14:24 / 12.01.2021
2 836

Инсульт ўтказган бемор ва унинг яқинларига 10 та масҳалат

Инсульт ўтказган бемор ва унинг яқинларига 10 та масҳалат
1. Авваломбор бемор атрофида соғлом психологик муҳит яратилиши керак. Тузалишга оптимистик руҳда бўлган бемор пессимист беморга қараганда анча тез тузалган ва хатто аввалги ишига қайтган. Буни менинг ўзим ҳам кўп бора кузатганман. Оптимизм, оптимизм ва яна бир бор оптимизм!

2. Инсульт ўтказган беморда энг катта муаммо – бу тананинг бир томонида ҳаракат чегараланиб қолиши ва нутқ бузилиши (ҳаммасида ҳам эмас). Нутқ фақат инсон учун хос бўлган энг олий неъмат. Демак, беморнинг нутқини тиклаш билан албатта шуғулланиш керак. Бу иш билан шу соҳани биладиган нейропсихолог ёки логопед шуғулланади. Бемор атрофдагиларнинг гапини тушунса ва ўзи ҳам гапириб бошласа, унинг кайфияти кўтарилади, қон босими меъёрга тушади ва оёқ-қўллардаги фалажликлар ҳам орқага чекиниб бошлайди.

3. Бемор жойлашган хона кенг ва озода бўлиб унга қуёш нури тушиб туриши керак. У билан доимо яхши воқеалар ҳақида суҳбат қуриш ва тузалиб кетишига ҳар доим ишонч туғдириб яшаш лозим.

4. Бемор тананинг ҳаракатсиз томонига суяниб ухлаб қолмаслиги керак, акс ҳолда фалажланган оёқ-қўл тикланиши суст кечади, баъзида суяк синиши рўй бериши мумкин.

5. Енгил хазм бўладиган овқатлар истъемол қилиш лозим. Овқат рационида мева-сабзавотлар, кўкатлар кўп бўлишига ҳар доим эътибор қаратиш керак. Инсульт ўтказганларда қабзият қўп кузатилади. Қабзият – нафақат иштаҳа бузилиши, балки қоннинг қуюқ бўлиши, қон босим ошиши ва тунги безовталиклар сабабчисидир. Бемор катта таҳоратга бир кунда камида икки маротаба чиқиши лозим.

6. Оилада танометр бўлиши ва оила аъзоларидан бирортаси қон босимни ўлчашни ҳамда укол қилишни билиши лозим. Уйда қон босим ошиб кетса, уни туширадиган зарур дорилар ҳар доим бўлиши керак.

7. Инсультнинг асосий сабаби қон босим ошиши, қон қуюқлашуви ва қонда холестерин миқдори ошиши бўлганлиги боис, қон босимни туширувчи, қонни суюлтирувчи (масалан, таркибида аспирин сақловчи) ва холестерин миқдорини камайтирувчи дориларни врач кўрсатган дозада ва кўрсатилган муддатгача қабул қилиб юриш керак. Бу кўрсатмаларга амал қилинса инсульт яна бир бор қайталанишига чек қўйилади.

8. Инсульт ўтказган беморлар учун жисмоний машқлар мавжуд. Уларни реабилитолог маслаҳатларига асосланиб қилиб туриш керак. Ҳозирда турли хил компьютерлаштирилган креслолар ҳам мавжуд. Уларда махсус дастурлар бор. Ўша дастурлар асосида фалажланган ва соғлом оёқ-қўлни бир хил ҳаракатлантириб кўп натижаларга эришиш мумкин.

9. Бўйин қон томирларини ультратовуш текширувидан ўтказиб туриш керак. Чунки бу томирлар мияга қон олиб борувчи асосий томирлар бўлиб, уларнинг ички деворига холестерин тўпланиб торайиб бориши инсульт ривожланишига сабабчи бўлади. Кимки 40 ёки 50 ёшдан ошган бўлса, бундай текширувдан ўтиб туриши инсультнинг олдини олишга ёрдам беради.

10. Бемор туриб юришни бошладими, бу жараённи ҳеч тўхтатмаслик керак. Баъзи беморларнинг оёқ-қўлларида куч пайдо бўлса-да, юришга чўчишади. Қўлтиқоёқда бўлса ҳам юриш керак. Албатта беморнинг ёнида ҳар доим бақувватроқ одам ҳам юриши лозим. Агар ҳар куни хонада ёки ҳовлида юришни давом эттираверса, бу бемор учун катта ютуқ. Қачон юриб бошлаш мумкинлигини Сизни кузатаётган врач албатта айтади ва Сиз унинг тавсияларига албатта амал қилишингиз керак! Соғайиб кетинг!

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Инсульт ўтказган бемор ва унинг яқинларига 10 та масҳалат