Фото: Google Photos
Қон босими нима? У ҳақда нималарни билиш керак? Уни меъёрда ушлаш учун нималарга амал қилиш керак. «Дарё» ушбу мавзуда қизиқарли маълумотларни келтиради.
Қон босими — томирларда оқаётган қоннинг шу томирлар деворига кўрсатадиган босими (тазйиқи). У юрак иши ва томирлар деворининг қаршилиги туфайли вужудга келади. Артериялар ичида артериал, капиллярлар ичида капилляр ва веналар ичида веноз босим бўлади. Қон босими қоннинг томирлар системаси бўйлаб оқишига имкон беради ва шу билан организм тўқималарида моддалар алмашинувини таъминлайди.
Артериал босимнинг (АБ) юқори ёки паст бўлиши, асосан, юрак қисқаришларининг кучи ва юракнинг ҳар қисқарганда томирларга ҳайдайдиган қон миқдори, томирлар (айниқса, периферик томирлар) деворининг қон оқимига кўрсатадиган қаршилиги ва камроқ даражада вақт бирлигида юрак қисқаришларининг сони билан белгиланади. Айланиб юрадиган (циркуляция қиладиган) қон миқдори, унинг ёпишқоқлиги, босимининг нафас олишга боғлиқ бўлган қорин ва кўкрак қафаси бўшлиғидаги ўзгаришлари ва бошқа омиллар ҳам АБ нинг юқори ёки паст бўлишига таъсир кўрсатади. Юракнинг чап қоринчаси қисқарганда (систола) АБ максимал даражага етади.
Бу жараёнда юракдан 70 мл қон отиб чиқарилади ва бу қон бирданига майда қон томирлари (айниқса, капиллярлар) орқали ўтиб кетолмайди. Шунинг учун, эластик аорта кенгаяди, ундаги босим (систолик босим) эса ортади. Артерия, вена ва капиллярларда қон босими турлича бўлади. Юракдан узоқлашган сари қон босими пасайиб боради (аортада анча юқори, капиллярларда бирмунча паст, веналарда анча паст бўлади). Катта одамда нормал артериал босим 100-140 мм симоб устуни (систолик босим) га ва 70-80 мм симоб устуни (диастолик босим) га тенг бўлади. Бу босимлар фарқи пулс босими дейилади.
Организмдаги бирор-бир иллат туфайли қон босими ушбу кўрсаткичдан кўтарилиши ёки пасайиши мумкин. Юрак қоринчаларининг қисқаришлари орасидаги пауза (яъни диастола) вақтида кенгайган қон томирлари (аорта ва йирик артериялар)нинг девори қисқара бошлайди ва қонни капиллярларга ҳайдайди. Қон босими аста-секин пасаяди ва диастола охирида минимал даражага тушади (аортада 90 мм симоб устуни, йирик артерияларда 70 мм симоб устуни атрофида бўлади).
Гипертония келиб чиқиши сабаблари
Касалликнинг ривожланиш сабаби узоқ вақт давомида стресс ва тушкунлик ҳолатида юриш, тез-тез психологик зўриқишлардир. Кўпинча буларни доимий эмоционал тарангликни талаб этадиган иш фаолияти келтириб чиқаради. Бундан ташқари, мия чайқалишига учраган беморларда ҳам касаллик ривожланиши хавфи юқори бўлади. Ирсий мойиллик ҳам сабаблар қаторида: агар кишининг авлодида бу касаллик учраган бўлса, унда ҳам ушбу касаллик ривожланиши хавфи бир неча баробарга ортади.
Касаллик ривожланишига таъсир ўтказувчи омиллардан асосийси — бу камҳаракат турмуш тарзидир. Ёш ўтиб боргани сари инсонларда атеросклероз ривожланиши мумкин, бу ўзгариш фонида қон босимининг ошиши эса вазиятни янада жиддийлаштириб юборади. Бу ҳаёт учун ўта хавфли ҳисобланади, чунки торайган қон томирлар орқали мия, юрак, буйракларнинг бир қисмига қоннинг бормай қолиши ёки етарлича бормаслиги кузатилади. Агар қон томир деворларида тромб ва холестерин тўпланмалари бўлса, улар кучли босим вақтида ажралиб, капилляр қон томирларда тиқилиб, қон ўтишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бу ҳолда миокард инфаркти ёки инсульт юзага келади.
Қон босими баланд бўлишининг олдини олиш учун, аввало, унинг сабабини синчиклаб текшириб кўриш лозим. Мабодо босим ташқи муҳит салбий таъсирлари сабабли кўтарилаётган бўлса, бемор тинчланиш чораларини кўриши, салбий омилни бартараф этишга ҳаракат қилиши керак.
Таомномага сервитамин, минералларга бой бўлган ва касалликка қарши курашишга ёрдам берувчи маҳсулотлардан кўпроқ киритиш даркор. Уларга:
- Сабзавотлар;
- Мевалар;
- Резаворлар;
- Кўкатлар;
- Сут маҳсулотлари;
- Парҳезбоп гўшт;
- Ловия;
- Гуруч, гречка кабилар киради.
Тандирдан узилган янги нон ўрнига бир-икки кун турган нонни истеъмол қилиш фойдали. Қон босими юқори юрадиган беморларга ош тузи истеъмолини камайтириш тавсия этилади.
Эрталаб ўрнингиздан тургандан кейин ошқозон-ичак, жигар ва буйраклар учун фойдали бўлган неъматлардан истеъмол қилинг. Наҳорда бир пиёла қайнатилган илиқ сув ичиш организмни заҳарли моддалардан тозалайди. Эрталаб кузатиладиган беҳузурлик ҳолатидан, кексаларга азият берувчи қабзиятдан сақлайди.
Нонуштада қатиқ ёки творог, чой ўрнига ўрикли дамлама, мевалар, тушликка эса лавлагидан тайёрланган салат, кўпроқ димлаб, буғда пиширилган таомлар истеъмол қилиш буюрилади. Нонни камроқ ейиш лозим. Овқатга камроқ туз солиш, қовурилган, зираворли, қўй гўшти солинган овқатлардан воз кечишга тўғри келади. Ҳафтасига 1-2 марта балиқ, товуқ гўштидан тайёрланган таомлар истеъмол қилиш лозим.
Бобур Субҳонов тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Абдусалом Азизов Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ўтказилди
Германия йил охиригача Украинага яна иккита ИРИС-Т ҳаво мудофаа тизимини етказиб беради
Филиппинда амалдор президент ва рафиқасини ўлдириш учун қотил ёллади
Максим Шацких "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?
Хонанда Муниса Ризаева илк марта она бўлди