
Каталониянинг ёш истеъдоди Пау Кубарси “Барселона” клуби шарафини ҳимоя қилар экан, 26 октябрь куни бўлиб ўтадиган “Эль-Класико” олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди. Унинг таъкидлашича, “Реал Мадрид”га қарши учрашув ҳар доим ўзига хос масъулиятни талаб қилади, аммо у бундай босимни ҳис қилмаётганини билдирди.
Ёш ҳимоячи ўтган мавсумдаги ўйинларни эслаб, жамоасининг салоҳиятини яна бир бор кўрсатишга тайёрлигини қайд этди:
“Биз ўтган мавсумда уларни тўрт марта мағлуб этганмиз. Бу орқали ‘Барселона’нинг қай даражада кучли эканини исботлаганмиз. Олдимизда янги синов, янги ўйин турибди. ‘Реал’ биздан реванш олишни хоҳлайди, аммо биз ўз ўйинимизга ишонишимиз керак,” — деди Кубарси.
Суҳбат давомида журналистлар унинг “Сантьяго Бернабеу”да ўйнаш бўйича фикри билан ҳам қизиқди. Кубарси бу саволга шундай жавоб берди:
“Класикони бутун дунё кузатади. Бу нафақат Испания, балки жаҳон футболидаги энг муҳим тўқнашувлардан бири. Лекин мен ҳеч қандай босим ҳис қилмаяпман. Аксинча, ‘Бернабеу’да ўйнашни ҳар бир футболчи орзу қилади. У ердаги атмосфера бутунлай бошқача, лекин бу биз учун илҳом манбаи ҳисобланади.”
Ёш ҳимоячи шу билан бирга мухлисларга жамоа ғалаба учун майдонга чиқишини ва “Барселона”нинг кучли руҳи ҳамон сақланиб қолаётганини билдирди.
Маълумот учун, Испания Ла Лигасининг 10-туридаги “Реал Мадрид” ва “Барселона” баҳси 26 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 20:15 да старт олади. Бу ўйин ҳар икки жамоа учун ҳам мавсумнинг энг муҳим беллашувларидан бири бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!