Интернетни забт этган оқ шер — Луна барчани ҳайратда қолдирди

Жанубий Кореядаги ҳайвонот боғида яшовчи Луна лақабли оқ шер сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларнинг энг машҳур жониворларидан бирига айланди. Унинг бетакрор қиёфаси, айниқса мовий-кулранг кўзлари, узун киприклари ва ниҳоятда нафис кўриниши миллионлаб фойдаланувчилар эътиборини тортмоқда.
Лунанинг суратлари ва видеолари қисқа вақт ичида интернетда кенг тарқалиб, турли платформаларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўпчилик уни ҳатто Дисней мультфильмларидаги қаҳрамонларга ўхшатиб, “эртакдан чиққан шер” деб атамоқда.
Айрим фойдаланувчилар эса унинг ноодатий кўринишини кўриб, бу тасвирлар сунъий интеллект ёрдамида яратилган деб ўйлашган. Бироқ мутахассислар ва ҳайвонот боғи ходимлари Луна ҳақиқий жонивор эканини тасдиқлаб, унинг ноёб генетик хусусиятлари билан ажралиб туришини таъкидлашмоқда.
Ҳозирда Луна нафақат ҳайвонот боғи меҳмонлари, балки бутун дунё интернет фойдаланувчилари учун қизиқиш марказига айланган. Унинг ҳар бир янги видеоси ва сурати минглаб лайк ва изоҳлар йиғиб, ижтимоий тармоқларда тренд бўлишда давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!