date

“Реал” афсонаси, машҳур дарвозабон ҳаётдан кўз юмди

“Реал” афсонаси, машҳур дарвозабон ҳаётдан кўз юмди

Футбол оламининг юракларни ларзага солган хабари – “Реал Мадрид” ва Испания терма жамоасининг собиқ афсонавий дарвозабони Хосе Аракистайн 88 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда мадридлик клубнинг расмий сайти орқали маълум қилинди.

“Қироллик клуби”нинг расмий баёнотида таъкидланишича, клуб президенти ва директорлар кенгаши жамоа тарихида ўчмас из қолдирган Хосе Аракистайннинг вафоти муносабати билан чуқур қайғуда. Шунингдек, клуб марҳумнинг яқинлари, оила аъзолари ва дўстларига самимий таъзия изҳор этди.

Аракистайн профессионал фаолиятини ўз юртидаги “Реал Сосьедад” клубида бошлаган. 1956–1961 йиллар мобайнида ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилган тажрибали посбон кейинчалик “Реал Мадрид”га ўтиб, 1968 йилгача “қироллик клуби” сафида тўп сурди.

Мадридликлар таркибидаги етти мавсумда у 97 та расмий учрашувда дарвозани қўриқлаб, олти марта Испания чемпиони бўлди, бир марта мамлакат кубогини қўлга киритди. 1966 йилда эса “Реал” билан Европа чемпионлари кубогини ютиб, ўз номи билан тарихга муҳрланди.

Фаолиятининг сўнгги йилларини у “Эльче” ва “Кастельон” клубларида ўтказди. Шу билан бирга, Хосе Аракистайн Испания миллий жамоаси сафида ҳам тўп суриб, 1962 йилда Чилида ўтган Жаҳон чемпионатида иштирок этди.

Унинг 1973 йилда якунланган профессионал фаолияти футбол мухлислари ёдидан ҳеч қачон чиқмайди. Аракистайн нафақат ўзининг маҳоратли сейвлари, балки фидойилик ва садоқати билан ҳам миллионлаб мухлисларнинг қалбида ўчмас из қолдирди.

Футбол олами унинг номини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Реал” афсонаси, машҳур дарвозабон ҳаётдан кўз юмди