтга ректор экансиз-у”
Ҳой, дўстим, яқинроқ келинг, ҳа-ҳа сиз, сизга гапираяпман, келинг бироз ҳасратлашайлик, мен тушган вазиятимни эшитинг ва нимадир денг, жилла қурса, далда бериш қўлингиздан келар. Бемалол жойлашиб ўтириб олинг. Тўғриси гапни нимадан бошлашни билмаяпман. Бошидан бошланг чайналмай, дейсизми,! Майли, унда эшитинг.

Биз аслида шаҳарнинг энг зич худудида икки хонали квартирада истиқомат қилардик. Турмуш ўртоғим, институтда дарс берардилар. Мен эса уйда, фарзандлар тарбияси билан банд эдим, шунингдек, магистратурада ўқийман. Бакалавр босқичини битирганимда домлаларим мени магистратурада ўқиб, университетимизга ишга келишим кераклигини қайта-қайта уқтиришди, айтишлиарича, мен анча қобилиятли эмишман.

Узр, кечиринг, бироз мақтангим келгандида. Майли қисқароқ қиламан. Хуллас, бир куни хўжайиним: “Диссертация ёзишим учун тинч жой керак, шаҳар четроғида бир ҳовлини уч ойга ижарага олдим, тугатгунимга қадар ўша уйда яшаймиз, тайёргарлик кўринг онаси,” дедилар. Мен бундан жуда қувондим, чунки ховлида яшаш ўз-ўзидан барчага ёқади.

Ўша ажойиб уйга кўчиб борганимизнинг учинчи куни қўшнилар йўқлашди. Улар самимий ва синчков экан анчайин. Ана энди секин асосий масалага ўтаман. Ҳовли дегани иш тугамас макон экан, энди билдим. Куни билан тиним йўқ, болалар, уй ишлари, дарсларим, хуллас, барчасига улгуришга уринардим. Разм солсам мендан бошқа оиламдаги ҳамманинг юзлари тиниқ, кайфиятлари жойида, иштаҳалари зўр, улар учун ҳақиқий дам олиш сиҳатгоҳидек бу уй гўё.

Шуларни ўйлаб бир кунимни ўзимга дам олиш куни деб эълон қилдимда, бирорта ҳам иш қилмадим. Зериккач, миямга ажойиб фикр келди, қўшниларимникига чиқаман, шундай дедимда болаларимни ўйнаётганидан фойдаланиб, ён қўшнимизникига тонгда пиширган пахлавамдан бир ликопча олиб чиқдим.

Дарвозадан кирдим-у, баҳри-дилим очилди, дарвозахонада бир-биридан чиройли анвойи гуллар кутиб олди, ҳовли ўртасида, ўрик дарахти тагида сўри, унинг бир ёнида райҳон бўлса бошқа томонларида атиргулларнинг турли хиллари очилиб хонадонга файз бериб турибди. Сўрида сузмадан қурт қилаётган қўшним мени кўрди-ю МИБчиларни кутиб олгандек, ҳаяжонланиб кетди. Кўришдик, сўрашдик, қўшнимнинг икки қизи дастурхон ёзиб дарров чой олиб келишди.

Энди самимий суҳбатимиз бошланаётган эди ҳамки, йўлнинг нариги томонидаги бўйи баланд қўшнимиз келиб қолди. Шунда мен ҳайратдан лол қолдим, ҳаётда менданда мақтанчоқ ва менданда кўп гапирадиган эзма одам бор экан. Мен унга бошқачароқ таъриф берган бўлардим - ғийбатшунослик институтининг миш-мишлар факультетининг декани! Жа унчаликмасдир, дейсизми, мана, ҳозир айтган гапларидан бирор сўзини қолдирмай айтаман сизга: “анави паст маҳалладаги Гулсара бор-ку, кеча эри билан қирғиндай жанг қилди, овсиним билан гаров ўйнадик ким ютиши ҳақида, яна мен ютдим, яъни Гулсара накаут бўлади девдим.” Гапларининг орасида шунақанги мириқиб кулардики, мен унинг сўзларигамас, кулишига кулдим.

