Бу ҳафта осмонда ноёб мовий ой кўриниш беради

Дунё бўйлаб миллионлаб осмон ихлосмандлари шу ҳафта охирида кам учрайдиган астрономик ҳодисалардан бири — “Мовий ой”ни кузатиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Мутахассислар маълумотига кўра, 31 май куни кузатиладиган тўлин ой календар бўйича мовий ой ҳисобланади. Бундай ҳодиса бир календар ойида иккита тўлин ой содир бўлганида юз беради ва ҳар икки-уч йилда бир марта такрорланади.
Номига қарамай, Ой аслида мовий рангга кирмайди. “Мовий ой” атамаси фақат астрономик тушунча бўлиб, иккинчи тўлин ойни англатади. Бироқ тарихда айрим вулқон отилишлари оқибатида Ойнинг ҳақиқатдан ҳам мовий тусда кўринган ҳолатлари қайд этилган.
Бу галги мовий ой яна бир ўзига хос хусусиятга эга бўлади. У йилнинг энг узоқ тўлин ойи — микроой сифатида ҳам кузатилади. Шу боис Ой одатдагидан бироз кичикроқ кўринса-да, бу фарқни оддий кўз билан сезиш қийин.
Астрономларнинг таъкидлашича, мовий ойни кузатиш учун махсус ускуналар талаб этилмайди. Уни очиқ осмон остида оддий кўз билан ҳам томоша қилиш мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!