Баҳонада бутун маҳалладаги янгиликлардан хабардор бўлдим: эмишки, Дилсорахоннинг пашшага аллергияси бормиш, уйга кириб қолса, ўлдирмагунча тинчимасмиш; Назирахон эса келини билан анча апоқ-чапоқ бўлиб қолганмиш, Меҳринисо аянинг сигири иккита туққанмиш..... эҳ-ҳе бунақа гаплардан қанча қанчаси айтилди, эслаб қололмадим. Бироқ охирги гапи жуда, жудуям қизиқ бўлди. Мени ўзимга ёмонлаяпти. Нима деди, дейсизми?

“Дилсўз, нега сиз ҳеч қўшниларга қўшилиб бундоғ гаплашиб ўтирмайсиз, вақтинчалик келган дегани ҳеч ким билан гаплашма деганими ё. Ҳамма қўшнилар сизни гапираяпти айланай, одамови экан, бировни менсимас калондимоғ экан деяпти сизни”, деса бўладими! Ўша ерда тилшунос бўлсамда, бир сўз тополмадим, ўзимни оқлашни ҳам билмасдим, ё бирор гап билан жавоб қайтаролмасдим. Вазиятни уй эгаси ҳазилга йўйиб юмшатди. Бу гапдан кейин у ерда кўп қола олмадим.

Болаларни баҳона қилиб чиқиб кетдим. Уйда хўжайиним илмий иши билан банд экан. Бордим-у ҳамма ишни четга суриб, бўлган гапларни айтиб бердим, аввалига роса кулдилар, кейин жуда соддалигимни айтиб, қўшниларникига баъзи-баъзида чиқиб туришимни маслаҳат берди. Мен эса ўша аёлнинг гапларини бир неча кун миямда таҳлил қилдим. Шундан кейин кўчага кўп-кўп чиқадиган, қўшнилар билан анча пайтгача гаплашадиган, киришимли бўла бошладим.

Улар билан суҳбат жараёнида иложи борича сипороқ бўлишга интилардим. Ичимда эса кимдир: эй бекорчи, бошқаларнинг ғийбатини қилгандан кўра дарсингни қил, болаларга ширинлик пишир, қиламан десанг, қааанча ишинг бор, дерди. Мен, бу қўшнилар дипломатияси, дея олардим холос.

Бир куни ўқишдан қайтаётсам яна ўша ғийбатшунослик факультети декани - қўшним рўпарамдан чиқиб қолди. Сўрашиб ўтиб кетмоқчи эдим, мени тўхтатди. “Хой, Дилсўзхон, бутун маҳалла сизни гапираяпти-я, энди унақамасда, куни билан ўқишда бўласизда, уйга келибоқ кўчага шўнғийсиз, қўшнилар билан гаплашиб турганингиз-турган. Хотинлар “бу келинни уйида иши йўқмикан” деб сизни гапиришаяпти” дейди бир туки қилт этмай. Аҳволимни тасаввур қилаётгандирсиз а?!

Шунда мен индамай кетишни лозим топмадим. “Биласизми,” дедим ўзимни хотиржам тутиб, “мен сизни декан десам, аслида институтга ректор экансиз-у” дедим. У “қанақа институт” деди ҳайрон бўлиб. “Ғийбатшунослик институти” дедимда бурилиб кетдим. Шу бўлди-ю, қўшнилар билан салом-аликдан нарига ўтмайман. Мен шунчаки самимий эканимни бошқалар билишини истагандим. Ким нима деб ўйлади, энди қизиқмас.

Хуллас, шунақа гаплар. Зерикиб қолмадингизми? Гапларимни ғийбатга йўйманг, мени тинглаганингиз, ҳамдардлигингиз учун ташаккур!

Муаллиф Дилором Бегматова

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » “Мен сизни декан десам, аслида институтга ректор экансиз-у”